«МЮ» – «РЕАЛ»: СУПЕРКУБОК МАДРИДДА ҚОЛАДИМИ?

mu-real

 Жорий ҳафтада Германия, Англия, Португалия клублари,  шунингдек, Чемпионлар лигаси ва Европа Лигаси ғолиблари Суперкубоклар учун “жангга” киришади. Демак, “Эрудит СПОРТ” нашри ҳафтанинг шиддат кафолатлаган қуйидаги тўрт Суперкубогини ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:

 УЕФА Суперкубоги

“Реал” Мадрид – “Манчестер Юнайтед” (8 август, 23:45)

ТВ-трансляция: «UzReportTV», Futbol TV, Mатч ТВ

Ўзаро учрашувлар: 12 матч;

Трансфер қиймати:

“Реал” Мадрид – “Манчестер Юнайтед”

714,80 млн. VS 523,85 млн.

Сўнгги учрашув: 1:1

Хабарингиз бор, ҳар икки жамоа Халқаро чемпионлар кубоги баҳонасида чигалини ёзди. Ўша учрашувда ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқлангани ҳам эътиборга молик. Ҳар икки клуб мураббийи асосий вақтда дуранг қайд этилган матчда қўл остидаги барча ўйинчига имкон берди. Ўз-ўзидан Суперкубок умуман бошқа масала.  Унда олма пиш, оғзимга туш, деб қўл-қовуштириб ўтириш ярамайди. “Қироллик клуби” УЕФА Суперкубогида кетма-кет уч марта иштирок этаётган иккинчи клубга айланмоқда. “Манкунианлар”да бунинг аксини кузатиш мумкин. “Юнайтед” шу кунгача уч бора мазкур мусобақа ҳавосидан баҳраманд бўлган. Бироқ уларнинг иккитасида омадсизликка учраган. Ўз вақтида “Зенит” ва “Лацио” Премер лига вакилини доғда қолдирганди. Бундан ташқари, томонлар ҳозиргача Чемпионлар лигаси ҳамда Чемпионлар кубоги миқёсида беш бора тўқнашган бўлса, уларнинг тўрттасида “Реал” рақибини турнирдан чиқариб юборган. Хўш, Зидан “Қироллик клуби”га тўртинчи Суперкубокни келтирадими ёки Моурино йигирма олти йиллик танаффусдан кейин Манчестрга кубок билан қайтади?

Германия Суперкубоги

“Боруссия” Дортмунд – “Бавария” (5 август, 23:30)

Ўзаро учрашувлар: 5 матч;

Трансфер қиймати:

“Боруссия” Дортмунд – “Бавария”

408,98 млн. VS 603,40 млн.

Сўнгги учрашув: 0:2

Олти йилдирки, “Немис машинаси” Суперкубокдаги иштирокини канда қилмайди. Қизиғи, ўша финалларнинг фақат иккитасида ғалабани тантана қилган, тўрттасида даврани рақибга бўшатиб беришга мажбур бўлган. Худди шундай “Тукли арилар” ўтган олти мавсумнинг бештасида Суперкубокка қўл узатиб, уларнинг иккитасида “олтин” медални қўлга киритишнинг уддасидан чиққан. Умуман олганда, Дортмунд ва Мюнхен клублари ўртасидаги беш беллашувга назар солсак, “Боруссия”нинг устунлиги кўзга ташланади. Яъни, уч ғалаба ва икки мағлубият. Италиялик мутахассис Карло Анчелотти ғалабани мюнхенликлар томонига оғдирса, статистика ҳам яхшиланади. Эсингизда бўлса, “Карло ота”нинг ўтган мавсумдаги “почин”и омадли чиқиб, дортмундликлар таслим этилганди. Бир вақтнинг ўзида мутахассис Петер Бос ҳам карерасидаги илк кубокни боши узра баланд кўтаришга уриниб кўради. Янги мураббийнинг қўлидаги “қарталар” ҳали очилмагани ҳисобга олинса, “Бавария” фанатларининг ҳафсаласини пир қилиши эҳтимоли бор.

Англия Суперкубоги

“Арсенал” – “Челси” (6 август, 18:00)

Ўзаро учрашувлар: 3 матч;

Трансфер қиймати:

“Арсенал” – “Челси”

575 млн. VS 642,05 млн.

Сўнгги учрашув: 1:0

Жорий йилда 95-маротаба ўтказилувчи турнирда ўн уч карра Суперкубок соҳиби “Тўпчилар” бу борада тўрт ғалабани нақд қилган “Аристократлар”га қарши майдонга тушади. “Арсенал” мураббийлик постини сақлаб қолган Венгер сўнгги мавсумда жамоа фанатларининг кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ “Челси” нинг оғзидаги ошини тортиб олганди. Аммо бу Арсен оға ҳамкасби Контега қарши галдаги тўқнашувда жиддий қаршиликка дуч келмайди дегани эмас. Ўз навбатида, “Кўклар” ишқибозлари ҳам реваншни интиқлик билан кутаётгани бор гап. Томонлар Суперкубок доирасида икки марта куч синашган, уларнинг бирида “Челси”нинг, иккинчисида “Арсенал”нинг қўли баланд келган. Айни дамда икки мутахассис ҳам таркибига янги ижрочиларни жалб қилган. Ким жамоани шакллантиришга улгурган бўлса, марра уники. Лекин шуниси аниқки, меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам “жим” қараб турмайди. Хуллас, футбол ихлосмандлари Лондон клублари иштирокида қизиқарли дерби ва дуэлнинг гувоҳига айланади.

Португалия Суперкубоги

“Бенфика” – “Витория Гимарайнш” (6 август, 00:45)

Ўзаро учрашувлар: 122 матч;

Трансфер қиймати:

“Бенфика” – “Витория Гимарайнш”

171,55 млн. VS 26,38 млн.

Сўнгги учрашув: 5:1

Суперкубок Кандиду ди Оливейра, деб номланган Португалия Суперкубоги ҳам мухлису мутахассислар диққат марказида. Айниқса, грандларга футболчилар етказиб берувчи жамоаларнинг тўқнашуви скаутлар учун айни муддао. Унда қаторасига тўрт финалда иштирок этаётган “Бургутлар” ўзидан 6 баробар арзон таркибга эга “Забт этувчилар” билан кубок масаласига ойдинлик киритади. Лигадаги энг кўп легионер хизматидан фойдаланувчи “Бенфика”нинг энг кўп маҳаллий ўйинчиларга имкон берувчи “Витория”га қарши баҳси тўқнашувларга бой бўлиши кутилмоқда. Тўғри, брагаликлар “Бургутлар”га қарши ўн ўйинда муносиб қаршилик кўрсата олмаган. Шунинг учун “Витория” финалда рақибидан устун келиш учун бор кучини ташлайди.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ, «Эрудит СПОРТ» газетаси.

2 Фикрлар "«МЮ» – «РЕАЛ»: СУПЕРКУБОК МАДРИДДА ҚОЛАДИМИ?"

  1. Сарвар Бакиев | 04.08.2017 в 19:01 |

    Mana shu uyinni anchadan buyon kutapmiz! Man Utd Realga kim aslida kim ekanligini kursatishi kerak! Pogba Ronalduga dars utaydi.

  2. Admin aloqaga chiqing iltimos.
    +998979114065. Telegram

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*