ЖОНЛИ ИЖРОГА ТАЙЁРМИСИЗ, ЖАНОБ БАБАЯН?

uzb-milliy

Азамат Абдураимовнинг 1994 йилги Осиё ўйинларида Жанубий Корея дарвозасига урган голини эсласангиз керак. Ўзбекистон финалга чиқиши учун имконият деярли йўқ эди, деб эслайди отам. Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов мураббийлик қилган жамоанинг гуруҳдан чиқиб олганиёқ кўпчилик учун катта воқелик бўлган бир пайтда, футболчилар қитъанинг энг кучли дея эътироф этилаётган жамоасини ҳам мағлуб эта олганди.

Бутун учрашув кореяликлар устунлигида ўтди. Юрий Шейкин дарвозаси олдида юзага келган вазиятлар қандайдир мўжиза туфайлигина Ўзбекистон дарвозасининг ишғол этилмаслиги билан тугайверган. Ва ниҳоят биттагина аниқ зарба жамоамизни финалга олиб чиққанди. Мана шундай бир пайтда кореяликларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Агар ўша учрашув яна беш марта ўтказилса, ҳаммасида Кореянинг қўли баланд келиши катта эҳтимол. Бироқ ютилиши керак бўлган ўйинни фаворит бой бериб қўйди. Даҳшатли ярим финални бошдан кечирган Ўзбекистон эса финалда Хитойни ўз измига сола билди.

1999 йил Маҳмуд Раҳимов жамоаси узоқ йиллар давомида ёддан чиқмайдиган учрашув ўтказди. Амирлик термасига қарши беллашув бор-йўғи Осиё кубогининг саралаши доирасида эди, тўғри. Бироқ ундаги вазият ва шароитдан келиб чиқиб, қозонилган ғалаба ўша саралашни пешқадам сифатида якунлаган футболчиларнида салкам қаҳрамон даражасига кўтарди.

БАА саралаш ўйинларига мезбонлик қилган мамлакат сифатида Осиё кубогига ягона йўлланмани ютиб олиш учун асосий фаворит саналарди. Тақвим шундай тузилдики, унда Амирлик термасининг асосий рақиби Ўзбекистон қоқилиши учун барча чора кўрилди. Саккиз кун ичида тўртта ўйинда майдонга тушиш ҳазилакам иш эмас, бундай ҳолатда фақат Осиёда бўлиши мумкин. Рақиблар эса босқичма-босқич кучайиб бориши керак эди. Аввалги тўрт кунда Бангладеш ва Шри-Ланка термалари бир хилда — 6:0 ҳисобида таслим қилинди. Олтинчи кундаги учинчи ўйиннинг ўзиёқ футболчиларни толиқтирганди. Бу нарса Ҳиндистон билан ўйинда ҳам сезилди — 3:2. Ғалаба келтирган голлар ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида киритилди. Ҳиндистон бир тур аввал дам олгани учун ҳам, унга қаршилик кўрсатиш Раҳимов жамоасидан катта куч талаб қилди.

Ва ниҳоят сўнгги учрашув мезбон БАА термасига қарши. Буни қарангки, мезбонлар ҳам Ўзбекистон билан ўйин олдидан битта турни ўтказиб юбориб, анча тикланиб олишганди. Биз эса саккизинчи кундаги тўртинчи учрашувда майдонга тушдик. Энди ҳис қилгандирсиз ўша ғалаба нега узоқ муддат ёддан чиқмаслигини. 71-дақиқада Миржалол Қосимовнинг ажойиб тўп узатмасини Максим Шацких голга айлантирди — Ўзбекистон Осиё кубогида!

Вадим Абрамов мураббийлик қилган жамоа 2012 йил Япониядан ғалаба билан қайтган кунни эслаймиз. Марҳум Шадрин томонидан урилган гол ва яна бир тарихий ғалаба. Японлар учун ғалаба у қадар керак эмасди, дерсиз. Бироқ кунчиқар юрт термаси ўз майдонида мағлуб бўлишни ҳар қандай вазиятда ҳам ор деб билади. Тожикистонга қарши беллашувда етакчи футболчилар сариқ карточкалар олиб, Японияга қарши ўйинни қўйиб юборадиган бўлганди. Шунга қарамай, асосий футболчиларсиз ўйнаган Ўзбекистон термаси Япониядан 3 очко олиб қайтди.

2012 йил Миржалол Қосимов мураббийлик қилган жамоада ҳам тарихий ғалаба қайд этилди. Бунга қадар вакилларимиз форслардан устун келишни уддалай олмаганди. Ўша Тожикистонга қарши ўйиндаги айёрликни ФИФА кечирмагани, асосий футболчилар Япониядан кейин Эронга қарши ўйинни ҳам қўйиб юборгани, ҳакам яққол голни инобатга олмагани форсларнинг Тошкентдан ғалаба билан қайтишига, Вадим Абрамовнинг эса истеъфосига сабаб бўлганди.

Жавоб ўйинида Қосимов бошчилик қилган жамоа “Озоди” стадионида 3 очко ишлаб олди. Стандарт вазият, Улуғбек Бақоевнинг 71-дақиқадаги голи. Биз унгача ҳам, ундан кейин ҳам Эронни қайтиб мағлуб эта олмадик.

Тўғри, кейинроқ Ўзбекистон барибир 2014 йилги Жаҳон чемпионатидан четда қолди. Амирликлардаги қаҳрамонликдан кейин Осиё кубоги биз учун шармандали ўтгани ҳам рост. Абрамовнинг Япониядаги ғалабаси деярли чангга айланиб кетди. 1994 йилги ғалабадан кейин эса Ўзбекистон термаси катта ғалабаларга қайтиб яқинлашмади.

Бироқ ўша 90 дақиқали ўйинлар хотирамизда узоқ муддат сақланиб қолди. Мен буни нега эсладим? 12 июнь куни Бабаян жамоаси худди юқоридагилар каби синовдан ўтади. У ҳар сафар қўли остидаги жамоа тарихдаги энг кучлиси экани ҳақида айтиб келади. Мен бу фикрга умуман қўшилмаганман. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам кучли ирода, метин ҳимоя, яхши тактика ва футболчилар кўзидаги ўт тарихий ғалабаларга сабаб бўлиши мумкинлигига ишонаман. Ҳозир бутун Ўзбекистон футболчилардан умидвор, бунга яна тўрт кундан кейин жавоб бериш керак. Марҳамат, жаноб Бабаян, навбат сизники.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.       

2 Фикрлар "ЖОНЛИ ИЖРОГА ТАЙЁРМИСИЗ, ЖАНОБ БАБАЯН?"

  1. Babayan umuman murabbiy emas. Bu yerda hamma gap UFF da. UFF va PFL futbolimizdagi 25 yil davomida yigilib qolgan muammolarn yaqqol kora bila turib hich nimani yaqqol hal qilmayapti. Mana bizani futboldagi asosiy va har doimgi mavjud muammolar UFF va PFLlarda mani shaxsiy fikrimcha oz ishini profissional ustalari ishlamayapti. UFF prezidenti MUZ yaxshi tadbirkor katta biznesmen bolishi mumkin lekin man ulani intervyularini oqib futbolli f harifini tushumaslilarini darhol tushunganidim.

  2. Islom (fanat Milan Navbahor) | 15.06.2017 в 05:12 |

    Vertkal gorizontal yana allambalo taktikamiz… eeeee taktikangayammm Baba yuqooollll

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*