БРАЗИЛИЯ АРГЕНТИНА, ФРАНЦИЯ АНГЛИЯГА ҚАРШИ

Arg Bra

“Эрудит СПОРТ” нашри қуйида эътиборга молик саккиз жамоа иштирокидаги тўрт учрашувнинг превьюси билан таништиради.

Аргентина        VS      Бразилия

ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР: 112 МАТЧ

41 ҒАЛАБА       26 ДУРАНГ      45 ҒАЛАБА

ЎЙИН ВАҚТИ: 9 июнь, 15:05

СЎНГГИ УЧРАШУВ:

Аргентина – Бразилия 0:3

ЖАМОА ЕТАКЧИЛАРИ:

Анхел ДИ МАРИЯ (50 миллион евро)

Филипе КОУТИНО (45 миллион евро)

ЖАМОА ҚИЙМАТИ:

Аргентина – 553,40 миллион евро

Бразилия – 358,35 миллион евро

Ўйин ҳақида:

Шуни айтиш керакки, томонлар иштирокидаги ўртоқлик учрашувлари камёб ҳодисалар сирасига киради. Бир асрдан зиёд муддатда термалар 26 бор ўртоқлик учрашуви ташкил қилган. Бошқача айтганда, ўртача 4 йилда бир марта бундай ўйинлар ўтказилади. Хабарингиз бор, яқинда Аргентина термасининг бошқаруви мураббий Хорхе Сампаолига ўтди. Ўз-ўзидан мутахассис дебюти муваффақиятли чиқишидан умидвор ва тайёргарликни шунга яраша қилади. Бундан ташқари, сўнгги уч қарама-қаршиликда “Тўп сеҳргарлари” юртининг қўли баланд келган. Бир-бирини “кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ” термалар ўртасидаги бундай натижа “Кумушли юрт” футболчиларини ҳам қаноатлантирмайди. Ўз навбатида, Тите қўл остидаги Бразилия бош жамоаси ғалабали сериясини давом эттириш пайида бўлади. Қарабсиз-ки, футбол ишқибозлари курашларга бой тўқнашувнинг гувоҳига айланадилар.

Сербия         VS            Уэльс

ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР: 3 МАТЧ

0 ҒАЛАБА         1 ДУРАНГ      2 ҒАЛАБА

ЎЙИН ВАҚТИ: 11 июн, 23:45

СЎНГГИ УЧРАШУВ:

Сербия – Уэлс 6:1

ЖАМОА ЕТАКЧИЛАРИ:

Неманя МАТИЧ (35 миллион евро)

Аарон РЭМЗИ (35 миллион евро)

ЖАМОА ҚИЙМАТИ:

Сербия – 166,20 миллион евро

Уэлс – 198,45 миллион евро

ЖЧ-2014 да ҚАЙД ЭТИЛГАН НАТИЖА:

Саралашдан ўта олмаган                                          Саралашдан ўта олмаган

Ўйин ҳақида:

Мундиал чиптаси учун кураш олиб бораётган термалар дастлабки даврада муроса йўлини танлаб, бир очкодан бўлишиб олганди. Эндиликда Крис Коулман бошчилигидаги Уэлс термасини бир очко қониқтирмайди. “Аждарҳолар” гуруҳдаги аҳволини ўнглаши учун карвонбошидан уч очкони тортиб олиши зарур. Йўқса, йўлланманинг пачаваси чиқади. Бироқ майдон эгалари шу пайтгача Уэлсга мағлубиятга учрамаган. ЖЧ-2014 саралашида ҳам юзлашганида рақибини йирик ҳисобда доғда қолдирган. Тўғри, у сувлар оқиб ўтди, Крис Коулман терма тарихида янги жамоани шакллантирди. Шундай бўлсада, ҳозиргача ўтган беш ўйиндан биттасида ғалабани ўз томонига оғдириб, қолган тўрт матчда бир очко билан кифояланаётгани ҳали мураббий бажариши зарур ишлар борлигини англатади. Бир вақтнинг ўзида мураббий Славолюб Муслиннинг “Оқ бургутлар”и “Аждарҳолар”ни тор-мор келтирса, Жаҳон чемпионати йўлида катта қадам ташлайди.

Исландия            VS               Хорватия

ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР: 5 МАТЧ

0 ҒАЛАБА     1 ДУРАНГ      4 ҒАЛАБА

ЎЙИН ВАҚТИ: 11 июн, 23:45

СЎНГГИ УЧРАШУВ:

Исландия – Хорватия 0:2

ЖАМОА ЕТАКЧИЛАРИ:

Гилфи СИГУРДССОН (20 миллион евро)

Марио МАНЖУКИЧ (18 миллион евро)

ЖАМОА ҚИЙМАТИ:

Исландия – 54 миллион евро

Хорватия – 295 миллион евро

ЖЧ-2014 да ҚАЙД ЭТИЛГАН НАТИЖА

Саралашдан ўта олмаган                                        Гуруҳ босқичи

Ўйин ҳақида:

“Шашкачилар” “Кўҳна қитъа” термалари орасида ўз ўрнига эга бўлиш йўлида тер тўкаётган Исландия учун ноқулай рақиблар қаторига киради. Томонлар ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2014 саралаши доирасида учрашган ва тўрт баҳсда “Вулқонлар юрти” вакиллари рақиб дарвозасини бир марта (!) ишғол қилолган холос. Эътиборлиси, мутахассис Анте Чачич шуғуллантираётган Хорватия ЖЧ-2018 саралашининг беш баҳсида ҳам дарвозасидан бир бор тўп олиб чиқди. Хуллас, мураббий Хеймир Хадлгримссон шогирдлари уч очкога эга чиқишни истаса, мустаҳкам ҳимояни ёриб ўтиши, шу билан бирга рақибнинг тезкор ҳужумини тўхтатиши зарур. Чили ва Мексикага қарши ташкил этилган ўртоқлик учрашувларида маҳоратини оширган исландлар дастлабки даврадаги мағлубият аламини олишга уриниб кўрадилар. Ўшанда хорватлар Исландиянинг ғалабали ўйинлар сериясига нуқта қўйганди. Қизиқ, мезбонлар “қарзи”ни қайтарадими ёки меҳмонлар навбатдаги уч очко ортидан турнир жадвалидаги етакчиликни мустаҳкамлайди?

Франция              VS                Англия

ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР: 30 МАТЧ

8 ҒАЛАБА     5 ДУРАНГ      17 ҒАЛАБА

ЎЙИН ВАҚТИ: 13 июн, 00:00

СЎНГГИ УЧРАШУВ:

Францияа – Англия 0:2

ЖАМОА ЕТАКЧИЛАРИ:

Антуан ГРИЗМАНН (80 миллион евро)

Харри КЕЙН (50 миллион евро)

ЖАМОА ҚИЙМАТИ:

Франция – 636 миллион евро

Англия – 453 миллион евро

Ўйин ҳақида:

Шунингдек, жорий ҳафтада ЖЧ-2018 саралашида ўз гуруҳида етакчиликни қўлга олган Франция ва Англия термалари ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ўзаро ўйинларнинг 16 фоизида ғолиб номи аниқланмаган, 27 фоизида французлар, 57 фоизида инглизлар матчни ўз фойдасига ҳал қилган. Яъни, “Уч шерлар” аксарият ҳолларда “Хўрозлар”га “нон қолдирмаган”. 2015 йилда бўлиб ўтган охирги баҳсда ҳам Англия термаси зафар қучганди. Аммо айни дамда мураббий Диде Дешамнинг ошиғи олчи. Мутахассис ихтиёридаги футболчилардан бемалол тенг кучга эга икки жамоани шакллантира олади. Инглизларнинг устози Гарет Саутгейт эса термадаги янги авлод вакилларининг хизматларидан фойдаланган ҳолда натижага эришмоқчи. Балки бу матч амалда ҳеч нарсага таъсир ўтказмас, лекин икки терма ўртасидаги рақобат мухлисларга томошабоп беллашувни туҳфа қилиши эҳтимоли юқори.

Улуғбек тайёрлади, «Эрудит СПОРТ» газетаси.

Фикрлар "БРАЗИЛИЯ АРГЕНТИНА, ФРАНЦИЯ АНГЛИЯГА ҚАРШИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*