ВАДИМ АБРАМОВ: «НЕФТЧИ»ДАН ТАКЛИФ ОЛДИМ, ФАРҒОНАДА ИШЛАШИМ ИМКОНИЯТИ КАТТА»

vadim a

Айни дамда ишсиз бўлган Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов Олий Лига клубларидан бирида фаолият бошлаши кутилмоқда. Тажрибали мутахассис Фарғонанинг «Нефтчи» клубидан таклиф олди. Жорий мавсумни муваффақиятсиз ўтказаётган Фарғона жамоасида яқинда мураббийлар истеъфога чиқарилганди. Вадим Абрамов «Эрудит Спорт» газетасига берган интервьюсида «Нефтчи»да иш бошлашим мумкинлигини яширмади.

— Вадим Карленович, тез орада Олий Лигада иш бошлашингиз билан табрикласак бўладими?

— Бунга умид қиламан. Аммо айни дамда ишсизман.

— «Нефтчи» клубидан таклиф олганингизни рад этмассиз?

— Чинданам «Нефтчи»дан таклиф олдим. Наманганда ўтган «Навбаҳор» — «Нефтчи» ўйинида фарғоналикларни ўйинини стадиондан туриб кузатдим.

— Фарғонада иш бошлашингиз имконияти қанчалик?

— Фарғона менга бегона эмас, у ерда иш бошлашим имконияти катта. Аммо ҳали ҳаммаси аниқ эмас, тез орада маълум бўлади.

— «Нефтчи» варианти қандай пайдо бўлди?

— Биласиз, клубда яқинда ўзгаришлар бўлди. Клуб янги раиси Тохир Кападзе таклиф билан чиқдилар. Тохир Вейсалович билан олдин терма жамоаларда бирга ишлаганман. Фарғона клуби раҳбарияти билан гаплашгач, таклифни рад этмадим.

— Юрий Саркисян даврида «Нефтчи»да ишлагансиз. Фарғонада яна бу ҳамкорликни кўриш мумкинми?

— Қандай жавоб беришга ҳам ҳайронман, буни Юрий Вазгеновичдан сўраш керак.

— «Бухоро»дан таклиф тушганида, фақат Тошкент клубида ишлаш режангиз борлигини айтган эдингиз…

— Тошкент жамоаларидан ҳеч қандай таклиф тушмагач, «Нефтчи»нинг таклифини кўриб чиқишга қарор қилдим. Аммо, клубда ҳали иш бошлаганим йўқ. Нима бўлишини тез орада билиб оласиз.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.

«Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "ВАДИМ АБРАМОВ: «НЕФТЧИ»ДАН ТАКЛИФ ОЛДИМ, ФАРҒОНАДА ИШЛАШИМ ИМКОНИЯТИ КАТТА»"

  1. Samandar Avazbekov | 01.06.2017 в 13:37 | Ответить

    Nihoyaaaat! Ura! Neftchi endi uziga kelsa kerak! Feydorov bilan Ismoilovlar kamandani dabdalasini chiqarishgandi. Endi uziga kelar Neftchi! Olga Fargona!!! Abramovga omad!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*