БОКСЧИЛАРИМИЗНИНГ МАҒЛУБИЯТЛАРИ «ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИМИ»?

bokss

Бутунжаҳон бокс сериясининг еттинчи мавсумида “Ўзбек йўлбарслари” жамоаси икки турда ҳам мағлубиятга учради. Дастлаб “China Dragons” (3:2), сўнгра  “Astana Arlans” (4:1) ғалаба қозонди. Биринчи турдаги кутилмаган мағлубиятдан кейин иккинчи турда уч очкога эга бўлиш муҳим эди. Шу сабабли, мураббийлар биринчи турда рингга кўтарилмаган Олимпиада совриндорларига ишонч билдирди.

Жамоамиз мураббийи Тўлқин Қиличев ҳам буни тасдиқлади. “Биз энг зўр боксчиларимиз билан келганмиз. Аммо жанг натижаларини олдиндан айтиш қийин”, деди у “Astana Arlans”га қарши баҳс олдидан. Якунда мураббий фикрининг биз келтирган иккинчи қисми ўз тасдиғини топди, холос: “Жанг натижаларини олдиндан айтиш қийин”. Таркибда тўрт нафар Рио олимпиадаси иштирокчилари рингга чиққанига қарамай (Муроджон Аҳмадалиев (49:46, 50:45, 49:46), Баҳодир Жалолов (50:45, 49:46, 48:47), Шаҳрам Ғиёсов (47:48, 48:47, 48:47) уларнинг фақат бир нафари (Бектемир Мелиқўзиев (46:49, 46:49, 46:49) ғалаба қозонди. Демак, икки турдан кейин жамоамиз бирорта очко жамғармаган ҳолда гуруҳда сўнгги поғонада бормоқда. Хўш, Тўлқин Қиличевнинг таъбири билан айтганда, “энг зўр боксчиларнинг мағлубиятга учрашига” нима сабаб бўлди? Ишонаманки, Саид Аҳмад қаламига мансуб “Собиқ” ҳажвиясини ўқигансиз. Қаҳрамон муваффақиятидан кейин дастлаб газеталарда кўриниш беради, сўнгра у ҳақда кино олинади. Кейин турли соҳа вакиллари билан учрашувларга таклиф қилинади, хуллас, иш қолиб кетади. Машинаси чанг босади ҳатто. Назаримда, гап нима ҳақида кетаётганини пайқадингиз. Тан олайлик, улар учун учрашувлар кўпайиб кетди. Ярим йил ичида рингдан кўра кўпроқ тадбирларда иштирок этгандир, эҳтимол.

Шу ўринда яна бир воқеани эсламоқчиман. Рио-2016 олдидан Ўзбекистон бокс терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов билан мусобақага тайёргарлик борасида мулоқотда бўлгандим. Ўшанда бош мураббийга шогирдларидан блиц-интервью олиш ниятим борлигини айтганимда, Марат ака бунинг сира иложи йўқлиги, терма жамоа ёпиқ тарзда тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди. Жамоамиз устози бошқа нашрга ҳам шу маънода интервью берганди: “Боксчиларимиз оммавий ахборот воситаларида кетма-кет чиқишлар қилиб, “телеюлдуз” бўла бошлаганидан сўнг шундай ҳолатлар кузатилганди” (Марат Қурбонов спортчиларнинг жароҳатга йўлиққанига ишора қилган, муаллиф изоҳи). Рио-2016 дан аввал терма жамоа эшиклари ОАВ учун ёпиқ эди. Олимпиададаги муваффақиятда ушбу қарор ҳам муҳим роль ўйнаган. Буни ўша кезларда кимдир инкор этиши мумкин эди. Бугун эса иқрор бўлишга мажбур. “Ўзбек йўлбарслари”нинг иккинчи мағлубиятидан кейин спорт янгиликларини ёритишга ихтисослашган интернет нашрлардаги мухлислар ҳам мағлубиятга асосий сабаб сифатида ушбу жиҳатни кўрсатган. Фойдаланувчилардан бири “Жамоамиз Олимпиададан кейин ўзини анча эркин ҳис қила бошлади”, деган бўлса, тармоқнинг бошқа бир аъзоси куюнчаклик билан “Терма жамоа мураббийлари боксчиларни ижтимоий тармоқлардаги “ўта фаоллигини” тартибга олмаса, олдимизда турган Осиё ва Жаҳон чемпионати, шунингдек, Осиё ўйинлари барбод бўлади”, деб  фикр қолдирган. Яна бир фойдаланувчининг муносабати қуйидагича бўлган:  “Концентрация йўқолган. Уларни ижтимоий тармоқлардан узоқлаштириб, тинчгина машғулот ўтказишга қўйиш керак”. Ҳақиқатда, Олимпиадада совриндорлар қаторидан ўрин олган боксчилар телеэкранда тез-тез кўринадиган одат чиқарди, ўзини шоу-бизнесда синаб кўрди, ижтимоий тармоқларнинг фаоли фойдаланувчисига айланди. Буларнинг бари Ҳожибой Тожибоевнинг “телевизорни ўчирса ҳам Зидан калла қўйяпти” деган ҳазилини ёдга солади. Фойдаланувчилар ушбу ҳолатга урғу беряпти ва улар ҳақлар. Ишқибозларнинг фикрлари танқидий руҳга қоришган бўлсада, улар “олтин авлод”ни йўқотишни истамайдилар. Футболда ЖЧ ёки ОЧда порлаган ўйинчилар кейинчалик ном-нишонсиз йўқолиб кетганини ҳам унутмаган фанатлар. Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, ахир.

Спортда чемпион бўлишдан уни ҳимоя қилиш қийин. Чунки совриндорлар қаторига кирган спортчидан фақат ва фақат юксак натижа кутила бошланади. Қисқача айтганда, унинг мағлубиятга учрашига ҳаққи бўлмайди. Ярим йил ичида ғолиблар сафини тарк этса, ҳазм қила олмайдилар. Ҳа, қабул қилинмайди. Чунки у мухлисларнинг тасаввурида чемпион сифатида шаклланган, бошқа натижа қониқтирмайди. Умид қиламанки, кейинги баҳсларда ишқибозлар кутган натижалар қайд этилади. Айниқса, майнинг бошида Тошкент шаҳрида ўтказилувчи 29-Осиё, августнинг сўнгида Гамбург шаҳрида ташкил этилувчи 19-Жаҳон Чемпионатида етакчилар қаторига киради. Бундан ташқари, Бутунжаҳон бокс сериясининг “С” гуруҳида ҳам. Бир йил илгариги мусобақада “Ўзбек йўлбарслари” гуруҳдаги 30 жангнинг 22 тасида ғалаба қозонганди. Жорий мавсумдаги натижалар эса 10 учрашувнинг 3 тасида жамоа ҳисобига ғалаба, 7 тасида мағлубият ёзилган. Бундан чиқди, боксчиларимизнинг “мағлубиятга учраш” “лимити” аллақачон якунига етди. Буни ўзини овутишга йўймаслигингизни сўрайман. Икки тур натижасига кўра қандайдир фикрга келиш мумкиндир, аммо якуний хулоса чиқаришга ҳали вақт бор. Ишончим комилки, боксчилар бор эътиборини боксга қаратиб, олти турдан кейинги хулосаларни ижобий бўлишини таъминлайди.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "БОКСЧИЛАРИМИЗНИНГ МАҒЛУБИЯТЛАРИ «ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИМИ»?"

  1. ZUHRIDDIN DAVLATOV | 28.02.2017 в 14:57 | Ответить

    Hamma ushbu mag`lubiyatdan keyin bokschilarni ijtimoiy tarmoqdagi faolligini ularning aybi deb bong urmoqdamiz. lekin masalani ikkinchi tomoni muhlislar uzlari usha ayblayotgan bokschilariga ijtimoiy taroqlar orqali maktublarrr kamentlar yullashadi-da, javob kutishadi. Javob bersa suhbat davom etadi Agarda yozgan kamentlariga javob qaytarilmasa, ko`raverasiz uzidn yulduz yasab olgan bir inson sifatida tarif berishni boshlashadi. Sport g`alaba va mag`lubiyatdan tashkil topgan. Bizdagi muhlislik madaniyatini eng og`ir nuqtasi. Sevimli sportchimiz biz ko`zlagan siz-u biz istagan natijaga erishmasa, uzi ruhan sinib turgan insonga qarata yana ruhiy bosim utkazamiz. qullab quvvatlamaymiz. Muhlislik madaniyatining yuksak chuqqisi bu sevimliligimiz g`alabaga erishsa ham mag`lubiyat qayd etsa ham qullab quvvatlashda davom etishimiz kerak. Bu meni shaxsiy fikrim. Ayrim *** insonlar uchun: Men xech qaysi bir mag`lubiyatga uchragan sportchini tanishi yoki paxtakori, qarindoshi emasman.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*