ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ЯХШИ ЯШАШ УНДАН ҲАМ ЯХШИ…

loko_chemp

Олимпиада ўйинлари бошланиши арафасида ҳар бир мамлакат медаллар учун ўзининг мукофот пулини эълон қилади. Энг нуфузли спорт фестивалида мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган спортчини рағбатлантириш керак. Рағбат эса спортчига мотивация бўлиб хизмат қилади. Унинг ютуғи эса шу мамлакатга обрў олиб келади.

Ҳеч эътибор қилганмисиз, Ўзбекистон ваъда қиладиган мукофот пули ривожланган мамлакатларникидан яхшигина кўп. АҚШ олтин медаль учун 25 минг доллар ваъда қилди, бизда эса 200 минг — саккиз баробар кўпроқ. Нега?

Американинг 50 га яқин спортчиси якунда олтин медални қўлга киритди. Бизда эса 4 та олтин. АҚШ шоҳсупага чиққан ҳар бир спортчисига 200 мингдан берса, минг қудратли бўлган тақдирида ҳам уйини топа олмай қолади. 25 минг доллар америкалик спортчи учун ёмон пул эмас, кунига яраб туради. Олимпиада уларга ўзлигини намоён қилиш учун ҳам керак. Бу ерга улар тирикчилик учун эмас, бошқа мақсадда ташриф буюради.

Бизда эса шунинг акси. Олтин медални қўлга киритгунича боксчининг аҳволи оддий ўзбекистонликникидан катта фарқ қилмаслиги мумкин. Бироқ ўша олтин унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Тўғри-да, 200 минг доллар, квартира ва Малибу янги ҳаёт бошлагингиз учун камлик қиладими? Бунақа совғани Майкл Фелпс тушида кўради.

АҚШ ҳам, Ўзбекистон ҳам мукофот пулини давлат бюджетидан ажратиб беради. Оддий америкаликлар ўзлари мухлислик қиладиган ва қўллаб-қувватлайдиган спортчилари учун шу бюджетдан 25 минг ажратиб берилишига қарши бўлмайди. Бунга норозилик билдирадиганлар ҳам етарлича топилса-да, ҳар холда бундай пул билан АҚШ катта йўқотиш қилмайди. Ўзбекистонлик мухлислар спортчилар учун берилган пулга ҳам ҳавас қилди, ҳам рози бўлди. Нега? Чунки ўша спортчилар бутун бир мамлакатга катта қувонч улашди. Ўзимизга бўлган ишонч ошишига катта ҳисса қўшди. Ҳалолидан бўлсин!

Мен бюджет масаласига бежизга эътибор қаратмадим. Чунки унда сизнинг ҳам, менинг ҳам, бошқаларнинг ҳам хизмати бор. Кимдир давлат корхонасида ишлаб солиқ тўлайди, яна кимдир бизнесидан. Олий Лигада тўп сураётган футболчиларни эса айнан ўша пуллар боқмасада, солиқлар якунда футболчиларни боқадиган ташкилотлар даромадига қўшилиб, бюджетни ташкил қилади. Йирик нефт-газ компаниялари-ю, шунга ўхшаш бошқа тузилмалар давлатга қарашли эканини инобатга олиб айтсак, бизнинг клублар давлат учун вояга етмаган, ота-онасининг қарамоғида қолган боладек гап, катта бўлиши ҳақида гап йўқ.

Олимпиадада кўзни қувонтирган спортчилардан фарқли ўлароқ, футболчилар катта иш қилиб улгурмади. Мамлакат номини дунёга ёйиб юборганича йўқ. Шунга қарамай, улар 25 йилдан бери катта қозонга қўл узатиб туради, ундан таом ейди. Ўзи ишлаб, пул топиши ҳақида эса ўйламайди. Мана-ман деган “Бунёдкор”идан тортиб, “Пахтакор”ига қадар шундай. Нари борса, ишлатадиган интернети учун пул топади, ош-овқатини ўзини қилади. Ҳомийлар жалб қилинади. Бироқ булар бутун бир жамоани ушлаб туриш учун етмайди.

Ўзбекистон жамоалари мухлисларни шод қилмаётган бўлса, фойда келтирмаса, ҳеч бўлмаганда стадионга одам жалб қила олмаса, нега энди уларнинг эркаликларига жим қараш керак? Тўп тепишни билишлари уларнинг фойдаси учун, биз эса билганликлари учун пул тўлаймиз, фарқини кўряпсизми? Мен қандайдир инқилобий ўзгариш ҳақида гапирмоқчи ёки футболдан пулни умуман узиб қўйиш масаласини кўтармоқчи эмасман, чунки спорт одамлар учун, ҳаммамиз учун керак. Бу алоҳида мавзу. Бироқ 25 йил ичида бир туки ўзгармаган ҳолатни қайтадан кўриб чиқишни ортга суришдан нима наф?

Ўзбекистон миллий терма жамоасини ортидан эргаштиришга уринаётган футболчилар бор, улардан кўпчилик миннатдор. Истанг Одил Аҳмедовни олинг, хоҳланг Денисовни. Улар давлат берадиган пулга қараб қолган футболчилар эмас. Улар Россияда ёки бошқа бир хориж давлатида ҳам ном қозонмоқда, ҳам тирикчилик қилмоқда. Ортганини, айтайлик, “Навбаҳор”ни Олий Лигада олиб қолиш учун ҳам сарфламоқда. Зўр-а?

Албатта зўр! Демак, давлат пулини еб ётмасдан ҳам муваффақиятга эришиш, керак бўлса унинг юмушига ёрдам бериш мумкин экан. Биргина йўли — яхши футболчи бўлиш. Кетиш масаласи эса ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади. Ўзлари келиб олиб кетишади.

Давлат оёққа туриб олган, ривожланиш йўлида. Қурби етмоқдаки, бутун бир спортни ушлаб турибди, мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, одамларини спортга жалб қилиш учун ҳеч нимани қизғанмаяпти. Бироқ катта футбол бунга муносиб жавоб бера олмади. Биргина инсон мисолида олинг, Мирабор Усмонов ЎФФ тепасига келиб, футболни анчагина ўзгартирди ҳам. Натижа ҳозирча шу. Худди шу инсоннинг МОҚ тепасига келиши эса кўп ўтмай Олимпиада тарихидаги энг яхши натижамизни қайд этишимизга туртки бўлди. Демак, эпласа бўлади. Шунчаки қарама-қарши томон бунга муносиб жавоб бера олиши керак.

Менга “Обод”, “Оқтепа” каби клублар ёқади. Футболчиларига эплаганича пул беради, ўз аравасини ўзи тортади. Аслида футболни шу каби сектор ўйнаса қизиқроқ. Чунки бутун дунёда шунақа. Айтайлик, “Манчестер Юнайтед” ёки “Челси” мамлакат бюджетидан пул олиб туришини британияликлар қабул қила олмасди. Ўша АҚШ ҳам Олимпиадада зафар қучадиган футболчилари учун мукофот пули бераверади, бироқ уларни йил бўйи боқиб юрмайди. Бу норозилик келтириб чиқаради. Уларда одамлар пулини назорат қилишни билади. Футболчи ўқитувчи ёки шифокордан ажратиб қўйилмайди. Ҳамма америкалик ва ҳамма тенг ҳуқуқли.

Масалан 25 йил давомида катта футболга тикилган пул, болалар футболига йўналтирилганида, уни хорижий мутахассислар ёрдамида ишга тушириш учун сарф этилганида бугун бизда 1 та эмас, балки 50 та Одил Аҳмедов бўлиши ҳам мумкин эди, тўғрими? Кўряпмиз, терма жамоа Эрон ёки Кореяни мағлуб этиши учун Одилнинг ёнига унинг каби ўйнай оладиган яна 2-3 футболчи етишмаяпти, холос. Биз эса 25 йил давомида ўша-ўша ишни такрорлаб, бугун ҳеч нарсасиз ўтирибмиз. “Бунёдкор” стадионини ҳам, “Соғлом авлод”ини ҳам, бошқасини ҳам давлатнинг ўзи қуриб берган. Ҳамма шароитни қилиб, футбол ўйнашлари учун барча шароитни муҳайё қилган. Натижа эса оламшумул тарзда ўзгариб кетмади.

Кун келиб давлат Олий Лига клубларини молиялаштиришдан тўхтатса, “Обод” ёки “Оқтепа”га ўхшаш жамоалар соғлом рақобатга кириши мумкин. Сиз уйни ўзингиз қурсангиз, михни қанчага олаётганингизга қадар назорат қиласиз. Унинг қурилишини кимгадир топширсангиз, ўртада пул йўқотиб қўйиш эҳтимолингиз кўпаяди. Футбол ҳам шундай нарса.

Олий Лигада тўп сураётган, ҳар йили клубини алмаштирадиган ва бунинг ортидан миллионлаб кўтарма пули оладиган ва шунда ҳам нолишдан чарчамайдиган футболчилар бор.Шу пулга яраша боплаб футбол кўрсатиб қўйганлари эса жуда кам. Нега улар яхшироқ яшаши учун сиз ёки мен меҳнат қилишимиз, фойдалироқ иш учун сарфлаш мумкин бўлган пулни уларнинг эркалиги учун беришимиз керак? Марҳамат, яхши футболчи бўлиб, кетаверишсин Россияга, Малайзияга, БАА ёки Европага. Ҳеч ким йўлларини тўсмайди. Шунда кўпроқ меҳнат қилишади, шунда ўз устиларида ишлашади.

Эътибор беринг, Жекога Босния чемпионати шунча пул тўлай олармиди? Стох ёки Вайсс Словакия чемпионатида қанча олиши мумкин эди? Улар ўша чемпионатлардан ёриб чиқа олди ва жаҳон кезишни бошлади. Эплагани кучли бешликда, осонроқ йўлни танлагани эса пулини бемалол сарфлайверадиган араб мамлакатларига йўл олди. Мана Хитой миллионларни ваъда қилиб ётибди яхши футболчи учун. Кетаверишсин, биз фақат хурсанд бўламиз. Ўқитувчи ўз устида ишлаб, АҚШга бориб дарс беришга ҳаракат қиляпти ёки қўшимча дарслар олиб, шу ернинг ўзидан пул қиляпти. Яхши яшашни хоҳлагани учун ҳам меҳнат қиляпти. Футболчилар улардан ўрнак олиши мумкин эмасми?

Менимча мумкин. Улар ҳафа бўлишмасин, бу фикрларни ҳозир тушунмаганлари, балки вақти келиб ҳақиқатни тан олиши мумкин. Бутун умр “Андижон” шарафини ҳимоя қилиш яхши, бироқ футболчи болалигида шуни ният қилмайди, камида “Реал” ёки “Барселона” ҳақида орзу қилади. Бугун миллионлаб топаётган футболчилар ўз фарзандини ҳам ортидан эргаштиришни ният қилади. Ёмонми давлат пули уларнинг боласи қатнайдиган футбол мактаблари ёки академиялар учун сарф этилса, уларнинг фарзанди немис ёки голланд мутахассислари қўл остида камол топиб, кучлироқ лигаларга йўл олса? Вақти келиб, шунинг орқасидан пул ишлайдиган бизнесменлар пайдо бўлса, давлат молиялаштиришни оқсаётган бошқа соҳаларга ҳам йўналтириши мумкин бўлади. Академияси учун 5 миллион сарф қилиб, ҳар йили 15 миллион фойда қиладиган клублар ҳақида ўқиб турамиз, нега ўзимиз шунинг учун ҳаракат қилмаймиз?

Ҳозир “Андижон”ни қутқаришга ҳаракат қиламиз, эртага “Динамо”ни, индинга эса “Нефтчи”ни. Нимага эришдик? Менимча ҳеч нарсага. Дўппини бир четга суриб, бошлаш арафасида турган янги ҳаётимизга ўзгаришлар олиб кирмасак, биз Англия бўла олмаймиз. Инглизлар ўйнаган 1950 йилдаги футбол ҳам бизнинг бугунги футболдан жонлироқ ва сифатлироқ бўлган. Буни тан эса олишимиз керак.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

7 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ЯХШИ ЯШАШ УНДАН ҲАМ ЯХШИ…"

  1. Juda togri gap. Shahsan mening ishladigan korxonam Bunyodkorning sponsori. UTG bizlarga moash vaqtida berilmaydi ammo lekin bunyodkorni otaliqqa
    olgan. U komonda esa hech kimani qoyilatgani yoq. Vijdonsizlar

  2. Maqolaga gap bulishi mumkinmas Diyorbek oldindan uzur suragan holda mavzudan chetga chiqib sizga iltimosim bor edi hozir CA saytida bir maqola uqib tugrisi qonim qaynab ketdi men bu maqolani uqib birinchi murabiyini ahvolini tasavvur qilolmayapman ИСМОИЛОВ АБДУЛҲАЙ АҲАД ЎҒЛИ

    Туғилган санаси: 08.02.2000
    Туғилган жойи: Наманган шаҳар
    Биринчи футбол мактаби: БЎСМ-17 (Наманган)
    Биринчи мураббийи: Дилмурод Низомбоев
    Жамоаси: «Бунёдкор»
    Амплуаси: ҳужумчи
    Рақами: 20 shu bolani qonidan doping topilibti menga alam qilgani shu bola yuqori natijalar kursatgan paytida 1chi maktabi 1chi murabbiyi esga olinarmidi ekan deb qiynalib ketdim negagiki men ham murabbiy bulib ishlaganman bu narsalar boshimdan utgan bolalar yahshi natija bersa viloyatni bolasi yoki federatsiyani bolasi bulib qolardi

  3. Boqmandalikdan qutulishni yagona optimal yoli klublarimizi barchasini bittayam qoldirmasdan xususiylawtiriw kere tamom vasalom. Bomasam jahon CHempionatini faqat tuwimizda koramiz holos. Buni man futboli 100 % yaxwi tuwunganim uchun etvoman. Wundo barcha giromliklar bora bora yoqolib iwqibozla yana stadionlaga qaytiwi munkin. Bunga yaqqol misol qilib Bunyodkor FCB ni korsatiwim munkin.

  4. Mana shu bola noni halollab yiydi. Ota onangizga rahmat Diyor.

  5. Yaxshi fikrlar. Bir serb futbolchisidan so’rashibdi? Nega Serb futbolchilari dunyo bo’ylab tarqalib ketgan? U javob beribdi: chunki bizda juda kam pul to’lanadi. Shuning uchun futbolchi 17-18 yoshidan o’zini ko’rsatib, 20-21 yoshigacha bowqa chempionatga (Iqtidoriga qarab) o’tish uchun jon jahdi bilan kurashadi…

  6. Ассалому алийкум ерудит-спорт Шахсан мен Диерни хамма маколасини колдирмасдан укийман силарга битта таклифим бор еди Сурхондареда на олий лига на биринчи лига жамоалири бор хаттоки утказилиниши шарт булган 2-лига вилоят биринчилиги хам утказилмаетганига 4-йиллар болди бу йил вилоятимиздан 2-та жамоа Жаркург’он Нефтчи Билан Сари Осиедан Тупаланг жамоалиримиз 1-лига утиш турнирида катнашиб Жаркург’он Нефтчи футбол клубимиз 1-лигага юлланма олди ва нихоят Сурхондарега хам катта футбол кайтди шу Сурхондаре футболи яни Жаркург’он Нефтчи футбол клуби хакида Диер бирон макола езиб чикса биз Сурхондареликлар жудаям хурсанд булардик

  7. FUTBOLCHILARIMIZ SEMIRGAN! ULARGA MILLIONLAB PUL RASXOD QILIB URGATIB QUYISHDI.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*