ОЛИЙ ЛИГА-2016: ЭНГ КЎП ТОМОШАБИН ЙИҚҚАН 15 ЎЙИН

buxoro-fans

Олий Лига-2016 якунлари билан таништиришда давом этамиз.  Бу сафар чемпионатнинг энг кўп мухлис йиққан учрашувлари ҳақида тўхталамиз.

1-4 – ўринлар:

6-тур: “Бухоро” – “Насаф” – 0:2

Бухоро, 24104 томошабин

3-тур: “Бухоро” – “Пахтакор” – 0:0

Бухоро, 22571 томошабин

8-тур: “Бухоро” – “Металлург” – 0:0

Бухоро, 21300 томошабин

5-тур: “Бухоро” – “Андижон” – 5:2

Бухоро, 21118 томошабин

Энг кўп томошабин йиғиш борасида “Бухоро” клуби яққол пешқадам бўлди. Табиийки, унинг ўз майдонида иштирокидаги баҳсларда стадионлар деярли мухлислар билан тўлди. Умуман олганда, энг кўп томошабин ташрифи борасида тузиб чиққан рўйхатимизнинг дастлаб 4 та ўрин эгаси “Бухоро”га тегишли бўлди. 6-тур доирасида “Насаф” билан бўлиб ўтган учрашувда стадионга 24 104 ишқибоз тўпланди ва бу Олий Лига-2016 рекорди саналади.

Бу борадаги иккинчи ўрин ҳам “Бухоро”га тегишли. 3-турда “Пахтакор” клуби Бухорода меҳмон бўлганди. Ўша беллашувни кўриш учун 22 571 нафар мухлис тўпланди. Аммо шу куни дарвозалар дахлсиз қолди.

Яна бир 0:0 натижаси қайд этилган беллашув “Бухоро” ва “Металлург” ўртасидаги баҳсдир. 21 300 мухлис кўз ўнгида ўтказилган учрашувда меҳмонлар бир очкони қўлга киритишди.

5-турда эса “Бухоро” ўз уйида севимли ишқибозлари учун голлар шоусини уюштириб берди. “Андижон”ни 5:2 ҳисобида мағлуб этишди. Бундай қизиқарли кечган ўйинни стадионда 21 118 нафар томошабин кузатганди.

5-ўрин: 5-тур: “Қизилқум” – “Пахтакор” – 2:2

Навоий, 19318 томошабин.

Навоийнинг “Қизилқум” клуби бу йил умумий ҳисобда мухлислар ташрифида “Бухоро”дан кейин иккинчи ўринни банд этди. Бу клубнинг ўз уйида ўтказган ўйинлари орасида “Пахтакор”га қарши бўлиб ўтган учрашувда энг кўп мухлис тўпланди. 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланган беллашувни 19318 ишқибоз кузатиб борди. Бу кўрсаткич эса ушбу мавсумда “Қизилқум” учун энг яхшиси ҳисобланади.

6-8 – ўринлар:

26-тур: “Бухоро” – “Локомотив” – 2:1

18736 томошабин.

10-тур: “Бухоро” – “Навбаҳор” – 3:2.

18573 томошабин.

1-тур: “Бухоро” – “Олмалиқ” – 2:0

18352 томошабин.

Навбатдаги ўринлар ҳам яна бухороликларга тегишли бўлди. Бу йил чемпионликни қўлга киритган “Локомотив” фақат икки марта ютқазди. Улардан бири эса “Бухоро” майдонида юз берди. 18736 нафар мухлис қаршисида тўп сурган меҳмонлар нафақат “Бухоро” жамоаси, балки унинг мухлислар томонидан ҳам жиддий қаршиликка дуч келди. Шу боис ҳам “Локо” ўша учрашувда Бухородан мағлубият билан қайтган.

9-ўрин: 2-тур “Нефтчи” – “Навбаҳор” – 1:0

Фарғона, 18278 томошабин.

Ушбу жамоалар иштирокидаги даст-лабки “Водий дербиси” 2-турдаёқ ўтказилганди. Тўғриси, бу йил “Нефтчи” салбий натижа қайд этгани сабабли сезиларли даражада мухлисларини йўқотди. Энг кўп ишқибоз эса кўриб турганингиздек, мазкур ўйинга ташриф буюрган. 18278 жорий йилда “Нефтчи” стадионига кирган энг кўп томошабин бўлиб қолди.

10-12 – ўринлар:

24-тур “Бухоро” – “Бунёдкор” – 0:0

17772 томошабин.

12-тур “Бухоро” – “Нефтчи” – 2:0

17521 томошабин.

14-тур “Бухоро” – “Машъал” – 0:1

17315 томошабин.

Эътиборимизда яна “Бухоро” клуби. Бу сафар ҳам улар учликни кетма-кет банд этишди. 17 мингдан зиёд томошабинлар кўз ўнгида “Бунёдкор”, “Нефтчи” ва “Машъал” клубларига қарши куч синашишди. Аммо Муборакнинг “Машъал” жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувда бухороликлар мағлубиятга учрашди.

13-ўрин: 2-тур “Андижон” – “Локомотив” – 1:3

Андижон, 16702 томошабин.

“Андижон” клуби биринчи лигага тушиб кетганидан хабардорсиз. Мавсум бошида, яъни 2-турда “Локомотив”ни қабул қилган баҳсда “Соғлом авлод” стадионига 16500 дан кўпроқ мухлислар кирганди. Бироқ ўшанда “Локо” тажриба эвазига ютиб кетганди. “Андижон” эса минглаб жонкуяр ишқибозларининг қўллаб-қувватлашига қарамасдан барибир якунда элитани тарк этди.

14-ўрин: 22-тур “Бухоро” – “Қизилқум” – 2:0

Навоий, 16321 томошабин.

16321 мухлис қаршисида ўйнаган “Бухоро” “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз иккита гол уриб, ғалабани тантана қилишганди. Ўшанда ҳам маҳаллий мухлисларнинг далдаси мезбонларга қўшимча куч берган.

15-ўрин: 1-тур: “Навбаҳор” – “Локомотив” – 2:3

Наманган, 16250 томошабин.

“Навбаҳор” жамоасининг ушбу мавсумдаги энг кўп томошабинлар ташрифи бўйича кўрсаткич дастлабки турда “Локо” билан бўлиб ўтган беллашувга тўғри келди. Ўшанда “Навбаҳор” марказий стадионига 16250 мухлис келди. Кейинчалик эса натижалар ёмонлашиб боргач, ишқибозлар сони ҳам пасайиб борди.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ тайёрлади.

1 Фикр "ОЛИЙ ЛИГА-2016: ЭНГ КЎП ТОМОШАБИН ЙИҚҚАН 15 ЎЙИН"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*