«ЭЛЬ-КЛАСИКО», «МАН.СИТИ» – «ЧЕЛСИ» ВА ҲАФТАНИНГ ЯНА 3 ТЎҚНАШУВИ

“Эрудит Спорт” нашри қуйида цезий, сахароза, қўрғошин, альюминий ва олтинни эритишга қодир ҳароратдаги беш тўқнашувни томоша қилишни тавсия этади:

+28,64◦С матч: 2 декабр (жума)

“Наполи” – “Интер”

(Цезий моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

43 ҒАЛАБА 35 ДУРАНГ 64 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Наполи” – “Интер” 2:1 ва 0:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Наполи” – “Интер”

319,38 миллион евро VS 337,80 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Тўғрисини айтганда, “Интер” қоғозда рисоладагидек жамоа: тўп назоратида А Сериянинг иккинчи клуби (56,9 фоиз), рақиб дарвозасига ўртача зарба йўллашда фақат “Рома”дан ортда қолмоқда (17,8 зарба), аниқ узатмалар бўйича эса тўртинчи бўлиб турибди (84 фоиз). Кўрсаткичларни фақат турнир жадвалидаги ўрин бузмоқда. “Олтин ўрталик”даги жамоа мураббийлар штабида аллақачон ўзгариш рўй берди. Эндиликда мутахассис Стефано Пиоли отлар кечувда алмашмайди деган фикрни нотўғри эканлигини исботлаши зарур. Турган гапки, шарти кетиб, парти қолаётгандек таассурот уйғотаётган Маурицио Саррининг “Наполи”си бунга рози бўлмайди. Устига-устак, неаполликлар юқоридаги кўрсаткичларда “Нераззурилар”дан устун. Энг асосийси, томонларнинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Майдон эгалари мағлубиятга учраса, Еврокубокларга йўлланма тақдим этувчи “зона”дан узоқлашади. Мабодо бу ҳолат меҳмонларда кузатилса, “экватор”даги ўрнидан ҳам айрилади.

 

+185◦С матч: 3 декабрь (шанба)

“Манчестер Сити” – “Челси”

(Сахароза моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

42 ҒАЛАБА 38 ДУРАНГ 54 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Манчестер Сити” – “Челси” 3:0 ва 3:0

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Манчестер Сити” – “Челси”

524,25 миллион евро VS 522,30 миллион евро

chel-man-s

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Шуни айтиш керакки, сўнгги тўрт матчда “қуёш “Шаҳарликлар” томонидан чиқяпти”. Қизиқ, мазкур анъана Пеп Гвардиола томонидан давом эттириладими? Тўғри, “Сити” жорий мавсумда ўз уйида мағлубият аламини татиб кўрмаган Премьер лиганинг тўрт жамоасидан бири. Бироқ Манчестер клуби тўрт ўйинда очко йўқотган бўлса, шуларнинг учтаси айнан ўз уйида содир бўлган. Ўз навбатида, бу “Челси” фойдасига ишлайди. Биринчидан, иштаҳа овқат маҳал келади. Айниқса, кетма-кет олти баҳсда дарвоза дахлсизлини сақлаб қолаётганда. Бошқача айтганда, турнир жадвалида ўн бешинчи, ўн биринчи ва еттинчи поғонани эгаллаб турган жамоалар бажарган ишни карвонбоши ҳам уддалаши талаб этилади. Иккинчидан, Куртуанинг таъбири билан айтганда, “Аристократлар”нинг янги тактикасига бас келиш тобора қийинлашмоқда. Бундан чиқди, кутилаётган учрашув кутилмаган эпизодларга бой бўлади.

 

+327,5С матч: 7 декабр (чоршанба)

“Реал” Мадрид – “Боруссия” Дортмунд

(Қўрғошин моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

4 ҒАЛАБА 4 ДУРАНГ 3 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Реал” Мадрид – “Боруссия” Дортмунд 0:2 ва 2:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Реал” Мадрид – “Боруссия” Дортмунд

775,80 миллион евро VS 351,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Қарама-қаршилик иштирокчилари ўртасидаги беллашувда “Реал” турган тарози палласи оғирроқ тош босяпти. Мисол учун, Зидан шогирдлари Тухел устозлигидаги жамоадан икки баробар қимматроқ. Боз устига шу кунга қадар “Тукли арилар” Мадриддаги бешта баҳсда бор йўғи учта тўп киритган. Бироқ бугунги “Боруссия” бошқа. Дортмундликлар устози тегирмон навбати билан айланишини исботлаш тарафдори. Ўйин “Эл-классико”дан кейин ўтказилиши меҳмонларга устунлик тақдим қилади, дейиш мумкин. Бундан ташқари, мазкур матч орқали жамоалар гуруҳдаги вазиятга узил-кесил нуқта қўяди. “Қироллик клуби” ғалаба қозонган тақдирда гуруҳ етакчисига айланади. Дортмундликларни дуранг ҳам қониқтиради. Аммо аслида қандай кучга эгалигини намойиш қилиш имкониятини қўлдан чиқармаса керак. Натижада, томошабинлар қўрғошин моддасини-да эритиб юборишга қодир ҳароратдаги учрашувни гувоҳи бўлади.

 

+660,1С матч: 6 декабр (сешанба)

 “Бавария” – “Атлетико” Мадрид

(Алюминий моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

1 ҒАЛАБА 0 ДУРАНГ 2 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Бавария” – “Атлетико” Мадрид 2:1 ва 0:1

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Бавария” – “Атлетико” Мадрид

582,25 миллион евро VS 775,80 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Тан олайлик, на “Матрасчилар”, на “Немис машинаси” ўзига ўхшаяпти. Мутахассис Диего Симеоне қўл остидаги футболчилар Примерада олтинчи ўринга тушиб кетди, “Карло ота”нинг “болалари” пешқадамликни “қаердаги” “Лейпциг”га топширди. Қолаверса, Чемпионлар лигаси доирасида “Ростов” ҳам “Бавария” устидан муздек сув қуйиб юборди. Шу тариқа, гуруҳ босқичидаги етакчилик ҳам қўлдан кетди. Дастлабки беллашув “Атлетико”нинг ғалабаси билан тугаган бўлса-да, жавоб учрашувида мадридликлар шунчаки ҳимояда “ётиб”, натижага эришиши қийин. Мьюнхенликлар ўз уйида атиги битта гол ўтказиб юборган, бу статистикани “Матрасчилар” ўзгартиришга уриниб кўради. Хуллас, футбол ишқибозларига қизғин, шу билан бирга курашларга бой матчни кўришни тавсия этамиз.

+1063С матч: 3 декабр (шанба)

“Барселона” – “Реал” Мадрид

(Олтин моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

68 ҒАЛАБА 32 ДУРАНГ 72 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Барселона” – “Реал” Мадрид 4:0 ва 1:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Барселона” – “Реал” Мадрид

764,50 миллион евро VS 373,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Мавсум старти идеал қаралган “Барса”да ҳам бартараф этилиши зарур муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Энг қизиғи, мухлислари кўз ўнгида, албатта, меҳмон жамоа билан очколарни бўлишиб оляпти. “Реал” Мадридда эса бунинг тескариси. Олтмиш фоиз очкони меҳмонда қўлга киритган. “Десерти”га “Қироллик клуби” Ла лигада мағлубият кўчасига кирмаган. Бу мураббий Луис Энрикенинг кун тартибидаги масалаларни янада мураккаблаштиради. Бошқа томондан, ҳар икки томон ўзаро учрашувдан унумли фойдаланиш пайида. “Реал” устози яқин таъқибчисидан сезиларли даражада ўзиб кетиб, етакчиликни мустаҳкамлашга интилса, “Барса” коачи ўртадаги тавофутни максимал қисқартириш илинжида. Бошқа томондан, майдонда йигирма икки футболчи эмас, йигирма икки юлдуз тўқнашади. Хўш, мадридликлар Энрике жамоасидан очко тортиб олган клублар қаторига кирадими ёки каталонияликлар Зидан бошчилигидаги ўйинчиларни мағлубиятга учратган илк рақибга айланади?

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

3 Фикрлар "«ЭЛЬ-КЛАСИКО», «МАН.СИТИ» – «ЧЕЛСИ» ВА ҲАФТАНИНГ ЯНА 3 ТЎҚНАШУВИ"

  1. Ajoyib o’yinlar nasib qilsa

  2. Jasur Xolmetov | 02.12.2016 в 10:47 |

    El Klassikoni UzReport kursatishi aniq buldimi yoki yuqmi???

  3. Дилшод | 02.12.2016 в 10:43 |

    БУ ХАФТА ЗУР УЙИНЛАР БОРАКАНУ! РЕАЛ БАРСАНИ КАТАЛОНИЯДА ЮТСА КЕРАК

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*