ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: МУХЛИСНИ АЛДАБ БЎЛМАЙДИ

paxtakorst

Футбол ўз анъаналари билан чиройли, ҳар қанақасига олиб қараганда ҳам. Унинг бу жиҳатларини ҳурмат қилишни истамаган кишилар кўп ҳолларда панд еганига гувоҳ бўлганмиз. Бир неча йиллик чиройли анъаналарнинг биргина ёки бир неча шахс туфайли ўзгариб кетиши мухлисларга оғир ботишига кўплаб мисолларни қалаштириш мумкин.Мен бугун шуларнинг фақат биттасига — ўзимизга тегишлисига тўхталиб ўтишни истардим.

Мактабда ўқиб юрган кезларим синфдошларим билан “Пахтакор” иштирокидаги марказий ўйинларни кўришга бориб турардик. Бугун чойхонада ўша йигитлар билан бирга бўлиб, уларнинг кўпи ҳозир футболга умуман қизиқмаслиги ҳақида ўйлаб қолдим. Лекин ўша вақтларда “Пахтакор” стадионига ошиқишар, футболга меҳри бўлакча бўлган мендан аввалроқ чипта муоммосини ҳал қилиш ҳақида қайғуришарди. Жамоани стадиондан туриб қўллаб-қувватлаш уларга завқ бағишларди.

Бугун эса ўша “Пахтакор” стадиони ҳувиллаб қолган. Менга турли сабабларни рўкач қилиб кўрсатишлари ортиқча. Балки додам давридаги аншлаглар ҳақида гап кетиб, менинг ўзим мухлис тўла стадионни кўрмаганимда эди, балки ишонтириш осонроқ бўларди. Бироқ мен “Металлург”га қарши ёмғирли ҳавода кечган учрашувга-да оқиб келган мухлисларни ўз кўзим билан кўрганман, кейинроқ уларнинг қадами стадиондан узилиб қолганини ҳам.

Мен қайсидир инсонни бунга айнан айбдор деб кўрсатишни истамасдим. Бироқ ишқибозлар ташрифининг кескин камайиши айнан қайси йиллардан бошланганини мен каби сиз ҳам яхши биласиз. Жамоа ҳаддан ташқари кучайиб кетди. Бироқ “Пахтакор”нинг юришлари мухлислар меҳрини тошириб юбормади. Ҳар қанча уринманг, фикримни ўзгартирмайман: томошабинни алдаб бўлмайди.

Ҳа, алдашнинг иложи йўқ. Уларга ясама натижалар, сунъий тузилган жамоа керак эмас, бу стадион бўшаб қолганида ҳам яққол кўриниб турибди. “Пахтакор”нинг ҳар бир ўйинига ташриф буюрадиган фанатлари ҳафа бўлишмасин, улардан гина йўқ. Аммо уларнинг ўзлари ҳам стадионда зерикиб қолаётганларини ич-ичларидан тан олишади. Чунки улар ҳам мен каби мухлис тўла аренани соғинади.

“Пахтакор” ўз амбицияларига қарши борди. Балки ўша амбицияларга эътибор қилмайдиган одамлар томонидан қўлга киритилгани учун ҳам шундай бўлдими, деб ўйлаб қоламан. Ўша Жепаров ва ўша Нестеровлар, Кападзе-ю Гейнрихлардан тузилган жамоа сунъий бўлиб чиқди. Терма жамоа асосини яратгандек бўлдик, бироқ бу билан Олий Лигага бўлган интригани ўлдириб қўйишди. Қайтага водий клублари қутуриб кетган пайтлар файзлироқ бўлиб кўрина бошлади. Мен Саркисян ҳалол ишлаган ёки йўқ қабилидаги саволлар билан ўралашиб қолишни истамайман. Бироқ унинг каби кишилар бор вақтда рақобат нисбатан соғломроқ эди.

Бугунги “Пахтакор”дан эса унинг асл одамлари кетиб бўлди. Игорь Шквирин деган ҳужумчини ҳаммамиз эслаймиз. «York» ёзуви бор либосида “Пахтакор” учун урган голларини эсдан чиқармаймиз. Бугун эса ўша таран ҳужумчи Олмалиқ томонларда тентираб юрибди.

Азамат ва Биродар Абдураимовлар-чи? Нима қилган тақдирида ҳам улар “Пахтакор”га тегишли одамлар бўлган. Бироқ уларнинг қадами ҳам ўша стадиондан узилиб қолган.

Миржалол Қосимовнинг “Пахтакор” учун қилганларини унутиб бўлмайди. Клуб эса у билан футболчи вақтидаёқ хайрлашиб қўя қолганди. Кейинчалик унинг қадамлари ҳам умуман бошқа клубни оёққа турғазиш учун хизмат қилди. Ва бу каби мисолларни кўплаб топиш мумкин. Одамлар “Пахтакор”дан бутунлай кўнгил узиб кетди демоқчи эмасман. Аммо улар учун стадион муқаддаслиги қолмади. Бу эса ҳақиқий фожеа.

Сиз ўйлайсизки, “Пахтакор”да Бабаян чизган чизиқдан чиқмайдиган мураббийлар мен юқорида санаган инсонлардан кучлироқ эдими? Ҳаммангиз йўқ деб жавоб беришингизга негадир ишончим бор. Шунчаки улар ўзларини қадрламаган муҳитга қайтишни истамайди.

Мен бу борада “Бавария”га қойил қоламан. Клуб структураси ўз вақтининг моҳир футболчилари устунига қурилгани ҳавасимни келтиради. Франц Бекенбауэр, Карл-Хайнц Румменигге, Маттиас Заммер каби инсонларнинг хизматини “Бавария” унутиб қўймаган. Бу клуб вақти келиб Филипп Лам ва у билан елкама-елка тўп сурган йигитларни ҳам унутмаслигига ишонаман.

Бабаян миллий терма жамоа рулида керагидан кўп танқид қилинаётганида ҳам мана шу нарсалар ётибди, у буни тушуниши керак. Унинг терма жамоа тепасига келиши айнан шунинг учун кўпчиликни хурсанд қилмаган. Чунки мухлисни алдаб бўлмайди. Мухлис эса Олий Лига интригаси қачон, нега ва кимлар томонидан ўлдирилганини яхши билади. Айтолмаса ҳам билади, тушунади, ҳис қилади.

Футболимиз мухлислар ҳиссиёти билан керагидан кўп ўйнашди ва уларни бездириб қўйди. Ўша мухлислар орасида мен ҳам борман. Ўша мухлислар орасида бугун мен билан чойхонада ўтирган синфдошларим ҳам бор. Сизни билмадим-у, мен 36-сектори билан машҳур ўша “Пахтакор”ни соғинаман. Уни ҳаммамиз яхши кўрардик, авайлардик. Биринчи севги охирига қадар бўлишига ишонаман. Лекин баъзида уни ичингга кўмиб, ташқарига чиқармай юришни афзал биласан. Одатда унинг қадрига етилмаганида шундай бўлади.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

«Эрудит Спорт»нинг №123-сони 1 декабрь, пайшанба кунидан сотувда!

1.cdr

«Эрудит Спорт» — Асл ишқибоз газетаси!

4 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: МУХЛИСНИ АЛДАБ БЎЛМАЙДИ"

  1. kim haqiqiy anshlagni. kormoqchi bosa marxamat buxoroga kelsin har uyinda liq tola tribunalar hato loko bn uyinga xam ttymi stadionigaham bordik buxoro fan klubi 500 kiwi lokodan 2oo kiwi nana sanga poytaxt mana. chempiiion

  2. ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИДГИ КОМНДАЛАРИМИЗНИ УЙИНЛАРИ ИШТИРОКИНИ КУРИБ ХЕЧ КАЧОН ХАКИКИЙ ИШКИБОЗЛАР УЗБЕКИСТОН ЧЕМ, КУРГАНИ СТАДИОНГА БОРМАЙДИ Бунинг учун 4-5 суперклублар ЧЛ КАТНАШИБ ЧЕМПИОН ЕКИ КАМИДА ЯРИМФИНАЛЧИ КЛУБЛАРИМИЗ БУЛИШИ КЕРАК ХАР ЬИР КЛУБДА 2-3ТА КУЧЛИ ЛЕГИОНЕР УЙИНЧИЛАР БУЛИШИ КЕРАК . (ЛЕГИОНЕР УЙИНЧИЛАР ДОРДАН КОЧГАНЛАРИ УМУМАН КЕРАК ЭМАС) Бунинг учун асосий масала маблаг керак)Бизларни 21 асрда технолгиялар ривожланган даврда уйинллар интервьюлар хаммаси жонли узатиш керак футболни тушунмайдиган жинни-пинни саволлар берадиган футболчи тренерларга спортжурналистларни (асосан кизьола журналисткаларни тв хайдаш керак) Бу мени шахсий фикрим

  3. Мен сизни эшитиб узимни стадионнга тушиб юрган пайтларни эсладим пахтакорни куриш учун куп ишхоналарда рухсат сураб вактлирок кетиларди рахбарларам тугри тушунишарди чунки бу кун байрам хисобланарди футбол ишкибозлари учун . Биза 1-йилга каримдошлар билан хаммамизга 12 киши стадион атрофида йигилишиб хангомалашиб кулишиб кайфиятни аьло килиб кейин стадионга кирардик . Кейинги уйинни кутиб яшардик албатта бу СССР чем хакида езвотман интрига жуда кучли эди Хозирги чемпионат уйинларини куриб хайрон коламан жуда зерикарли секин комбинацияли умуман уйинлар йук чем интрига 0 га тннг хозирги технологиялар даврида телевидения оркали уйинлар жонли равишда хамма шахарлардан курсатиб туриш керак узб чем уйинлари куни кундалик курсатувлар уйиштириш интерьвюлар жонли равишда уйинчилардан тренерлардан бериш керак . Бизларни командалар осиеда чемпионлар лигасида бунака иштироки билан хакикий футбол ишкибозларини чемпионат уйинларини стадионга бориб куришга мажбур килолмайди

  4. Биродар Абдураимов | 30.11.2016 в 08:59 |

    Яшанг,Диёрбек!Ука,сиздан шундай таъсирли ва танкидий маколалардан яна кутиб коламиз!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*