ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ТАКЛИФИМ — «НАВРЎЗ КУБОГИ»

uzb-eroon

Кўникиб яшаш ва қониқиб яшашнинг бир-биридан фарқи бор, буни биласиз. Кимдир борига кўникиб яшайди, кимдир эса ҳаётидан қониқиб яшайди. Биринчи тоифа кишилар ҳаммасини тақдирдан деб билади, иккинчиси эса чинаккам бахтли инсон.

Янги ташкил этилган Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси биринчи тоифага киради, сўзсиз. ОФК мана шу федерацияни ташкил этиш вазифасини ЎФФга ишониб топширганди. Унинг фаолияти ўша ЎФФдан катта фарқ қилаётгани йўқ.

Нега айнан бизга ишонилганини аниқ билмайман. Мантиқан ўйлаб қараганда, Ўзбекистондан-да қулайроқ жой топиш қийин — биз қоқ марказдамиз. Эроннинг бизга қўшиб қўйилгани ҳам мантиқан тўғрироқ. Арабларга қўшилиб қолганидан яхшироқ бу.

МОФА ҳар йили маълум миқдорда турнирлар ташкил этиб туришга мажбур. Буниси энди давоматга ўхшаган нарса. Планни бажариш учун қўл тегди, бир нарса тегди қабилида иш ташкил қилса бўлади ҳар қалай, бегона бўлмаган услуб. Ёшлар ўртасида турнир бўлиб ўтди масалан. Эрон келмай ҳам қўя қолди. Ўзбекистон иккита жамоаси билан иштирок этди. Ўйинлар орасида дам олиш кунлари йўқ эди. Тезроқ турнирни тугатиб, қолган жамоаларни тезроқ тарқатиб юбориш исталаётган мусобақага ўхшаб кетди. Кейинроқ эса қизлар ўртасида турнир бўлиб ўтди. Бунинг биз учун фойдали томонини кўрмадим. Агар шу ташкилотни қониқиб бошқаришни истаганимизда, қизиқарлироқ нимадир ўйлаб топса бўларди.

Хаёлимда эса Наврўз Кубоги айланиб ётибди. Нега Наврўз? Бу байрам ташкилотга кирувчи мамлакатларнинг ҳаммасида нишонланади, хатто ўша Эронда ҳам, балки бизга қараганда яхшироқ ҳам кутиб олишар. Бу мен кўраётган энг яхши уйғунлик. Мана шу хаёллар билан юрганимда, Қирғизистон терма жамоаси ўртоқлик ўйинида Қозоғистон устидан зафар қучди, тожиклар эса туркманлар дарвозасига жавобсиз 3 та гол урди. Афғонистон мана шу Тожикистон билан Туркманистонга қараганда яхшироқ ўйнади.

Олдин вазият қандай бўлгани ўз йўлига, бугун уни яхшилаш учун ҳаракат давом этаётганида нега футбол ундан ўрнак олмаслиги керак? Эрон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон миллий терма жамоалари иштирок этадиган турнирга Қозоғистонни ҳам таклиф этиб, яхши бир турнир уюштириш нега мумкин эмас?

Айтайлик, ФИФА рейтингидан келиб чиқиб, саватлар ташкил этилади ва турнир клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати каби ўтказилади. Аввал Афғонистон ва Тожикистон ўзаро бошлайди. Ғолиб жамоа, 1/4 финалга йўл олади. Бу ерда Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон уларни кутиб турибди. Икки жуфтлик ғолиби ярим финалда турган Эрон ва Ўзбекистонга рақиб бўлади. Энг сўнггида финал. Яъни, рейтингда олдинроқ бўлган жамоалар 2 тагина учрашув билан турнирни якунлаши мумкин. Терма жамоалар маркази Иордания ёки Ливан билан беллашганидан кўра, Қозоғистон ёки Эронга рақиб бўлгани яхшироқ эмасми? Боз устига ўйинларнинг ҳаммаси дерби мақомида бўлса. Турнир навбатма-навбат ҳамма мамлакатда ўтказилиши мумкин. Шунчаки яхши бир ташкилотчи ва етакчи керак. Наҳотки Ўзбекистон шу ишни эплай олмайди?

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

6 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ТАКЛИФИМ — «НАВРЎЗ КУБОГИ»"

  1. Икром | 29.11.2016 в 15:19 |

    Яхши таклиф. агар турнирнинг ўтказиш формати, муддати ҳамда мукофот жамғармаси каби тарафларини ҳам кўнгилдагидек ташкил қилинса, кейинчалик Quvonchbek айтганидек, «Наврўз» байрами нишонланадиган Озорбайжонни ҳам таклиф қилиш мумкин. агар турнир ўзини оқлайдиган бўлса (ҳам молиявий, таркиб ва сифат) кейинчалик Туркияни ҳам таклиф қилиш мумкин.
    фақат бунинг учун астойдил жон куйдириб ишлайдиган мутахассислар ишлаши керак.

  2. Бабаян қачон кетар экан а

  3. Revenger | 27.11.2016 в 17:10 |

    Diyor aka. Ulaga barbir tasir qimaydi. Ularga tinchlik kerak. Agar haqiqiy jonkuyar bo’lishganida sizni ko’rsatuvizdi olqiwlashardi, bo’watishmasdan. Ular haqiqiy jonkuyar bo’lganlarida Babayanni bo’shatishardi. Ular jonkuyar bo’lganlarida avlodlar almashinuvi qilayotgan Qosimovni bo’shatishmasdi o’sha paytda. Ular jonkuyar bo’lganlarida ……. oradan 1 kun o’tdi ….. 🙂

  4. Quvonchbek | 27.11.2016 в 14:46 |

    Turnirga Qozogistondan tashqari yana bitta terma jamoani, masalan, Ozarbayjonni ham taklif qilib,4 tadan 2 ta guruhga bo’linib o’ynagan maqulroq. Bitta oyindan iborat turnirga nisbatan qiziqarliroq bo’lardi

  5. Shahin Mirzo | 27.11.2016 в 14:34 |

    Bu gaplarda jon bor

  6. YAXSHI TAKLIF AFRIKANI QATDIGI BIR QISHLOGI BILAN UYINDAN KURA ERON QOZOQLA BILAN UYNASH YAXSHIRO

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*