ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҲОЗИРЧА БОРИМИЗ ШУ…

uzb-eroon

Тонгги дайжестларни ўқишни бошлаганимда бир хабар эътиборимни тортди: Эрон Футбол Федерацияси ОФКнинг йиллик тақдирлаш маросимига бойкот эълон қилган. Форслардан кутса бўлади, ўз ҳаққини ва ҳурматини талаб қилиб олишда уларнинг олдига тушадиган мамлакатни Осиёдан топиб бериш қийин.

Шундан сўнг Осиё Футбол Конфедерацияси сайтига кириб, 1 декабрь куни бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросими ҳақидаги хабарни излаб топдим. Номинациялар бўйича номзодларга кўз югуртириб чиқиб, улар орасидан бирорта ҳам ўзбекистонликни топа олмадим.

Эрон футбол борасида ўзига ишонадиган мамлакат. Йилнинг энг яхшилари орасида форслардан кимдир бўлиши керак, деб ҳисоблайди улар. Майли, Эрон номи 1 декабрь куни ғолиб бўлганлар орасида бўлмасин. Бироқ уларга тегишли ҳеч бўлмаганда битта клуб бўлса-да номзодлар орасида бўлиши керак эди. Йўқлиги эса уларнинг ҳамиятига тегиб ўтган.

Бизнинг эса парвойимиз фалак. Яна ҳам уялтириброқ айтганда, ҳамиятимизга тегадиган нарсанинг ўзи йўқ. ОФК форсларга қарши савол қўйиб, сизлардан кимни киритишимиз мумкин эди, дея олмайди. Улар қайд этаётган натижа айниқса терма жамоа миқёсида кўриниб турибди. Осиё Кубоклари бир неча йилдан буён ҳавога учаётган бўлса-да, Жаҳон Чемпионати саралашларида Эронга кўпчилик ҳавас қилади, хатто ўзимиз ҳам. Ўзбекистон ва Жанубий Корея каби кучли термалар форслар дарвозасига 90 дақиқа давомида бирорта ҳам аниқ зарба бера олмаётгани фикримга исбот бўлсин.

Агар ОФК мана шундай қарши саволни бизга берса, жавоб топиб беришимиз қийин. Йилнинг энг яхшиси бўлиш учун кимнидир кўра олмаётганимиз ҳозирги ҳолатимизни яққол кўрсатиб турибди. Бизда пичоққа илиниши мумкин бўлган биргина Равшан Эрматов бор. Аммо унинг кетма-кет тўрт марта йилнинг энг яхши ҳаками бўлгани, қолганларга ҳам имкон бериш керак деган табиий хулосага олиб келади. ОФК Эрматовчалик ҳеч кимни сийлаган эмас. Ва ўзимиз ҳам ҳар сафар битта номни кўрсатишдан ва ниҳоят уялишимиз керак. Футбол соҳасида шунча минг одам ишласа-ю, уларнинг ҳеч бири Эрматовнинг соясига ҳам яқинлаша олмаса — бу мақтанадиган ҳолат эмас.

Шунинг учун ҳам биз бойкотлардан узоқда юрамиз. Оч қорним, тинч қулоғим деган нақл қон-қонимизга қадар сингиб кетган. Ўз вақтида Жепаров, Инилеев, Эрматов олган совринлар билан овуниб қолаверамиз. Аслида эса энг катта камчилигимиз ҳам шунда. Бунга қадар Рашидовдан умидлар катта эди, ҳозир умидимиз йўқ дея олмасак-да, ҳар холда бир йил аввалги Сардор ҳозиргисидан кучлироқдек туюлади. Одил Аҳмедов бир неча йиллардан буён тинимсиз меҳнат қилади, аммо кучли бешликка илиниб олиш унга ҳам насиб қилаётгани йўқ. Бабаяннинг ўз ортидан эргаштириб юрган “ўғиллари” икки дунёда ҳам кучли бешликка тортмайди. Бу эса Эрон, Япония, Жанубий Корея, Австралия кабилардан ҳар қанақасига катта фарқ билан ортда эканимизни кўрсатади. Ҳозир эса БАА, Қатар, Хитой каби мамлакатлар ҳам ўзиб кетди.

Биз ўзимизга ўзимиз бойкот эълон қилиб, футболни ислоҳ қилишимиз яхшироқдек. Еб ётганга тоғ ҳам чидамайди деганларидек, давлатнинг пулини соғиб ётган аксарият футбол кишилари билан бир нарсадан умид қилиш йилдан-йилга абсурддек кўринади.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

1 Фикр "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҲОЗИРЧА БОРИМИЗ ШУ…"

  1. UFF MANA SHU YIL UZGARISH QILMASA UZBEK FUTBOLI YANA PASAYADI!
    MAQOLA UCHUN RAXMAT!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*