ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ГАПИР, ДЕНИСОВ

vitalik

Виталий Денисов каби футболчилар бизга керак. Нафақат ўйини бор футболчи сифатида, балки ўз фикрини қўрқмай айтишини ҳам ҳисобга олганда. Бу фақатгина футболни эмас, журналистикани ҳам бир поғона юқорига кўтариши мумкин.

Виталийнинг Ўзбекистонда савияли журналистни учратмагани борасидаги фикри менга тегиб ўтгани йўқ, очиғини айтаман. У Москвада яшайди, бир неча йиллардан буён. У русча сўзлашади ва русча фикрлайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистонда савияли журналист у ёқда турсин, савиясизларининг ҳам кўпи билан тўқнаш келмаслиги оддий ҳолат. Тасаввур қилинг, ўзбекча мақола ўқимайди, катта эҳтимол билан бу тилда чоп этиладиган спорт нашрларини ҳам санаб бера олмайди. “Спорт” телеканалини умуман кўрмайди. Тошкентдаги кам сонли кунларида радио эмас, ўзи саралаб олган қўшиқларни эшитиб юрса керак. Бундан келиб чиқадики, ўйиндан кейин унга савол берган 2-3 нафар журналист йигитнигина эслаб қолган. Фақатгина шуларга қараб бутун бир ўзбекистонлик журналистлар ҳақида фикр билдиргани аслида унинг савиясини кўрсатиб турибди.

Денисов футболни ҳар қалай эплаб ўйнаётган йигитлардан бири. Ўзбекистонда савияли журналист йўқ, деб қатъий туриб олганида ҳам ҳафа бўлмасликка ҳаракат қилардим. Унинг фикри мен учун кўп нарсани ҳал қилмайди. Керак бўлса, қўрқмасдан фикр билдиргани учун ҳам мақтаб қўярдим.

25 йилдан буён ўзбекистонлик на бир футболчи, на бир мураббий тайинли гапирмайди. Кўпи қўрқоқ, қолгани суяксиз аъзоларига эрк бермаслик нақадар ажиб ишлигини тушуниб етган, кўз-кўзга тушиб қолиши бор. Бунинг касрига журналистларнинг ўзи қийналиб кетган. Гапиришни бошлагани эса бир мушт ейди.

Денисов Россия Премьер-Лигасидек осон бўлмаган чемпионатда ўз ўрнини топиб олган йигит. Ўзимизнинг футболчилар билан солиштирганда устун. Ишини эплаётгани учун ҳам гапираверсин. Вақти келганда озгина қизартириш учун мингта сабаб топилади. Мен бугун бошқа бир жиҳатга эътибор беришни истардим. Денисовнинг фикри ўзбекистонлик бир қатор журналистлар тинчини бузди. Улар етарли даражада калака қилиб ташлашди футболчини. Денисовга ачиниш, олдига тушиш ёки унга қарши туриш ниятим йўқ. Муҳими, ўзини журналист деб ҳисоблаган кўпчилик фикр билдирди, қойил.

Ва мана шу фикрларнинг жуда кўпи Виталийнинг фикрларини тасдиқлаб қўйди. Боплаб ёзган, ўрнида тушунтирган касбдошларим бор, бироқ ошириб юборган ёки содда қилиб айтганда “ўтириб қўйган”лари ҳам етарли. Савияли журналист дегани нима? Ёки савияли бўлиб олишим менга нима беради? Айтайлик мақолам икки кишига ёқса, учинчиси албатта шахсиятимга тегиб изоҳ қолдиради. Мана шу учинчи ўқувчи билан талашиб, тортишиб дастлабки иккитаси каби фикрлашига мажбурлашимдан маъни йўқ. Бу ерда журналист савиясиз-у, ўқувчи савияли бўлиб қолиши муҳим эмас. Муҳими савияли одамнинг ўзи ҳаммасини тушуниб олади ва иложи борича жим кетади.

Мақолада ўтлаб кетаётганимни сезаётганим учун, бироз конкретлаштираман. Бизнинг энг катта хатоимиз ўзганинг фикрини ўзгартиришга керагидан кўп уринишимиз. Хато фикр бор, эркин фикр бор. Аслида иккиси ҳам фикр бўлса-да, бир-биридан фарқини тушуниб олишимиз керак. Масалан Ўзбекистонда русча ёза оладиган журналист йўқ дейиш хато фикр. Чунки ёза оладиганини юзлаб топиш мумкин. Ўзбекистонда савияли журналист йўқ демоқлик эса эркин фикр. Савияли ёки савиясизни топиб бериб бўлмайди, бу ҳар кимнинг ўз ўлчовига боғлиқ. Айтайлик журналистларнинг кўпи учун Ўзбекистонда савияли мураббий йўқ ҳисоби, тўғрими? Бу фикримизни ўзгартиришларига уриниш бефойда. Денисов билан боғлиқ масала ҳам шундай.

Бирор масалада келишмовчилик бошланса, бир поғона юқорига чиқиш ҳам чиройли, ҳам нисбатан тўғрироқ. Бир поғона пастга тушиш эса охири йўқ дебатга айланиб кетади. Ҳаётимда учраган 3-4 нафар чечен ёки бошқирдан келиб чиқиб, шу халққа тегишли барчани улар каби билишим менинг аҳмоқлигимдир. Тошкентликлар ундоқ, самарқандликлар бундоқ дейишим янада кўпроқ аҳмоқлигим. 3-4 нафар журналистдан келиб чиқиб, барча журналист ҳақида умумий фикр билдириш ҳам шундай нарса. Аҳмоқ ҳам, ўғри ҳам, тўғри ҳам ҳамма миллатда, элатда, маконда бор. Одамлар келиб чиқиши, ранги, ирқи ёки насабига қараб фарқланмаса қандоқ чиройли, аҳир. Қирғизлардан нормал ижодкор чиқмаган, деб умумий гапириб қўйсангиз, масалан, бошингизга Айтматовнинг икки томлик яхши китоби билан бир уриб, овозингизни ўчириб қўйишлари мумкин, тўғрими?

Худди шундай, Денисов масаласида ҳам юқорида турганимизда эди, балки унинг фикри бошқа томонга ўзгариши мумкинмиди, деб ўйлаб қолдим. Бир журналист у томондан, бошқаси бу томондан талаганидан кейин унинг фикри ҳеч қачон ўзгармайди. Ва у ўша тор доирадаги фикри билан бундан кейин ҳам янада ишонч билан давом этади.

Ваҳоланки ундан биргина фикр учун даҳо ясаш, эркин фикри бор ўзбекистонлик сифатида кўкка кўтариш, Россияда нонини топиб кетган йигит сифатида мақтаб, қолганларга уни ўрнак қилиб кўрсатиш, қўрқмай айтганидан хурсанд эканимизни айтиб, қолган футболчиларни ҳам мана шундай дадиллик учун ундашимиз, оҳир-оқибат ўша фикри учун қизартириш ҳам мумкин эди. Биз эса соқовлар орасидан сас чиқиши билан, бошига бир уриб, ўчириб қўйдик. Бундай ишларимиздан кейин ҳеч ким гапирмайди. “Соккер клуб”да ҳам, бошқасида ҳам. Яхшиси гапирсин, фикрласин, қўрқмасин, ўзига ишонсин. Бизга шундай авлод ва шундай футболчилар керак. Биздан бироз аввал яшаган ва ёзган 4 та шеъридан кўра кўпроқ, русга сотиб берганлари билан қадр топган “ижодкорларимиз”дан фарқлироқ бўлганимиз яхши. Мени кечиринг, касбдошлар…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

12 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ГАПИР, ДЕНИСОВ"

  1. O’zbekistonda «super» so»zi»ni qo»shib ishlatishga arziydigan futbolchi Denisov, jurnalist esa Diyor Imomxo’jayev. Gap egasini topadi degani to’g’ri. Vityani chaynagan jurnalistlar haqiqatdan ham nunoq ekanliklarini isbotlab quyishdi. Agar nunoq bo’lishmasa butun o’zbek muxlislari nomidan Babayanga savollar yomg’iri bilan tashlanishsin. Ijobiy javob olmaguncha yoki Babayan javob bera olmay qolguncha talashishsin. O’zbekistonda haqiqatdan ham nunoq jurnalistlar ko’p. O’yinni tahlil qila oladigan, Babayanni taktikasiyu (agar taktika deyishga arzisa), tanlagan futbolchilarini tanqid qilib o’zgarish bo’lishiga erisha oladigan jurnalist topilmayapti. Saytlarda deyarli bir yildan buyon millionlab muxlislar Babayanni tanqid qilishiyapti nohot shu muxlislar ko’ra olayotgan kamchiliklarni biror bir jurnalist sezmayapti. Agar egallab turgan joyidan qo’rqayotgan bo’lishsa u joy ularniki emas. Xirijiy saytlardan ma’lumotlarni olib tarjima qilish bu jurnalistika emas. Falon futbolchi pismadon klubga o’tdi. Manu jamoa anu futbolchiga shuncha dollarlik shartnoma taklif qildi. Falon komanda pismadon komandani yutib manu o’ringa chqib oldi. Bu endi jurnalistika emasda. Saytlarda ham bor yo’g’i to’rt qatorli xorijiy xabarlar ko’payib ketdi. O’zbek futboli haqidagi xabarlar yo’q hissobda. «Sanderlend» yoki «Malaga»dagi o’yinchini taqdiri yoki nima qilganidan ko’ra o’zimizni Yaxshiboyev va Abduqodirov haqidagi xabarlar yaxshiroq bo’lsa kerak. Chet el futbolchilarini qanday rusumli avtomobilda yurishlari haqidagi ma’lumotni yozishadiyu o’zimizni Bikmayev qanday telefon ishlatishini bilishmeydi. Qiziq…

  2. Диердажон санга гап хакикати гапирганг учун рахмат тугри гап туккангга екмайди диержон узинг янги сайт оч

  3. Диердажон санга гап хакикати гапирганг учун рахмат тугри туккангга екмайди

  4. Баракалла,Диёрбек!Барча ёзганларингизга кушилмай сира,илож йук!Сизни,»Соккер клуб» ва»Футбол шархи»лардаги уйинларни шархлашларингизни мирикиб эшитиб,гапни очиги рохатланардим.Ука,сиздака руй рост, барча хакикатларни куркмай халкка етказадиган журналистларимиз сони бундан-да,купаяверсин!Ука,илтимос иложи борича,Спорт ТВ га кайтинг!Барча,футбол ишкибозлари сизни ,ман катори интиклик билан кутишмокда.Ижодингизга омад!Саломат булинг!!!

  5. Qiziqarli maqola chiqaradigan jurnalist Hayrulla Hamidov edi yaxwi Diyorbek Imomhujayev ham qushilibdi. 100% fikrizga qushilamiz va hurmat qilamiz

  6. Виталий тугри гапирган. Бизда савияли журналистдан савиясизлари куп. Купи куркок, бу куркоклик футьолчилару мураббийларга хам юккан. Кимлар танкит килиб,кимлар этироз билдирганларни хаммасини танийман. шу танкитчиларни узини кулидан хеч нарса келмайди.бирор нарсани эплаб ёзомаган, лекин твиттер ва фейсбукда уни буни гийбатини килиб утиришади.Хатто виталийни миллатини хам тилга олиб утишди. миллатини нима алокаси бор. танкид килдими чида,миллатига тил теккизмай, хакорат килмай жавоб кайтар. Утган йили Нодирхужа Юлдашев манча пул йигилса муаммоларни очиб ташеман деганди. шу инсонни шу гапи учун халигача чайнашиб, мазах килишади. уша мазах килувчилар энди бу йил виталийга ташашди.ундан кура ёрдам бер. Узлари муаммони кутариб чиколмеди, муаммони гапирганга халакит килишади.

  7. Азамат | 12.11.2016 в 17:34 |

    Яхшиям шу Диёр бор экан, хеч булмаса битта журналист Виталий Денисов тарафини олибди.Рахмат хакикат учун. Афсуски хакикат учун Имомхужаев Спортдан кетди… Тезрок кайтинг Диёр Имомхужаев. Спортда хам Еврофутболларни курейлик

  8. Diyorga ham,Vityaga ham omad!

  9. Узбекистонда мен учун битта журналист яхши ДИЁР ИМОМХУЖАЕВ ! Виталий узихам тугри гапирди.
    Якин келажакда яхши жамода уйнашини биламан!

  10. Shunchaki klass !!!

  11. Denisov: Fikrimno o’zgartirdim. O’zbekistonda umuman saviyali va dangal gapni ayta biladigan jurnalist umuman yoq ekan!

  12. Jamshid Safarov | 12.11.2016 в 13:15 |

    Vitaliy Denisov prav! Bechorani bitta gapi uchun talab tashash yaxshi emas.Vitaliy uzi intervyu bergan jurnalistni aytgandurda. Uzi futbolchilar zutga gapiradi. Endi tugrigsi umuman gapirmasa kerak.Maqola uchun ramat Diyorbek

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*