Элмурод ТАСМУРОДОВ: «МЕДАЛСИЗ ҚАЙТГАНИМДА ЎЗИМНИ КЕЧИРА ОЛМАСДИМ»

tasmurodov

Рио-де-Жанейро. Олимпиада. Юнон-рум кураши бўйича 59 килограмм вазн тоифасидаги баҳслар. Спортчимиз Элмурод ТАСМУРОДОВ бронза медалини қўлга киритди. “Эрудит СПОРТ” нашри спорт оламининг энг нуфузли мусобақаси – ёзги Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳибини “Эксклюзив интервью” лойиҳасига таклиф қилди.

– Элмурод, аслида бокс билан шуғулланиш учун кураш тўгарагига қатнаган экансиз-а?

– Ҳа, дадам чиниқсин, кейин боксга қатнайди, деб курашга олиб борган. Маълум муддат дзюдо билан шуғулланганман. Тақдир экан, юнон-рум курашида муваффақият қозондим. Шундан сўнг курашда қолдим.

– Меҳнат билан амалга ошириб бўлмайдиган иш йўқ. Шубҳасиз, муваффақиятингиз замирида ҳам машаққатли меҳнат ётибди.

– Ҳаётда биринчи устоз ота-она экан. Қийинчиликларни енгишни улардан ўрганман. Ёшлигимда машғулотга бориш учун қишлоқдан бекатгача беш километр масофани пиёда босиб ўтардим. Залгача яна автобусда тўққиз бекат юриларди. Мен билан тенгдошларим ҳам қатнаган. Бироқ қийинчиликка чидамай, икки-уч кунда ташлаб кетган. Дадам ҳайдовчи бўлганлар. Ҳар куни машғулотдан қайтсам, машина таъмирлаётган бўлардилар. Шунда мой бўлган қўлларини кўрсатиб, “Ўғлим, менга ўхшаб юрганинг яхшими ёки спортда юртимиз шарафини ҳимоя қилганингми?”, деб сўраб, “меҳнатдан тўхтатма”, дердилар. Бир кун машғулотдан қолиб кетсам уришардилар. Ҳатто эрталаблари ўзлари уйғотардилар. Талабчан эдилар. Отамдан қўрққанимдан залга борган пайтларим бўлган. Ҳозир булар учун дадамдан миннатдорман.

– Эсимда бор, Лондон Олимпиадасида 16-ўрин билан кифоялангансиз. Тўрт йил ўтиб, учинчи ўрин – бронза медали соҳибига айландингиз!

– Биласизми, 2012 йили энди-энди катталар ўртасидаги мусобақаларда қатнаша бошлагандим. Вазним бўйича терма жамоамизнинг иккинчи спортчичи эдим. Кучли ишонч йўқ эди. Шунга қарамай, Осиё чемпионатига бордим. Кутилмаганда кумуш медал билан йўлланмани қўлга киритдим. Тажриба ўз сўзини айтаркан, Олимпия ўйинларида ютқазиб қўйдим. Лекин ишонч бераркан бу мусобақа. Ютқазмайдиган спортчининг ўзи йўқ. Мағлубиятни дарс деб билиб, ҳаракатдан тўхтамадим.

– Рио Олимпиадасидаги рақибларингиз совриндор спортчилар эди. Сербиялик Кристиан Фрисни ҳам, шимолий кореялик Юн Вон Чолни ҳам осонлик билан ютдингиз. Ярим финалдаги кубалик курашчи Исмаел Баррерани Тошкентдаги мусобақада 10:0 ҳисобида доғда қолдиргандингиз. Ўша натижани такрорлаш учун нима етишмади?

– Бразилияга икки ҳафта илгари борилди. Таомлардаги фарқ катта экан, қарийб ўн бир килограмм вазн ташладим. Гиламга чиқадиган куним эрталаб турсам, ўзимни бўш ҳис қилсам денг. Тикланишга улгурмаганман. Натижада боримни бериб курашдим. Қаттиқ меҳнат қилгандим. Мағлубиятга учраб, медалсиз қайтганимда ўзимни ҳеч қачон кечира олмасдим. Тан оламан, ярим финалда нотўғри тактика танладим. Баҳс бошидан усул қўллашим керак эди.

– Бронза медали учун курашда “очколар қувлашмачоғи” кузатилди.

– Рақибим – тажрибали курашчи эди. У билан ўртоқлик баҳсларида куч синашганмиз. Ўша курашларнинг бирортасида ютмаганман. Бошқа томондан, бир-биримизнинг имкониятларимизни яхши биламиз. Дастлаб бешу нолга ютаётгандим. Ҳисоб кўз очиб юмгунча бешу олтига ўзгарди. Кейин ҳаммаси худди кинодагидек содир бўлди. Қандайдир лаҳзаларда кўз олдимдан қийинчиликларим ўтди. Қишда кросс югурардим. Ўша югурганларимни гавдаланди. Ота-онам йиғлаб тургандек кўринди. Йўқ, дея, ғалабани қайтардим. Худога шукр.

– Медал олишингиз тушингизга кирган экан. Шу ростми?

– 2015 йили АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилган кураш мундиалида ютқазиб қўйгандим. Ўзимдан хафа бўлдим. Ҳатто кураш тушгим келмай қолди. Қаттиқ тайёргарлик кўрилганди. Уйдан кўчага чиқмадим. Мураббийлар чақиради, машғулотларни бошлаш керак. “Мазам йўқ”, деб баҳона қиламан. Кейин кўзим илинибди, тушимда Олимпиададаман. Юртимиз байроғини кўтариб, югуриб юрибман. Нечанчи ўринни олганимни билмайман. Уйқудан уйғонганимдан шартта кийимларимни йиғиштириб йўлга тушдим. Мана, бронза медали қўлга киритилди. Лекин негадир ўзимни учинчи ўринни олгандек ҳис қилмайман. Худди бўлмагандек. Ҳатто мухлислар табрикласа хижолат бўлиб кетаман.

– Сизни Осиё чемпионатларида тўхтатишнинг иложи йўқ. Кетма-кет чемпионлик буни тасдиқлайди. Энди Жаҳон чемпионатида зафар қучишни режалаштираётган бўлсангиз керак?

– Яқинда оила қурдим. Шунинг учун фақат эрталаблари, бир маҳал шуғулланяпман. Чилла чиққач, машғулотларга енг шимариб киришаман. Сиз айтгандек, мени 2017 йилги Жаҳон чемпионати кутмоқда.

– Ҳаётдаги энг катта орзунгиз?

– Бир умр бахтиёр яшашни истасангиз, бошқаларга ёрдам беринг, дейишган экан. Энг катта орзум – ота-онамни бахтли қилиб, фарзандларимдан фахрланиб юрсам. Яна мураббийликка қизиқаман. Чемпион шогирдларни тарбиялашни истайман. Бундан ортиқ бахт бормикан?

– Яхши ниятларингизга етиб юринг!

Қисқа савол-жавоб:

— Ҳаётда қандай инсонсиз?

— Камгап инсон.

— Олимпиададан кейин нима билан банд бўлдингиз?

— Тўй ташвишлари билан.

— Яна қайси спорт турларига қизиқасиз?

— Бокс ҳамда дзюдо. Якшанба кунлари бокс залига бориб, шуғулланиб тураман.

— Ўзбек санъаткорлари клипларига таклиф этса…

— Тўғриси, тасвирга тушишга уяламан.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди.

“Эрудит СПОРТ” маълумотномаси:

1991 йилнинг 12 декабрида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида дунёга келган. Илк устози – Абдурауф Ёқубов. Ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Осиё чемпиони; Уч карра Жаҳон чемпионати совриндори; Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби; Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи;

Фикрлар "Элмурод ТАСМУРОДОВ: «МЕДАЛСИЗ ҚАЙТГАНИМДА ЎЗИМНИ КЕЧИРА ОЛМАСДИМ»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*