МИСИ ЧИҚҚАН МЕДАЛЛАР ЁХУД «ЛЕГИОНЕР СПОРТЧИ»ЛАР БИЗГА КЕРАКМИ?

soslan-ts-1

Ўзбекистон байроғи остида халқаро мусобақаларда қатнашган ва икки карра Олимпиада ўйинлари совриндори бўлган эркин курашчи Сослан Тигиев билан боғлиқ допинг муаммоси ўтган ҳафтанинг бош мавзуларидан бирига айланиб, жаҳон спорти айвонида шов-шувга сабаб бўлди. Курашчи Ўзбекистон байроғи остида 2008 йил Пекинда кумуш, 2012 йил Лондонда бронза медалини қўлга киритган эди. Унинг Лондондаги медали анча аввал бекор қилинганди, яқинда Пекинда қўлга киритган медали ҳам олиб қўйилди. Сабаб – допинг қабул қилгани.

Албатта, Олимпиадаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Артур Таймазов сингари спортчилар ҳар қандай мақтовга муносибки, бундай шахслар фақат Олимпия шон-шуҳрати музейларида эмас, мухлислар қалбида ҳам ўчмас из қолдиради.

Бироқ Сослан Тигиев билан юз бераётган можароларда медалларимиз сони камайиб қолганидан эмас, ғирромлик билан бизнинг байроғимизни ҳимоя қилаётган спортчининг ғолиб бўлганига куюндик. Биласиз, халқаро майдонда спортчининг қайси мамлакат шарафини ҳимоя қилаётгани инобатга олинади, кимлиги, қаерда шуғулланиши эмас. Тўғриси, Риодаги Олимпиада олдидан хорижлик спорт мутахассислари Ўзбекистон таркибида Артур Таймазов энди йўқлиги сабаб «олтин»га даъвогар яққол спортчи йўқлигини айтишганди. Бунга жавобан эса ўзимизнинг йигитлар тўртталаб олтин медални қўлга киритишгани жуда зўр бўлди. Бор экан, бир эмас, бир нечта бор экан. Бу ерда гап миллат ажратишда эмас, шунчаки ўзбек спортининг легионер спортчилар иши учун ёмон отлиққа чиқиши яхши эмас.

Ҳалолликдан чекиниш миллатимизга умуман зид тушунча. Айнан шу боис миллий курашимизда ҳам энг олий баҳо – ҳалол. Биз минг йиллик анъанамизга қарши бориб ғирромлик қилишимиз мумкинми? Эсимдан чиқмайди, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида эркин кураш баҳсларини шарҳлаган рус шарҳловчиси Тигиевни «наш Сослан» деганди. Ҳа, тўғри. Чунки у Россияда шуғулланади, фақатгина мусобақаларда бизнинг номимиздан қатнашди. Такрорлайман, гап спортчиларнинг миллатида эмас, лекин бу спортчилар Ҳасанбой, Фазлиддинлардек кўз ёш тўкиб, ғалабасини халқига бағишлай олмайди, Муҳаммадқодирдек мадҳия айтолмайди!

during the wrestling event at the China Agriculture University Gymnasium during Day 12 of the Beijing 2008 Olympic Games on August 20, 2008 in Beijing, China.

Нима учун ўзимизда шунча йигитлар бўла туриб, биз катта пул сарфлаб бошқа мамлакатдан спортчи ёллашимиз керак? Нимага кўча-куйдаги йигитларимизни кўздан кечириб, «сендан чемпион чиқади» дейишнинг ўрнига Кавказдаги профессионал спорт мактабларида спортчи қидиришимиз керак? Ахир Ватан шаънини пулга сотиб олишдан нима наф? Қўшиламан, ўзимизнинг чемпионларни тарбиялаш узоқ вақт талаб қилар, легионер олиб келиб, чемпион қилиш тезроқ самара беради, аммо тўғри йўл доим узоқ бўлади. Бунинг устига уларнинг қандай тайёргарлик кўраётгани, нималар еб-ичаётгани (допинг ҳам озиқ-овқат-да) бизга номаълум. Улар келишади, тайёр ҳужжатларни олишади ва мусобақага жўнашади. Совриндор бўлишса, мукофотларини олишади-да кетишади. Бир не-ча йил ўтгач, Ўзбекистон навбатдаги марта Олимпиада медалидан маҳрум этилганлиги ҳақида жаҳон спорти оммаси бонг уради. Буни оғзи куйиш деймизми? Хўш, бундай ғалабалар бизга керакми?

Эсласангиз керак, 2000 йиллар аввалида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида «маҳаллийлаштирилган» ўйинчилар пайдо бўлганди. Маминов, Пашинов, Георгиевлар. Жуда хунук хотиралар қолган ўша терма жамоадан. Худди бошқа жамоа ўйнаётгандай бўлганди. Якунда бир марталик йўлланма учун ўйнаб, ҳеч нарсанинг уддасидан чиқмай қайтиб кетишганди. Бу самара бермаган.

Биласизми, нима учун Осиё футболида рақиблар бизни ҳурмат қилишади? Қатар, Қувайт, Саудия, Хитойларда футболни катта пуллар ҳисобида ривожлантиришга ҳаракат қилишмоқда. Дунёнинг тўрт томонидан келган футболчилар клублар ва термаларни «безамоқда». Яқинда Қатар термасини мағлуб этганимиздан кейин маҳаллий газеталардан бири ҳасрат қилиб қолганди: «Қатар футболни ривожлантиришнинг нотўғри йўлидан бораётганини Ўзбекистон исботлаб берди. Сафимиздаги умуман ватан тушунчаси бўлмаган, пул учун ўйнаётган футболчиларнинг нима кераги бор? Ўзбекистонни қаранг, барчаси маҳаллий йигитлар…». Бу ерда ҳал қилувчи сўз «пул учун». Пул учун ишлаш мумкин, пул учун изланиш мумкиндир, лекин пул учун бошқа мамлакат шарафини ҳимоя қилиш ҳар қанча замонавий бўлмасин, бизга ёт тушунчадир. Клубда ўйнаса, бошқа гап.

Артур Таймазов сингари афсонавий спортчиларга ҳурматни сақлаган ҳолда уларга миннатдорчилик билдириб, хориж давлатларидан легионер-спортчилар «импорти»га чек қўйиш керак. Бунинг вақти аллақачон етиб келганлигини боксчи, курашчиларимиз, атлетларимиз Бразилияда исботлаб беришди.

Қатар-у Қувайтларнинг аҳолиси миллионнинг нари-берисида. Шундан деярли ярми мулкдорлар ва қирол оиласи. Спорт билан шуғулланадиган одам камлигидан четдан излашади. Бизда эса шукурки, қони қайноқ, юрагида ўти бор йигитлар миллионлаб топилади. Ўша легионерларга кетадиган харажатларни ҳам, медаль олишни ҳам ўзимизнинг йигитларга қўйиб берайлик. Бошқа давлат терма жамоасидан ўрин ололмай юрган спортчиларга паспорт бериб, мусобақаларга олиб чиқиш ўзлигимизга хиёнат бўлади. Ўзимизга хиёнат қилмайлик. Токи яна «олтин»ларимизнинг миси чиқиб қолмасин…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

1 Фикр "МИСИ ЧИҚҚАН МЕДАЛЛАР ЁХУД «ЛЕГИОНЕР СПОРТЧИ»ЛАР БИЗГА КЕРАКМИ?"

  1. Olimpiadada uzimizni sportchilar zur ishtirok etishdi. Endi faqat Uzbekistonliklar qatnashishi kerak. Rossiya va Osetyalardan sportchi endi umuman keremas!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*