ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: КИЧИК МУНДИАЛИНГИЗ БОШИНГИЗДАН ҚОЛСИН!

yoshlar-fo

Ёшлар футболи ҳақида гап кетганида Жаҳон Чемпионати ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги ҳақида кўп бор айтиб ўтганман. Кичик Мундиал юлдузларни кашф этишда беназир бўлса-да, бизнинг футбол ҳали у даражага чиқиб олган эмас. Энг кучли 24 та мамлакат орасида бўлишимиз Месси ёки Роналдуни етиштириб бермайди.

Нигерия ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионлигини энг кўп бор қўлга киритган, бироқ бу нарса миллий терма жамоа муваффақиятлари учун хизмат қилди деган фикрга қўшилмаган бўлардим. Футболчилар ёшини кичиклаштириш эвазига эришиладиган ютуқ ҳали ҳеч нарса эмас. Бир неча йилдан кейин эса ёшнинг аҳамияти у қадар катта бўлмаган футбол бошланади ва ўша пайтда ҳақиқий савия кўриниб қолади.

Жасур Абдураимов бошчилик қилган жамоанинг Жаҳон Чемпионатидан четда қолиб кетгани мени ҳафа қилмади. Гарчи чорак финалдан ўта олмаган бўлсак ҳам, ўша мураббий ва ўша футболчилар менда илиқ таассурот қолдирди. Сабабини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш бугун биз учун катта воқелик эмас, одатий ҳолга айланиб бўлди. Демак, «планка»ни бошқа нуқтага қадар кўтариш вақти аллақачон келган. Журналистлар бу ҳақда ўша 2003 йилдан буён айтиб келса-да, ўзбек футболи улар нима деяётганини ҳали ҳам тушуниб етмаганди. Буни мураббийлар олдига Жаҳон Чемпионати вазифаси қўйилаверишидан ҳам билиш мумкин. Шамолга қараб эсадиган ҳамкасбларимиз ҳам уларга қўшилиб, муваффақиятни Мундиал билан ўлчайдиган бўлиб қолишганини афсус билан айтиб ўтаман. Ваҳоланки бу масалага зимдан эмас, сиртдан назар солишга ўхшаб қолади.

Менга кичик Мундиаллар бошқа мақсад учун керак. Айтайлик, Жаҳон Чемпионатидан кейин ўзбекистонлик ёшлар билан Европа клублари жиддий қизиқиб қолди ва 2-3 нафар йигитни ўз сафига қўшиб олди. Мессидан тортиб, Иньестага қадар юлдузлик чўққисига илк қадамларни ўша кичик Мундиаллардан бошлаган. Илҳом Суюнов ёки Ислом Иномов бўлиш учун эса Жаҳон Чемпионати умуман керак эмас, ишонинг. Улар БАА Мундиалига бормай ҳам ўшандай футболчи бўла оларди.

Яна бир «планка» бор — миллий терма жамоага футболчи етказиб бериш. Масалан, 2009 йил Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Миср Мундиалида иштирок этди. Айни пайтда ўша таркибнинг бор-йўғи 1 нафар футболчиси миллий терма жамоанинг асосий фигураси ҳисобланади — Ислом Тўхтахўжаев. Бу пайтда қолганлар қани, деган савол пайдо бўлмайдими? 2006 йил биз янги даврга қадам қўйиб, ёшлар футболи учун ҳам миллионлаб топиб беришни ўрганиб олдик. Ислом Тўхтахўжаев ва унинг жамоадошлари Осиё Чемпионатига қадар ва Жаҳон Чемпионатидан кейин бўлган давр ичида 30 га яқин мамлакатда бўлди, тайёргарлик кўрди. Бунинг меваси фақатгина 1 дона бўлиши эса муваффақиятсизлик. Мисрда Англия ёшлари билан дуранг ўйнаганимизни бемалол қовуриб ейиш мумкин. Чунки шу ёшда бўлган инглизлардан Дэниел Старриж, Фабиан Делф, Киран Гиббс, Тео Уолкотт, Дэнни Уэлбек, Жордан Хендерсон, Кайл Уокер, Дэнни Роуз, Крис Смоллинг каби футболчиларни санаш мумкин. Бизда-чи?

Марат Кабаев бошчилик қилган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси эса 2010 йилги Осиё Чемпионатида чорак финалдан қайтиб келган. Аммо ўша таркиб менга икки йил аввалгисидан кўпроқ ёқади. Футболчилар савияси борасида ҳам, намойиш этган ўйини бўйича ҳам. Мундаилдан четда қолган бўлса-да, Сардор Рашидов, Сардор Мирзаев, Темурхўжа Абдухолиқов, Егор Кримец, Салим Мустафоев, Дилшод Жўраев каби йигитлар бор эди унда. Қитъа чемпионатида иштирок этган қолган футболчилар ҳам қайсидир маънода Олий Лигада йўлини топиб кета олди. Мана шу икки мисол, Жаҳон Чемпионатида айланиб келганимиз ҳали ҳеч нарса эмаслигини кўрсатиб турибди.

Худди шундай Жасур Абдураимовнинг йигитлари ҳам кўп нарса йўқотмади. Муҳими улар намойиш этган ўйин. Масалан Эрондан мағлуб бўлинган беллашувда ҳам ўзбекистонлик футбол мухлислари қаттиқ ранжиган ҳолатни кўрмадим. Чунки бутун ўйин давомида ҳужумкор футбол намойиш этиш кайфиятни кўтаради, гарчи натижа ижобий бўлмаса ҳам. Бу шунчаки омаднинг келмай қолиши, холос. Миллий терма жамоага ўхшаб нурсиз ва сифатсиз футбол намойиш этиб натижа қилишдан кўра, шуниси маъқулроқ менга. Самвел Бабаян жамоаси кетма-кет ютаётган бўлса-да, мухлисларнинг катта қисми ундан норози, Жасур Абдураимов жамоаси вазифани уддалай олмаса-да, улардан ҳеч ким хафа эмас. Мен нима демоқчи бўлганимни сиз тушундингиз. Фақат бир нарса ачинарли, мана шундай ёшлар ўйинини дунё кўрмайдиган бўлди.

2003 йил Виктор Борисов ўзбек футболида туб бурилиш ясаб, ўз шогирдлари билан Жаҳон Чемпионатига илк бор қадам қўйганди. Биз ўша муваффақиятни ҳали узоқ эслаймиз. Жуда омадли чиқмаган бўлса-да, Илёс Зейтуллаев Италияга йўл олганди. Ёшини кичиклаштирганини ҳамма биларди, ўйлайсизки ундан кейинги авлодларда бундай футболчи йўқмиди? Ҳаммаси бор, мен шунисига ишонаман. Осиё чемпиони бўлган Дилшод Нуралиев жамоасидан тортиб, ҳеч нарсанинг эпини қила олмаган Олимхўжаевга қадар. Бу иллат ўзбек футболини ортга тортса тортадики, аммо барака топтирмайди. Ҳаммаси ўша савияси йўқ «миссия»ни деб — Жаҳон Чемпионатига чиқиш. Шу гапдан кейин юқоридаги фикрни умумийлаштириб, яна қайтараман — қовуриб енг ўша мундиалингизни.

Виктор Борисов йигитлари ҳали-ҳамон миллий терма жамоа асоси — Камолиддин  Тожиев, Марат Бикмаев, Жасур Ҳасанов, Александр Гейнрих, Игнатий Нестеров. Орадан 6 йил ўтиб ёриб чиққан жамоадан-чи? Улар қатори бўлганлардан Аҳмад Ҳалил, Али Мабхут, Умар ва Муҳаммад Абдулраҳмонлар БАА миллий терма жамоасининг асоси бўлиб улгурди. Биз эса амалда ҳеч нарса қила олмадик.

Хулоса: Ўзбекистон Олий Лигасидан насиба топиш учун на Жаҳон Чемпионати, на Осиё Чемпионати шарт эмас. Мақсад Мундиал ёки шунчаки ярим финал бўлиб қолмасин, маррани чиройлироқ олайлик! Агар 2009 йилги Мундиалда ўйнаган ақалли битта футболчи “Манчестер Юнайтед” ёки “Ювентус”да порлаганида, мен балки бу мақолани ёзмасдим ҳам. Ўйлаб кўринг…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

16 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: КИЧИК МУНДИАЛИНГИЗ БОШИНГИЗДАН ҚОЛСИН!"

  1. Yoshlarimiz osiyo va jahon chempionatlarida o’ynab nimaga erishmoqda. Ularning boshi 1-ligadan chiqmayapti. Man yoshlarni yoki bolalarni ayblamoqchi emasman, aksincha ularga rahmat deyishimiz kerak. Bizning katta muamolarimizdan biri bu yoshlar oldiga ulkan talablarni qo’yvotganimiz, shu tufayli ular faqat natijani o’ylab o’z o’yinini ko’rsata olishmayapti.

  2. Диёр Имомхужаев маколайс жуда ЗУР чиккан.кеийнги маколайсни Олий лига хакида ёзсайс жуда яхши буларди.Чунки ПФЛда барча вилоятлар жамолари катнашиш керак эмасми,хеч булмаса 1-лигада! Бу гапим билан мен шуни айтмокчиманки хамма вилоятларда жамоа бор эмас!!!

  3. maqola juda zo’r yozilgan bizning fudbolimiz katta islohatlarga muhtoj fudbolchilarning o’yin saviasi juda pas ayniqsa kulublarda bu kulublardan ko’ra maktab o’quvchilari yahshi o’ynaydi stadionga muhlislar kam kelayapti muhlislarni stadionga qaytarishimiz kerak deysizlar agar ahvol shunday davom etsa stadionga ummuman hechkim kelmay qo’yadi ahir kim ham stadionga qo’g’irchoq teatirini ko’rishga tushadi.??

  4. Элдор | 07.11.2016 в 07:11 |

    Диер Спорт твга качон кайтасиз? Бу канал силарсиз кизик булсай колди….

  5. Mirkamol | 06.11.2016 в 23:59 |

    Diyorbek Vazirni vertual qabulxonasiga xat yozdim soccer clubni qaytarishda yordam bering deb xudo xoxlasa TVda ko‘rsatuvlaringizni ko‘rish nasib qilsin

  6. Yaxshi maqola ekan

  7. Биродар Абдураимов | 06.11.2016 в 20:43 |

    Диёрга хар доимгидек,гап йук!

  8. Зариф | 06.11.2016 в 19:43 |

    Bu maqolani payshanba kuni Erudit Sport gazetada uqigandim. Faqat maqtash emas tanqid xam kerak. Malades Diyor

  9. Uff hamma klublani xususiylawtiriwi kere. Uwandagina haqiqiy talantla boy chozadi. Ozim sobiq futbolchi boganim uchun wu gaplani etvoman. Uwanda toga ammaki pochcha va bowqa futbolimizdigi jirkanchlila balki yoqolarmidi.

  10. Uffga gapirdin nima devorga gapirdin nima hammasi bir tiyin. Qachonki klubla biznesmenla qoliga otsa uwanda qanaqadir pragres boliwi munkin.

  11. shu Diyor Imomxo`jaev bor paytda futbolchilar tanqidga tushib qolmay deb bor kuch bilan uynar edi S.Andreevga ham ozgina futbol nima ekanligi havosi tekkan edi. Oliy ligamiz ham rivojlanish yo`lida edi. Oddiy misol: tanqiddan oldin (OCHL: AL-AIN 6-2 LOKO) tanqiddan keyin LOKOMOTIV 5-0 Al-AIN agar Diyor Imomxo`jaevga tanqid uchun MARKAZ ruxsat berganda biz Osiyoda tengsiz ya`ni chempion va JCH da albatta uzoqqa boramiz agar tanqidlar bo`lmasa chempionatimizda pasayishlar kuzatilsa JCH da chiqishimiz mumkin lekin guruhdan sharmandalarcha hisobda qaytib kelishimiz mumkin (agar fikrim noto`g`ri bo`lsa MARKAZ dan uzur so`rayman ) omad Diyor aka zo`r maqola

  12. Диёрбек жуда тўғри фикрларни ёзибсиз, мана шундай давом этинг. Сиздан ва Зафардан ажойиб мақолалар кутиб қоламиз, ҳарқалай Аброр ака Имомхўжаевлар авлодини юксакликка кўтаринг

  13. Diyorbek yangi maqolalar yozishda charhamang navbahor klubi haqida ham maqola yozing

  14. Jaxongir | 06.11.2016 в 15:19 |

    Олий лига ривожланмпса хаммаси нол. Чемпионат зур булиши керак. Диер олий лмга хакида купро езинг

  15. Samandar Avazbekov | 06.11.2016 в 14:31 |

    Sevimli gazetamni sayti ochilgani yaxhsi bulibdi.Diyor SportTVdan ketib Erudit Sportda ishlayotgan ekanda. Ajoyib maqoalalr uchun raxmat! Diyordan tanqidiy maqola yana kutamiz!
    Soccer clubda chiqarilagan mavzulada

  16. Diyordan ajoyib maqola bulibdi! tugri bolalar yoshlar termalari oldida Jaxon chempionati eng asosiy vazifa bumasligfi kerak. Asosiy vazifa Uzb milliy termaga futbolchi berish!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*