«ЛОНДОН ДЕРБИСИ» ВА ҲАФТАНИНГ ЯНА 4 УЧРАШУВИ

london-derbi

«Эрудит Спорт» нашри дам олиш кунлари қуйидаги беш шиддат ваъда этаётган тўқнашувни томоша қилишни тавсия этади:

6 ноябрь (якшанба)

+28,64◦С матч: “Реал Сосьедад” – “Атлетико”

(Цезий моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

38 ҒАЛАБА 27 ДУРАНГ 63 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Реал Сосьедад” – “Атлетико” Мадрид 0:2 ва 0:3

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Реал Сосьедад” – “Атлетико” Мадрид

111,30 миллион евро VS 493 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Жорий турда ўз майдонида очко ишлашда Ла лиганинг тўртинчи клуби “Реал Сосьедад” меҳмондан очко билан қайтишда тўртинчи жамоа бўлиб турган “Атлетико”нинг қаршилигини синдиришга уриниб кўради. Ажабланарлиси, мутахассис Сакристан Эусебио бошқарувидаги сан-себастьянликларнинг боши “шахматча” натижадан чиқмайди. Яъни, бирда ғалаба нашидасини суради, бирда уч очкони рақибга қўш-қўллаб топширади. Мезбонлар кучли таркибга эга бўлмаслиги мумкин, аммо бу топ-клубларга қарши баҳсларда мағлубиятга учраши аниқ дегани эмас. Чунки мураббий Диего Симеоне қўл остидаги “Матрасчилар” ҳам Примерадаги мағлубият кўчасига кириб улгурди. Тўғри, мадридликлар уч уйиндан бери майдон эгаларини кўзини очирмайди. Бироқ чемпионатнинг энг яхши ҳимоясига эга жамоа муаммога учрамайди дегани эмас. “Реал Сосьедад” ўзига яраша ҳисоб-китоб ишларини амалга оширишга шайланяпти.

6 ноябрь (якшанба)

+185◦С матч: “Лестер Сити” – “Вест Бромвич Альбион”

(Сахароза моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

18 ҒАЛАБА 13 ДУРАНГ 29 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Лестер Сити” – “Вест Бромвич Альбион” 3:2 ва 2:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Лестер Сити” – “Вест Бромвич Альбион”

215,50 миллион евро VS 110,60 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Жорий мавсумда рақиблар майдонида “оммавий, замонавий” ҳикоялардан баҳраманд бўлаётган Раньери жанобларининг “Лестер эртаги”ни фақат уйида тинглашяпти. Ҳақиқатда, “Тулкилар” мезбон сифатида “ўлжа”дан қуруқ қолгани йўқ. Бошқача айтганда, Премьер лигада мухлислари кўз ўнгида ютқазмаган олти жамоадан бири. Устига-устак, “King Power” ўйингоҳида атиги иккита гол ўтказиб юборган. Хуллас, ҳозирча рақиблар меҳмонда “Лестер Сити”нинг “қулоғини чўзолмаяпти”. Қарама қаршилик иштирокчилари турнир жадвалининг биринчи ўнталигидан ўрин эгалламагани бор гап. Лекин уч очко вазиятни бир юз саксон градусга ўзгартириб юборади. Энг муҳими шундаки, ҳар икки томон бир юмалаб Еврокубоклар “зонаси”га яқинлашиши мумкин. Назаримизда, мазкур жиҳатнинг ўзиёқ баҳснинг муросасиз ўтишини таъминлайди.

5 ноябрь (шанба)

+327,5◦С матч: “Челси” – “Эвертон”

(Қўрғошин моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

56 ҒАЛАБА 48 ДУРАНГ 50 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Челси” – “Эвертон” 1:3 ва 3:3

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Челси” – “Эвертон”

522,30 миллион евро VS 248,25 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Қизиғи, “Ирислар” “Челси”нинг майдонида охирги маротаба 1994 йилнинг кузида ғалаба қозонган холос. Қолаверса, сўнгги мавсумда томонлар дарвозаларни нақ ўн марта ишғол қилганини унутмаслик керак. Мазкур икки факт матчнинг қизиқарли курашларга бой ўтишини исботлайди. Бир вақтнинг ўзида “Эвертон” бошқаруви Рональд Куманга ишониб топширилгач, жамоа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўрт чиптанинг бирига даъвогарлик қила бошлади. Эҳтиросларга бой мураббий Антонио Конте ҳам мини инқирозни енгиб ўтиб, яна карвонбошиларга етиб олди. Кимсан “Манчестер Юнайтед”нинг “патини юлди”, амалдаги чемпионлар “Лестер”нинг додини берди. Шу тариқа, ўз майдонида очко йиғиш бўйича биринчиликнинг етакчисига айланди. Бу эллик фоиз голини Лукаку ураётган “Эвертон”га осон бўлмайди дегани.

6 ноябрь (якшанба)

+660,1◦С матч: “Севилья” – “Барселона”

(Алюминий моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

36 ҒАЛАБА 31 ДУРАНГ 77 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Севилья” – “Барселона” 2:1 ва 1:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Севилья” – “Барселона”

205,70 миллион евро VS 756,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Тенгдош жамоалар (27, 2 ёшга 27,1 ёш) ўртасидаги ўйин икки натижадан бирини ўзгаришини таъминлайди. Биринчи навбатда, “Севилья” беш баҳснинг бирортасида очко йўқотмади. Иккинчидан, “Барселона” негадир меҳмонда ўзини “сувдаги балиқдек” ҳис этяпти. Рақиблар майдонидан очко билан қайтишда унга тенг келадиган жамоа йўқ Примерада. Масаланинг яна бир жиҳати – жамоаларнинг тўқнашуви голларга бой бўлади (беш матчда дарвозалар 21 бор ишғол этилган, ўртача 4,2 гол). Хўш, ким кимнинг совунига кир ювади? Андалусияликларнинг ғалабали серияси барҳам топадими ёки каталонияликлар қоқилади? Сўзсиз, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган томоннинг кўчасида байрам бўлади.

6 ноябрь (якшанба)

+1063◦С матч: “Арсенал” – “Тоттенхэм”

(Олтин моддаси эрийди)

Ўзаро учрашувлар:

64 ҒАЛАБА 44 ДУРАНГ 50 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Арсенал” – “Тоттенхэм” 1:1 ва 2:2

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Арсенал” – “Тоттенхэм”

490,50 миллион евро VS 373,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Шуни айтиш керакки, томонларни дуранг ҳам қониқтирмайди. Мағлубият ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Агар “Тўпчилар” уч очкони қўлга киритса, “Тақачилар”нинг мағлубиятсиз ўйинлар сериясига чек қўйилади. Мабодо Почеттино шогирдлари ғалабани тантана айласа, ҳамшаҳарлар турнир жадвалида эгаллаб турган жойларини алмашадилар. Қўшимчасига чемпионлик йўлида кураш олиб бораётган рақибларнинг тўқнашуви якунда кўп нарсага ойдинлик киритади. Охирги икки йил ичидаги тўрт тўқнашувнинг барчасида “Тоттенхэм” вазиятни ўз томонига оғдирганини инобатга олсак, “Арсенал”дан босимни кучайтириш талаб этилади. Статистик маълумотларга назар ташласак, рақибларнинг кучлари тенглигига амин бўлади киши: Арсен оғанинг шогирдлари ўртача ҳисобда 14,6 маротаба дарвозага зарба беради, бу меҳмонларда 18,1 га тенг. “Тоттенхэм” ўйинчилари узатаётган пасларнинг 82 фоизи, “Арсенал” футболчиларининг 85 фоиз узатмалари аниқ йўлланяпти.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

2 Фикрлар "«ЛОНДОН ДЕРБИСИ» ВА ҲАФТАНИНГ ЯНА 4 УЧРАШУВИ"

  1. Zo’r o’yin bo’ldi.Tottenxem arsenaldan kuchliligini o’yin b-n isbotladi,lekin hisobda bu narsa ko’rinmadi.Alli,lamela,alderveyreld bo’ganda aniq g’alaba shporlar tarafida bo’lardi.Tottenham better than arsenal even on their worst day.Spurs are unbeatable.GO SPURS!!!

  2. Руни | 05.11.2016 в 08:04 |

    Арсенал Тоттнехем зур уйин булса керак. Афсус СпиртТВ курсатмайди шундай зур уйинларни…

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*