ТЕМУРХЎЖА ВА ТЕРМА ЖАМОАГА МУНОСИБ ЯНА 6 ФУТБОЛЧИ

uzbek7

Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон Чемпионати саралашини ёмон ўтказмаяпти. Самвел Бабаян шогирдлари ортда қолган 4-турдан кейин гуруҳда Эрондан кейин иккинчи бўлиб туришибди. Учта ўйинда ғалаба қозонган бўлса-да, жамоада камчиликлар етарли. Мураббийнинг деярли бир хил футболчилардан фойдаланаётгани мухлисларни ҳайрон қолдирмоқда. Хўш, Бабаян қайси футболчиларга эътибор берса арзийди? «Эрудит Спорт» айни дамда терма жамоага муносиб бўлган футболчилар ҳақида сўз юритади.

ТЕМУРХЎЖА АБДУХОЛИҚОВ

Клуби: «Локомотив».

Амплуаси: Ҳужумчи.

Рақобатчилари: Игорь Сергеев, Александр Гейнрих.

Нега таклиф этилиши керак?

Ўзбекистон чемпионатида тўпурар бўлиб турган Темурхўжа ҳамон ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига чақирилгани йўқ. Уч ойлаб гол урмаган бўлса-да, Игорь Сергеевнинг доимий асосий таркибда майдонга тушгани мухлисларга ёқмаяпти. Темурхўжа, шубҳасиз, терма жамоада ўйнашга муносиб. Мураббий уни жалб қилса, рақобат шаклланади. Ҳужумчи жуда яхши формада, бунинг устига Бабаян уни жуда яхши билади. Темур-хўжа ҳар томонлама жамоага фойда келтира олади. Буни миллий чемпионатда урилган 20 та голи ҳам исботлаб турибди.

Нега таклиф этилмаяпти?

Темурхўжа «Хайдук»дан Ўзбекистонга қайтиб келгандан кейин уни «Пахтакор»га чақиришди, лекин ҳужумчи пойтахтнинг бошқа жамоаси «Локомотив»ни танлади. Балки шу учундир унинг термага чақирилмаётганлиги? Агар сабаб шу бўлса, мураббий ва футболчи мамлакатнинг бош жамоаси манфаати йўлида шахсий муносабатларни четга суриб қўйишлари шарт.

ШУҲРАТ МУҲАММАДИЕВ shuxam

Клуби: «Насаф».

Амплуаси: Ўнг қанот ҳимоячиси.

Рақобатчилари: Ислом Тўхтахўжаев, Даврон Ҳошимов.

Нега таклиф этилиши керак?

Хитойга қарши ўйинни истисно қилганда терма жамоамизнинг охирги ўйинларида ўнг қанот жуда бўш ҳаракат қилди. Чунки Бабаян ҳеч ким тушунмаган ва тушуна олмайдиган сабабга кўра марказий ҳимоячи бўлган Ислом Тўхтахўжаевни шу қанотда ўйнатди. Қатар ва Эрон билан баҳсда бу хато қарор эканлиги яққол кўринди. Чинликлар билан баҳсда Даврон Ҳошимов туширилгач, мухлислар енгил нафас олишди. Чунки Даврон «Пахтакор»да анча вақтдан буён ўнг қанотда ўйнамоқда. Бироқ чемпионатимизда ҳаракат қиладиган яна бир ўнг қанот ҳимоячиси борки, Бабаян унга эътибор бермаслиги мумкин эмас. Бу «Насаф» ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиевдир.

Нега таклиф этилмаяпти?

Саволга аниқ жавоб бўлмаса-да,  Осиё Кубогида ўзини кўрсатган, фақат чорак финалдаги Жанубий Кореяга қарши ўйиндаги қўпол хатоси туфайли Шуҳратнинг Қосимов кетганидан кейин терма жамоадан қадами узилди. Ваҳоланки, у қаршиликлар сафида ОЧЛ ва Олий Лигада яхши ўйин кўрсатди. Унинг ҳужумларга самарали қўшилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Терма жамоада бир чизиқда бир нечта футболчининг бўлиши доимо фойдали бўлган. Шу сабаб Муҳаммадиев ҳам мураббийлар эътиборида бўлишга муносиб номзод. У тезкорлик борасида мамлакатимиздаги етакчилардан биридир.

ФОЗИЛ МУСАЕВ    fozil-m

Клуби: «Насаф».

Амплуаси: Таянч яримҳимоячиси.

Рақобатчилари: Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров.

Нега таклиф этилиши керак?

Терма жамоамиздаги энг кучли нуқта – таянч яримҳимояси Одил Аҳмедовнинг ҳисобига, энг нозик нуқта – таянч яримҳимояси, Одил Аҳмедов бўлмаганда. Эронга қарши ўйин кўрсатиб бердики, Одил жамоанинг устуни. Аҳмедовсиз марказ бўшаб қолди. Ҳайдаровнинг ўйинидаги пасайишни шу куни Бабаян ҳам сезгандир. Шукуров ҳали асосий таркибда ўйнайдиган даражада барқарор эмас. Бир вақтлар тахмин қилинганидек, «Атлетико»га ўтмаган бўлса-да, Эрон чемпионатига бориб келган Фозил Мусаев ҳамон ўз ўйинини йўқотмаганини «Насаф»даги ўйинларида исботламоқда. У ҳужумларни бузиш ва яратишда устаси фаранг, бўйи баланд бўлгани учун стандартлар вақтида бош билан ҳам яхши ўйнайди. Бизнингча, жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарликка эга Фозил Мусаев терма жамоага чақирилишга тўла муносиб.

Нега таклиф этилмаяпти?

Футболчининг Самвел Бабаян назаридан четда қолаётганлиги сабаби Мусаев тўп сурадиган нуқтада бир неча йиллардан буён Азиз Ҳайдаров ва Одил Аҳмедов жуфтлиги яхши ҳаракат қилаётганлиги бўлса керак. Аммо Ҳайдаров ва Аҳмедов бўлмаганда Мусаев жамоа жонига оро бўлиши мумкин.

ШАВКАТ САЛОМОВ

Клуби: «Бухоро».

Амплуаси: Ҳужумкор яримҳимоячи.

Рақобатчилари: Сервер Жепаров, Марат Бикмаев.

shavkat-s

Нега таклиф этилиши керак?

Бир муддат танаффусдан кейин Шавкат Саломов яна ўз ўйинини топиб олди. Бухоролик футболчи маҳаллий клуб сардори ва етакчиси сифатида яхши мавсумни ўтказди. Миржалол Қосимовдан қайси футболчини термага чақиришни хоҳлайсиз, деб сўрашганда, мураббий «Агар спорт формаси талабга жавоб берса, Шавкат Саломовни. У жуда ақлли футболчи», деб жавоб берганди.

Чинданам, ўтган йили аутсайдер бўлган «Бухоро» клуби жорий йил айнан унинг етакчилигида тўртинчи ўринда бўлиб, «мавсум кашфиёти»га айланди. Жамоа «юраги»га айланган Саломов ҳозирги кунда Олий Лигада энг кўп голли «пас»ларни амалга оширган футболчи бўлиб турибди. Айнан унинг ўйинлари эвазига «Бухоро» «Пахтакор»ни кубокдан чиқариб юборди, «Локомотив»ни мағлуб этди, «Бунёдкор»дан очко тортиб олди. Саломов термага лойиқ футболчи. Вадим Абрамов қўл остида Японияни сафарда мағлуб этган баҳсда ҳам Саломов ўзини ижобий томондан кўрсата олган.

Нега таклиф этилмаяпти?

Саломов асосий таркибда ўйнамаса ҳам, захирадан тушиб ўйинни кучайтириш қобилиятига эга. Унинг термадан таклиф олмаётганига Саломов чизиғида бош жамоамизда энг кўп ўйин ўтказган Сервер Жепаров тўп сураётганлиги сабаб бўлиши мумкин. Бироқ Жепаров ҳам бир текисда тўп сура олмаётгани сир эмас.

САНЖАР ТУРСУНОВ

Клуби: «Ворскла» (Украина).

Амплуаси: Ўнг қанот яримҳимоячиси.

Рақобатчилари: Сардор Рашидов, Элдор Шомуродов, Жасур Ҳасанов.

Нега таклиф этилиши керак?

sanjart

Терма жамоада ўнг қанот яримҳимоясида ўйнашга одатланган Санжар айни вақтда Украинанинг «Ворскла» клубида ўйнамоқда. Украина чемпионати Европада ҳам ўз ўрнига эга, шу сабаб асосий таркибдан жой олиш осон эмас. Санжар эса аллақачон мухлислар ёқимтойига айланган. Уни айниқса Кореяга қарши ўйинларга жалб қилиш мантиққа тўла мос келади. Корейсларга қарши Тошкентдаги 2:2 ҳисобида тугаган ўйинни эсланг, ўшанда Санжар битта гол урганди. Иккинчи голни ҳам унинг зарбасидан кейин рақиб ўз дарвозасига киритиб юборган. Футболчиларни алоҳида рақибга қараб танлаш замонавий футболнинг чиройли одатларидан бирига айланмоқда. Бундан биз ҳам четда қолмаслигимиз керак. Бабаян Санжарга корейсларга «кўрсатиб қўйиши» учун имконият берса, яхши бўларди.

Нега таклиф этилмаяпти?

2012 йил «Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси» бўлган Санжар Турсунов анча вақтдан буён терма жамоада ўйнагани йўқ. Айниқса, Қатарда фаолият бошлаганидан кейин. Қолаверса, ўшанда Сардор Рашидов ўз ўйини билан ўнг қанотимизда «қирол»лик ўрнатган, бу эса Турсуновга эҳтиёж қолдирмаганди. Энди эса биз билган Рашидов «қайтиши» учун ҳам Турсуновдек рақобатчи бўлиши зарур.

ВАДИМ АФОНИН  afonin22

 Клуби: «Оренбург».

Амплуаси: Марказий яримҳимоячи.

Рақобатчилари: Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров.

Нега таклиф этилиши керак?

Охирги вақтларда кўп тилга олинаётган яна бир футболчи Вадим Афониндир. Бабаян ҳам «Оренбург»да доимий ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчини термага чақиришга тайёр эканини таъкидлади. У майдон марказида жуда фаол. Жисмоний жиҳатдан бақувват. Кескин ва курашлардан қўрқмайдиган футболчи. Ҳужумларга ҳам яхши қўшилади. Энг асосийси, терма жамоада анчадан буён ўйнамаган ва бош жамоа шарафини ҳимоя қилишга чанқоқ. Премьер-Лигадаги ўйинлари билан Аҳмедов ўрнини тўлдира олиши мумкинлигини кўрсата олди.

Нега таклиф этилмаяпти?

Уч йилдан буён Россияда тўп сураётган футболчининг фуқаролик масаласидаги ҳужжатларида муаммо борлиги айтилганди, аммо футболчининг ўзи ҳаммаси жойида эканини айтди. У ҳали ҳам Россияда ўзбекистонлик легионер сифатида қайд этилган. Демак, Афонин яна термага қайтишга шай.

АКМАЛ ШОРАҲМЕДОВ

Клуби: «Бунёдкор».

Амплуаси: Ўнг қанот ҳимоячиси.

Рақобатчилари: Ислом Тўхтахўжаев, Даврон Ҳошимов.

Нега таклиф этилиши керак?

Бабаян Жанубий Кореяга қарши ўйинда Акмал Шораҳмедовни терма жамоага жалб қилиши керак. Аксарият «мухлислар» ўтган Жаҳон Чемпионати саралашининг Кореяга қарши меҳмонда кечган баҳсида айнан Акмал Шораҳмедов сабаб мағлуб бўлганмиз деб фикрлашади. Ўша ўйинда ҳимоячимиз кутилмаганда ўз дарвозасига гол уриб қўйган эди. Ахир ҳеч ким буни атайин қилмайди-ку. Шу боис Бабаян Шораҳмедовга қасос учун имконият бериши лозим. Шубҳасиз, Акмал бу имкониятдан тўлиқ фойдаланади. Бундан ташқари у ҳозир «Бунёдкор» сардори ва ўнг қанотда ажойиб ўйин кўрсатмоқда ва бу амплуада Тўхтахўжаевдан яхшироқ ўйнаши аниқ.

akmal-sh

Нега таклиф этилмаяпти?

Самвел Бабаян терма жамоада иш бошлаганидан буён Акмал Шораҳмедов ўнг қанотдаги ўрнини бошқа футболчиларга «бўшатиб» берди. Аммо Олий Лигадаги ҳозирги ўйини билан ҳимоячи яна терма жамоага лойиқлигини кўрсатмоқда. Шундай экан, Самвел Бабаян ушбу футболчини ҳам ўз рўйхатига қўшиб қўйса арзийди.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

13 Фикрлар "ТЕМУРХЎЖА ВА ТЕРМА ЖАМОАГА МУНОСИБ ЯНА 6 ФУТБОЛЧИ"

  1. ***Ўткир ЖАЛОЛХОНОВга рахмат яхши макола!

  2. Шундай сайт борлигини билиб хурсанд булдим. . .

  3. Дони | 23.11.2016 в 12:13 |

    Темурхужа ва Мусаев масаласида 100% кушиламан,бу Бабаяннинг шахсий гарази туфайли деб уйлайман.Узингиз уйланг кайси жамоада атиги 2 хужумчи билан уйнаш бу оз ва ракобат йук жойда усиш бумайди факат мураббий ва шунга ухшаган рахбарсифат «бази» шахсларни чунтагида усиш булади .

  4. Bu futbolchilarni chaqirish u/n MTJga boshqa murabbiy kerak O’zb jchga bu tarkubi bn hech qachon chiqolmaydi shaxsan men bunga ishinmayman J.Koreya korsatib beradi Babayanning komandasini kuchini Eron kabi

  5. Бабаян албатта уйинчи алмаштириш ишларини олиб бориб юкорида келтирилган футболчилардан фойдаланиши керак чунки булар хакикатдан хам хозир ажойиб формада

  6. Бабаян албатта ротатция ишларини олиб бориб юкорида келтирилган футболчилардан фойдаланиши керак чунки булар хакикатдан хам хозир ажойиб формада

  7. Shevchenko | 04.11.2016 в 14:31 |

    AKMAL SHORAXMEDOV HAQIQATAN UNGDA TINMAY CHOPADI! U KERAK
    ALIBOEV HALI TERMAGA YOSHLIK QILADI
    AFONIN XAM KERAK UZBGA

  8. ALIBOYEV qani?

  9. Akmal Shorahmedov O’zbekiston futbolida eng zo’r o’ng qanot ximoyachisi, u ximoyadan xujumga bemalol ota oladi va jarima maydoniga topni yaxshi yetkazib bera oladi, eng zor ximoyachi deyishimga sabab ozbek futbolida eng kop yuguradigan va eng kop vaziyat yaratib beradigan futbolchi, Islom Toxtaxojayev termada kop xatolrga yol qoyvotti, Eron bilan oyindaxam biz mag’lubiyatga uchrashimizga sababchi bo’ldi, Babayan janobi oliyalari bunga etibor qaratsalar yomon bo’lmas edi, chunki Akmal yaxshi futbolchi…

  10. Afonin kerak

  11. Дилмурод Назиров | 04.11.2016 в 11:23 |

    ШАВКАТ САЛОМОВ БУХОРОДА ЯХШИ УЙНАЯПТИ ЛЕКИН. АГАР СИНАБ КУРСА ЗУР БУЛАРДИ БАБАЯН. АЙНИКСА ИОРДАНИЯ БИЛАН УЙИНГА. ТЕМУРХУЖА ТЕРМАГА КЕРАК! НАСАФ БИЛАН ЗУР УЙНАДИ У ГОЛ УРДИ

  12. Fozil Musaev bilan SHuxrat xam kerak termaga! Ayniqsa Haydarov jaroxat olgani uchun kerak!

  13. Jasur Xolmetov | 03.11.2016 в 18:31 |

    BABAYAN TEMURXUJANI OLISHI SHART!
    SHAVKAT SALOMOV AFONIN MUXAMMADIEVGA XAM IORDANIYA BILAN UYINGA SHANS BERISH KERAK.
    IGOR SERGEV BILAN UZOQA BORIB BUMIYDI

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*