Ихтиёр НАВРЎЗОВ: «БАЪЗИДА ҲАМ РАҚИБНИ, ҲАМ ҲАКАМНИ ЮТИШ КЕРАК»

compete in the ***** on Day 16 of the Rio 2016 Olympic Games at Carioca Arena 2 on August 21, 2016 in Rio de Janeiro, Brazil.compete in the ***** on Day 16 of the Rio 2016 Olympic Games at Carioca Arena 2 on August 21, 2016 in Rio de Janeiro, Brazil.

XXXI ёзги Олимпия ўйинларида эркин курашнинг 65 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида иштирок этган ҳамюртимиз Ихтиёр НАВРЎЗОВ баҳрайнлик Адам Ботиров, Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомез ҳамда мўғулистонлик Мандаҳнаран Ганзоригни енгиб, бронза медалини қўлга киритди. Рио-2016 совриндори «Эрудит Спорт»нинг «Эксклюзив интервью» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди.

 – Ихтиёр, эркин курашга қандай қизиққансиз?

– Биласизми, эркин кураш билан шуғуллансамда, биринчи қизиққан спортим бу – кикбоксинг.  Икки ойларча тўгаракка қатнаб юрганман. Бироқ оилавий шароит туфайли машғулотларни тўхтатганман. Ўн икки ёшимда Ҳасан ва Ҳусан деган ҳам қўшни, ҳам узоқроқ қариндош акаларим қўлимдан етаклаб залга олиб боришган. Эркин кураш ёқиб қолди. Қизиқишим ортиб борарди. Иштиёқ катта эди. Эркин курашни – энг қийин спорт тури, деб ҳисоблайман. Ҳаётда ҳам курашни ўргатади. Кези келганда оилага ёрдам бўлсин деб, сартарошлик билан шуғулланганман, сомса пиширган пайтларим бўлган. Муҳими – спортни ташлаб қўймадим. Орзуим – Олимпиадада зафар қучиш эди. Тўғри, биринчи жангларда ютқазганман. Тажриба тўплаб, ўз устимда ишлаб, рақибларни мағлубиятга учратганман. Кеч кириб келганимга қарамай, ўсишга эришидим. Қийинчиликларни енгиб ўтиб, шу даражага чиқдим.

– Ўйинлар олдидан мутахассислар Сизни Олимпиада чемпионлигига даъвогар спортчилар қаторига киритганди. Ўзингизнинг мўлжалингиз қандай эди?

– 2015 йилги курашчилар мундиалининг ҳал қилувчи баҳсида италиялик Франк Чамисо бир очко фарқ билан ғалаба қозонганди. Сўнгги етти сонияда очко бериб қўйганман. Шунинг аламига Риода биринчи ўринни оламан, дегандим. Лекин саломатлигимда муаммоларга дуч келдим. Ўйинларгача ўн килограмм вазн ташладим.

– Демак, Олимпиада баҳсларида бронза совриндорига айланган Ихтиёр Наврўзовдан Жаҳон Чемпионатида кумуш медалини қўлга киритган Ихтиёр Наврўзов кучлироқ?

– Жаҳон чемпионатида энг юқори “форма”да эдим. Олимпиадада қийиналиб ютган рақиблар устидан ўну нол ҳисобига устун келганман. Масалан, ярим финалда мени ютган рус курашчиси Сослан Романовни мундиалда ўн беш сония ичида мағлубиятган учратганман. Хуллас, Риода бор имкониятимнинг эллик фоизида иштирок этдим. Тикланиб улгурмадим чунки. Гиламда ҳолсизлансам ҳам тишимни тишимга қўйдим. Ортимда Ватаним, ота-онам, халқим кутяпти, деб охиригача курашдим. Менимча, Жаҳон чемпионатидаги Ихтиёр Олимпиадани бемалол ютарди.

– Учинчи ўрин учун баҳсда рақибингиз Мандаҳнаран Ганзоригнинг мураббийлари қўйган “томоша”си узоқ вақт муҳокамага сабаб бўлди.

ixiyor-3

– Кураш шунақа нарсаки, беллашув нима билан тугашини билмайсиз. Ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш керак. Ўша баҳсда олтию тўртга ютиб тургандим. Қирқ сония вақт бор. Ҳисобни ушлаб қолсам, ғалаба қозонаман. Аммо ортга чекинишни ёқтирмайман. Энг яхши ҳимоя – ҳужум. Ҳужум қилиб, очко ишлашига камроқ имкон берасиз. Ҳужумларнинг бирида уни гиламдан чиқардим. Ҳисобимга бир балл ёзилиши керак. Негадир ҳакам рақибимга уч очко берди. Ҳисоб 7:6 бўлди. Ўн саккиз сония вақт қолганди. Шунда ўлжасига ташланган шер каби бор кучим билан рақибга ташландим. Эркин кураш қоидаларида ортда чекиниш мумкин эмас. Бир қадам ортга қўйсангиз ҳам рақибга балл тақдим этилади. Рақибим эса ортга қочди. Билмадим, эркин кураш тушаётганини унутди шекилли. Натижада бир очко олдим. Кейинги мусобақаларда ундан кучлироқ эканлигимни кўрсатишни дилимга тугиб қўйдим. Бошқа томондан, йирик мусобақаларда рақибингизни ва ҳакамларни ютишга тўғри келадиган пайтлар бўлади.

– Эркин ва юнон-рум кураши ўртасида жуда катта фарқ йўқ. Ҳар икки йўналишда гиламга чиқиш нияти бўлганми?

– Эркин курашни қийинроқ, деб ҳисоблайман. Икки йўналишда қатнашиб, ёмон натижа кўрсатгандан кўра, биттада муваффақият қозонган маъқул. Қолаверса, ҳар икки йўналишдаги мусобақалар бир пайтда ўтказилади. Бу спортчига қисқа муддат ичида кейинги баҳсга тикланишига йўл қўймайди.

– Нима деб ўйлайсиз, эркин курашдаги иккинчи Наврўзов қандай натижаларга эриша олади?

– Укам ҳам менга ҳавас қилиб ортимдан кетмоқда. Ўзидан “Қайси йўлдан кетасан: спортданми ёки бошқа касбданми?”, деб сўраганимда, “Спортдан”, деган. Иштиёқи борлиги учун шуғулланяпти. Унинг орзуси бу. Ҳозир бутун жойи қолмаган машғулотлар ортидан. Ўйлашимча, ҳаракатни тўхтатмасам, мендан яхшироқ натижа кўрсатади.

– Спортчилар мағлубиятдан суғурталанмаган. Мағлубиятлар сизни “таъқиб” қилганми?

– Жаҳон чемпионати финалининг сўнгги сониялари икки-уч ой тушимга кириб чиққан. Олимпиададаги натижа эса йўқ. Учинчи ўринни олганим алам қилди. Насиб қилса, Токиодаги мусобақада бронзани олтинга “алмаштираман”.

ixiyor-1

 “Эрудит СПОРТ” маълумотномаси:

1989 йилнинг 5 июлида Бухоро вилоятида дунёга келган. Осиё чемпионатининг уч карра совриндори (икки бронза, бир кумуш), Осиё Ўйинлари-2014 мусобақасида бронза медални қўлга киритган. Жаҳон Чемпионати-2015 вице-чемпиони. Олимпиада-2016 учинчи ўрин соҳиби. Эркин кураш бўйича халқаро даражадаги спорт устаси.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди.

1 Фикр "Ихтиёр НАВРЎЗОВ: «БАЪЗИДА ҲАМ РАҚИБНИ, ҲАМ ҲАКАМНИ ЮТИШ КЕРАК»"

  1. IXTIYORNI MANA SHU JANGINI MAZA QIP KURUVDIM! MONGOL TRENERI HAMMANI YOMON KULDIRGANDI!))
    NAVRUZOV MALADES! SHUNAQA INTRVYULANI KUPRO KUTIB QOLAMIZA

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*