«НАСАФ» ҲАМ «ЛОКОМОТИВ»НИ МАҒЛУБ ЭТА ОЛАДИМИ?

loko-vs-nasaf

 Миллий чемпионатимиз тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Кутилмаган натижаларга бой бўлаётган Олий Лиганинг навбатдаги 26-турида ҳам муҳим қарама-қаршиликлар кутиб турибди.

Марказий беллашув эса «Локомотив» – «Насаф» ўртасида бўлиб ўтиши шубҳасиз. Олий Лигада «жон сақлаб қолиш» учун курашаётган жамоаларнинг ўйинларига ҳам эътибор катта. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир беллашув ўзига яраша аҳамият касб этмоқда. Тур олдидан тажрибали мутахассис Усмон Тошевнинг фикрлари билан қизиқдик.

u-toshev

29 октябрь (шанба)

“Сўғдиёна” – “Қўқон-1912”

Бир-бири учун жуда яхши таниш бўлган жамоалар ўртасидаги учрашув деб атасак ҳам бўлаверади. “Сўғдиёна”нинг мақсади мавсумни 8-ўринда якунлаш. “Қўқон-1912” эса лигада “жон сақлаб қолиш” учун курашмоқда. “Нефтчи”нинг мағлуб этилиши қўқонликларнинг элитада қолиши учун умид уйғотди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси Жиззахда камида дуранг учун курашиши табиий.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “Сўғдиёна” ғалаба қозонса керак. Охирги учрашувларда улар яхшироқ ўйнашяпти. Қўқонликларнинг Бухородаги ўйинини кўргандим ва менда яхши таассурот қолдирганди. Қолаверса, бу жамоа “Нефтчи”ни мағлуб этди. Шунинг учун Жиззахга яхши кайфиятда келишади”.

Имкониятлар: 35/35/30

“Нефтчи” – “Бухоро”

Олдинлари бу жамоалар тўқнаш келишганда “Нефтчи” фаворит саналарди. Энди бу ҳолат ўзгармоқда. Фарғонада кечадиган учрашувда “Бухоро”  етакчидек кўринмоқда. Чунки улар ўз уйида пешқадам “Локомотив”ни мағлуб этишди. “Нефтчи” эса вилоят дербисида ўтган йилгидек “Қўқон-1912”га имкониятни бой бериб қўйди.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “Бухоро” жамоасининг “Локомотив”га қарши ўтказган ўйинини кузатдим. Очиғи, мезбонлар жуда яхши ўйин кўрсатишди. Ҳозирда “Бухоро” футболчилари яхши спорт формасида. Ўйлашимча, меҳмонлар Фарғонада камида дуранг қайд этишади”.

Имкониятлар: 30/35/35

“Навбаҳор” – “Қизилқум”

Қаршида “Насаф”дан учраган «нокаут» Наманган клубини оғир ҳолатга тушириб қўйди. Энди «Лочинлар» “Қизилқум”ни қабул қилишади. Рости, таркиб ва ўйин жиҳатидан навоийликларда савия билиниб турибди. “Навбаҳор” эса ҳали ҳам ўз ўйинини топа олмаяпти. Натижада қимматли очколар йўқотилмоқда. Навбатдаги тўқнашувда “Қизилқум”нинг ғалабага бўлган имконияти кўпроқ. “Навбаҳор” эса кўпи билан дуранг қайд этиши кутилмоқда.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “6:0 дан кейин мушкул вазиятда қолган «Навбаҳор»нинг ўзига келиши қийин. Менимча, “Қизилқум” уч очкони қўлга киритади”.

Имкониятлар: 30/35/35

“Олмалиқ” – “Андижон”

Ниҳоят “Олмалиқ” клуби 25-турга келиб, иккинчи даврадаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди. «Хавфли зона»дан батамом узоқлашиш учун “Олмалиқ”да яна бир ажойиб имконият бор. Яққол аутсайдер бўлиб турган “Андижон”ни мағлуб этиш. Андижонликлар учун ҳам ортга йўл қолмаган. Дуранг ҳам улар учун мағлубиятга тенг бўлади. Ғалаба улар учун жуда зарур.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “Олмалиқ”нинг имкониятлари кўпроқ. Лекин бугунги кунда улар унчалик кучли эмас. “Андижон” ҳам руҳий тушкунликка тушиб қолган. “Олмалиқ” ўз майдонида бундай рақибларни юта олмаса, янада қийин бўлади”.

Имкониятлар: 40/30/30

“Шўртан” – “Обод”

Жаъфар Ирисметов “Обод”га бош мураббий бўлганидан сўнг уларнинг ўйини анча яхшиланди. “Шўртан” ҳам имкон қадар мавсумни юқори ўринлардан бирида якунлашга интилмоқда. Албатта, таркиб ва ўйин жиҳатидан қараганда “Шўртан” устунроқ бўлиши мумкин. Лекин “Обод” «Олий»дан тушиб кетмаслик учун ҳар бир учрашувда катта шижоат ва иштиёқ билан ўйнамоқда.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “Бу жамоалар ўртасидаги беллашувда дуранг бўлса керак. Чунки меҳмонлар очко олиш учун бор ғайратларини ишга солишлари аниқ”.

Имкониятлар: 35/35/30

“Локомотив” – “Насаф”

Турнинг марказий ўйини эканлигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. “Темирйўлчилар” Бухорода мағлубиятга учраганидан кейин совринли ўринлар учун курашдаги «интрига» янада жонланди. “Навбаҳор”ни 6:0 ҳисобида таслим қилган “Насаф” «Локо» меҳмони бўлади. Чемпионликдан умидини узмаган «Насаф» «Бухоро» сингари «Локомотив»ни мағлуб эта олса, «Темирйўлчилар»нинг чемпионлик орзуларига барҳам берилиши мумкин. Зеро, уларни олдинда «Бунёдкор» билан ўйин ҳам кутиб турибди. Қолаверса, шу куни Геворкяннинг собиқ клубига қарши ўйини кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “Локомотив” “Бухоро”га қарши кўрсатган ўйинини намойиш этса, у ҳолда бу сафар ҳам бир нима қила олиши қийин. Агар “Локо” юта олмаса, “Бунёдкор” етиб олиши мумкин. Шу боис мезбонлар фақат ғалаба учун ўйнайди. Улар мақсадига етишиши учун ҳам ғалаба қозониши шарт. Бу баҳс икки жамоа учун ҳам олти очколик баҳс бўлади”.

Имкониятлар: 35/35/30

30 октябрь (якшанба)

“Машъал” – “Пахтакор”

Муборакликлар бу йил ўз ўйинини тўлиқ намойиш эта олишмаяпти. Бу фикрни «Пахтакор» манзили томон ҳам ишлатиш мумкин. Амалдаги чемпион Муборакда меҳмон бўлади. “Шерлар”нинг “Машъал”га қарши ўйини улар учун анча муҳим аҳамиятга эга. Чунки уларнинг мағлуб бўлишига ҳақи йўқ. Очко йўқотилса, мақсаддан яна узоқлашади. “Машъал” учун эса “Пахтакор”га қарши беллашувда бир очко ҳам яхши натижа ҳисобланади.

Мутахассис фикри:

Усмон Тошев: “Муборакда ҳам оғир ўйин бўлади. Назаримда, “Пахтакор”да ғалаба учун имконият кўпроқ. Уч очко уларга кўпроқ керак”.

Имкониятлар: 30/35/35

Шуҳратбек Жўраев.

1 Фикр "«НАСАФ» ҲАМ «ЛОКОМОТИВ»НИ МАҒЛУБ ЭТА ОЛАДИМИ?"

  1. Loko Nasafni teshib tashashi aniqku… Loko bu yil tochno chempion!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*