МУРОДЖОН АҲМАДАЛИЕВ: «БОКСЧИ БЎЛСАМДА, МЕНИ «КАКА» ДЕБ ЧАҚИРИШАДИ»

murod-a

Ўттиз биринчи Олимпия Ўйинларининг бокс бўйича вазни 56 килограммгача бўлган спортчилар беллашувида Муроджон Аҳмадалиев терма жамоамиз ҳисобига бешинчи бронза медални қўшиб, жаҳон спорт мухлислари эътиборини Ўзбекистонга қаратган спортчиларимиздан бирига айланди. Демак, «Эрудит Спорт»нинг “Эксклюзив интервью” лойиҳасининг навбатдаги иштирокчиси – Муроджон АҲМАДАЛИЕВ.

– Муроджон, чарм қўлқоп кийишингиз тарихи билан ўртоқлашсангиз. Бу мухлислар учун қизиқ.

– Боксга қатнаб юрган ўртоқларимга қизиққанман. Дадам мактабда жисмоний маданиятдан дарс берганлар. Спорт залига ҳам ўзлари қўлимдан етаклаб олиб борган. Ўша пайтда беш-олти ёшдаги бола эдим. Икки-уч кун машғулотларни томоша қилиб, шуғулланиб кўрдим. Қўшни қишлоқдан келган тенгдошим билан спарринг тушдим. Шу тариқа, боксдаги илк жангимни ютиб, мунтазам шуғуллана бошладим. Аввалига кичик-кичик мусобақаларда иштирок этиб юрдим. Кейинроқ тажриба тўплаб, катта рингга чиқдим.

– Цицерон “Энг катта ғалаба – ўз устидан қозонилгани”, деганди.

– Худди шундай. Инсон қачон мағлубиятга учрайди? Уни тан олган тақдирда. Очиғини айтаман, ёшлигимда ютқазардим. Рақибнинг қўли кўтарилганида ўзимга-ўзим савол берардим: “Нега, қаерда хатога йўл қўйдим?”. Мағлубиятлардан тўғри хулоса чиқариб, машғулотларга зўр бердим. Менимча, ғалабага мағлубият ортидан эришилади.

– 2012 йилда Ереванда ўтказилган Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида енгил вазн тоифасида (49 килограмм) иштирок этгансиз.

– Ҳа, ўшанда 49 килограммда рингга чиққанман. Ҳозир бу вазнда яхши ҳамкасбларим бор. Шунинг учун вазнимни 56 килограммга кўтардим. Риога учишдан олдин “Олимпиадада камида кучли учликка кираман”, деб ният қилгандим. Худога шукр, бронза медали қўлга киритилди.

– Илк босқичдаёқ жиддий рақиб – қозоғистонлик Қайрат Ералиевга тўқнаш келдингиз. Финал остонасида эса Лондон-2012 чемпиони кубалик Робизи Рамиресга қарши жанг қилдингиз. Қайси жанг қийинроқ бўлди?

– Менимча, Қайрат Ералиевга қарши баҳс. Бир томондан, мен ўн тўрт кун давомида рингга чиқмагандим. Рақибим биринчи жангни ўтказиб, рингни ҳис қилишга улгурганди. Бошқа томондан, Қайрат Жаҳон чемпионатидаги мағлубияти учун реванш олишни ўйлаб, бошқача тактикада ҳаракатланди. Аслида у ҳужум-ҳимоя тактикасида ишларди, бироқ бу сафар кўпроқ ҳужумкорликка эътибор қаратди.murodjon

– Рақиб боксчилар иштирокидаги баҳсларни кузатиб бордингизми?

– Албатта, рақибларнинг жангларини диққат билан кузатиб, уларнинг ҳаракатларини ўргандик. Шунга қараб, қайси раундда қандай тактика танлаш кераклигини танлайсиз.

– Олимпиадада совриндорига айланган аксарият чарм қўлқоп соҳиблари карьерасини профессионал боксда давом эттиради. Сизда режалар қандай?

– Профессионал боксга ўтиш нияти йўқ эмас. Фақат қачон, неча ёшимда бу менга қоронғу. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Лекин битта нарсани биламан, профессионалдаги минг зўри ҳам “Олимпиада чемпиони бўлмаганман”, деб афсусланади. Бундай спортчилар кўп. Шунинг учун катта боксга ўтишга шошилмайман. Мен учун бу мавзу Олимпиада чўққиси забт этилгунча ёпиқ. Натижага эришдим, деб тўхтаб қолиш ярамайди. Рақиблар ҳам машқ қилади. Бугун ютган рақибларингиздан эртага мағлубиятга учрашдан ёмони йўқ. Ғалаба қозониш учун эса машғулотларни кучайтириш керак. Хуллас, рақиблардан бир қадам олдинда юриш – муваффақият гарови.

Боксдан ташқари яна қайси спорт турларига қизиқасиз?

– Спортнинг сузиш, теннис, футбол каби турларига ҳам ихлосим баланд. Боксдаги машғулотлардн кейин сузсангиз чарчоқлар чиқиб кетади. Организм қайта тикланади. Теннисда кўзингиз пишади. Рингда қўл келади бу. Футбол оёқни кучайтиришга ёрдам беради.

– Адашмасам, терма жамоа аъзолари Сизни “Кака”, деб чақиради.

– Ҳатто Мурод десангиз кўпчилик танимайди (кулади). Адашмасам, ё икки, ё учинчи синф эдим. Дадам “Кака”, деб ёзилган “Реал” Мадрид либосини совға қилганди. Шундан бери, боксчи бўлсамда мени, “Кака” деб чақиришади.

 

“Ақдан-бақдан”:

– Қандай вақтларда “тўнингизни тескари киясиз”?

– Тескари киядиган тўним йўқ (кулади). Рости – мени хафа қилиш қийин.

Билмасдан дўстлар олдида “қовун тушириб қўйсангиз”…

– Тушган қовунни яшириб қўямиз (кулгу).

 

Биласизми?

* Муроджон Аҳмадалиев Рио-2016 бокс мусобақасининг барча вазн тоифаси ичида биринчи нокаут эвазига ғалаба қозонган чарм қўлқоп устасидир. Унга аргентиналик рақибини мағлубиятга учратиш учун 2 дақиқа 32 сония етарли бўлган.

 

“Эрудит СПОРТ” маълумотномаси:

1994 йилнинг 2 ноябр куни Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. Осиё чемпионати-2015 ҳамда Жаҳон чемпионати-2015 вице-чемпиони. Олимпия Ўйинлари-2016 бронза медали совриндори. Биринчи устози Қобилжон Каримов.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди.

2 Фикрлар "МУРОДЖОН АҲМАДАЛИЕВ: «БОКСЧИ БЎЛСАМДА, МЕНИ «КАКА» ДЕБ ЧАҚИРИШАДИ»"

  1. GAP NES!
    RAXMAT BOKSCHILARGA! SHAXRAM SHAXOBIDIN BILAN XAM INTERVYU KUTAMIZ SIZLARDAN!

  2. MANA SHU BOKSCHILARIMIZ BILAN DOIM FAXRLANAMAN!
    DUNYO BOKS QIROLLARI BIZDA
    MOLODSI!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*