ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ЎЗГАР, ОЛИЙ ЛИГА!

pfl

«Эрудит Спорт» газетаси билан ҳамкорликда иш бошлаганимдан кўп ўтмай, Олий Лига форматига ўзгартириш киритиш кераклиги ҳақида мақола ёзгандим. Йил давомида ўша фикрга асосланиб, миллий чемпионат ўйинларини кузатиб бордим. Мени хурсанд қилган ягона нарса, фикримнинг ўзгаришсиз қолгани ва ўша мақоладаги фикрлар ҳозирга келиб ўзини оқлагани.

Ҳа, бу нокамтарлик. Ҳар бир одам ўз муваффақиятидан хурсанд бўлишга ҳақли, мен ҳам. Аммо мен ўша фикрларим учун мавсум якунига келиб уялиб қолишга қарши эмасдим, футбол ривожи учун.

Олий Лигада клублар сони 16 тага етказилгани билан, уларнинг ҳаммаси ҳам бу даргоҳга торта олмаслигини ҳамма билади. ПФЛдагиларнинг ўзи ҳам хабардор бундан. Бироқ клублар сонининг кўпайиши кенг кўрингани билан, аслида торроқ бўлган киборлар дунёсида обрўга айланиб қолган, холос. Ўзбекистонда профессионал клублари сони 16 та (!) деб керилиш учунгина миллий чемпионатни “ўлдириш” у қадар чиройли эмас.

Ўзбекистон клубларини етарлича танқид қилганман, тан оламан. Бугун эса учта клубга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдириб қўйишни истардим. Айнан уларнинг ҳаракати сабаб Олий Лига беллашувлари ўтган йилдагидан қизиқарлироқ тус олди: “Бухоро”, “Металлург” ва “Қизилқум”. Энг кучли тўрт клубни бу рўйхатга қўшмадим. Чунки улар амалда катта ўзгаришга қўл ургани йўқ. “Бунёдкор” ўз йўлини аллақачон топиб олган, “Насаф” бир маромда боришни эплаётганининг ўзиёқ таҳсинга лойиқ. “Локомотив” рельсига тушиб бўлган. “Пахтакор” кучсизланган бўлиши мумкин, бироқ ўзи истаса ўша “Бунёдкор” ва “Локомотив”ларни бемалол мағлуб эта олишини ҳаммага кўрсатиб қўя олди.

Мен юқорида тилга олган клублар эса кутилмаган юришни амалга оширди. Рустам Мирсодиқов бошчилик қиладиган “Металлург” “Футбол шарҳи” даврида энг мавзубоп жамоа эди. Шунга қарамай, унга бўлган симпатиямни ҳеч қачон яширмаганман. Қайси маънода? Бюджет жиҳатдан олиб қараганда у энг камтар клублардан бири. Ва умуман, келишмасдан ўйнаган ўйинларида Ўзбекистондаги исталган рақибнинг кунини кўрсатиб қўя олади. Келишганида ҳам ҳеч ким унинг олдига туша олмайди, шундай келишадики, охир-оқибат водий клубларига ўхшаб юрак ҳовучлаб юрмайди. Бу йил эса Бекобод клуби меҳнат қилди, чинаккам меҳнат. Келишган жойлари бўлса ажабланмайман, ҳар қалай бунга шубҳа қолдирадиган даражада иш қилгани йўқ. Ўйинлар ва уларнинг натижаларига қараган одам “Металлург”дан нафратланмайди.

“Бухоро” ва “Қизилқум” эса 2016 йилги мавсумнинг энг барака топгур клублари бўлди, улар чемпионатга файз олиб кирди. Тўғри, бу шароит чемпионлик учун камлик қилиши мумкиндир. Бироқ маҳаллий футбол мухлислари шу натижанинг ўзидан ҳам қувонган бўлиши, табиий. Нега? Биринчидан, таниқли футболчилар жам бўлди. Иккинчидан, уй учрашувларида бу клублар майдонига борадиганлар титраб турди. Айтайлик, Россия чемпионатида чемпионлик учун курашадиган 2 ёки 3 та клуб бор бўлса-да, бир-бирига жиддий рақобат туғдириши мумкин бўлган камида 8 та жамоани санаш мумкин. “Бухоро” ва “Қизилқум”нинг хизмати эса рақобатбардош жамоаларнинг кўпайишига ҳисса қўшганидир.

Водий жамоалари ўз мухлисларини уялтириб ташлади. Келишишдан тортиб, намойиш қилган футболига қадар. Масалан “Нефтчи”нинг Қўқонда мағлуб бўлишини келишилган дейишга ҳеч қандай асосим йўқ, бироқ мен бу учрашувни томоша қилиш учун стадионга бормай қўя қолардим. Чунки натижани шундай тахмин қилиб бўлгандим. Вилоятдошига ёрдам бериш ҳам фарз, ҳам қарзга ўхшаган нарса.nav-neft

Мана шу нуқтада йил бошида айтилган фикрга қайтиб келаман, нима кераги бор Олий Лигага яна 4 та ортиқча клубнинг? Ўзингиз айтинг, қуйи ўринларда бораётган жамоалар нима каромат кўрсатди? Самарқанднинг “Динамо” клуби 1-лиганинг ўлимтик клубларини уриб юргани билан, Олий Лигага ўтган йилги “Динамо” бўлиб қайтиб келса, ажабланмайман. Ваҳоланки, Олий Лигада қуйи тўрт ўринни эгаллаб турган клуб ҳам 1-лигада бўлганида, “Динамо”нинг қуйи лигадаги миссияси бу қадар силлиқ кечмасди. Олий Лига нафасини кўрган клубларнинг қуйи лигада кўпроқ бўлиши ички чемпионатни нисбатан қизиқарли қилади. Нега? Чунки 1-лигадан туриб, элита сари ҳаракат қиладиган фақатгина 1 та клуб бор. Йўлланма сони эса 1 тадан кўп. “Норин” деган жамоанинг Олий Лигада пайдо бўлиб қолиши ўзбек футболини олдинга бошлаб қўймайди-ку.

Элитадаги жамоалар сони 12 тани ташкил қилиб, августга қадар 22 та тур ўтказилганида эса, кузги мавсумдаги чемпионлик жанги жуда қизиқарли бўларди. Айтайлик, мавсум ярмига келганидан кейин ўзини ушлаб олган “Бухоро” ва “Қизилқум” клубларида ҳам чемпионлик учун кураш олиб бориш имконияти бўларди. Кўряпмиз, “Локомотив” Бухорода, “Бунёдкор” эса Навоийда қанчалар қийналаётганини. Айни пайтда бу клублар мавсум бошида йиғиб олган очколари туфайли етакчи бўлиб турибди.

Масалан бу йилги мавсум “Сўғдиёна”га ҳам қисман «ақл кирди». Клуб кутилганидан анча тузукроқ ўйинлар намойиш қилди. Унинг каби клублар олтиликка кира олмай, бир-бири билан 1-лигага тушиб кетмаслик учун курашганида ҳам Олий Лиганинг ҳозирги аҳволидан анча кучлироқ манзара гувоҳига айланардик. Бухорода тўлаётган стадион, юқоридаги формат билан Тошкент стадионларига ҳам мухлисларни қисман қайтарар балки, чиқмаган жондан умид. “Пахтакор” мухлислари “Бунёдкор” ёки “Локомотив”нинг мағлубиятини стадионнинг ўзидан кўриш учун ҳам тушиб беради ўша стадионга.

Бу йўлга ўтиш қиммат турмайди, катта ўзгариш қилиш шарт эмас. Шунчаки ўзбек футболига жон куйдириб ишлайдиган кадрлар керак. Бир вақтлар пул бўлмасди, ҳозир эса пул бор, ақл танқисга ўхшаб қолган. ПФЛ каби ташкилотнинг ўқиган, фикрлайдиган, солиштира оладиган ва жаҳон футболини кузатадиган одамлар қўлига ўтиши футболни балки бироз кўтарар. Яна билмадим. Ҳар ҳолда айрим иллатлар қон-қонимизга қадар сингиб кетганига йилдан-йилга кўпроқ ишониб бормоқдаман.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

«Эрудит Спорт» газетасидан.

2 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ЎЗГАР, ОЛИЙ ЛИГА!"

  1. Uzi Oliy Liga jurnalis va muxlisladan boshqa hech kimga kerakmas. Diyor Imomxujaev Nodirxoja Yuldoshevlar shuncha jon kuydiryapti UFFni ishi xam yoq Oliy ligasi bilan
    2010 yillar qanday qiziqardik essiz

  2. QANI EDI PFL MANA SHU NARSANI UQIB OLIY LIGANI MUXLIS KURIYDIGAN QILSA… ODAM UJE STADIONGA BORGISI KEMI QOLDI

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*