ОРТИҒИГА ДАЪВОЙИМИЗ ЙЎҚ

lok

“Локомотив” Осиё Чемпионлар Лигасининг ярим финалига йўлланма олган Ўзбекистоннинг учинчи клубига айлана олмади. Шунга қарамай мен уни танқид қилмайман.

Чемпионлар Лигаси ҳали старт олмай туриб айнан шу саҳифа учун мақола ёзгандим. Унинг қисқача мазмуни Ўзбекистон клубларининг турнир финалига муносиб эмаслиги бўлиб, максимум ярим финални орзу қилишимиз мумкинлиги, шунда ҳам Чемпионлар Лигасида иштирок этадиган 4 та клубни 1 та жамоа сифатида шакллантирсак, деб айтиб ўтгандим. Миллий терма жамоа ўзаги ҳисобланган футболчилар мамлакатдан ташқарида тўп сураётган бир пайтда, бир эмас тўрт клуб билан Чемпионлар Лигасида муваффақиятли иштирок этишимизни кўз олдимга келтира олмайман. Олий Лигада тўп сурадиган ва бундай босимга дош бера оладиган футболчилар билан 4 та клуб у ёқда турсин, иккитасини ҳам тўлдириб бўлмайди. Футболда малакали кадрларимиз у қадар кўп эмас.

“Локомотив”нинг чорак финалга қадар етиб боришида мен назарда тутган фикрнинг бир қисми ётибди. Чунки таркиб чакки эмасди. Бундай футболчилар билан чорак финалга бормасликнинг ўзи уят эди. Бироқ Осиёда футбол шундай мавқедаки, ярим финал учун ҳамён янада бақувват бўлиши керак. Вазият шуни тақазо этади. Ваҳоланки, “Локомотив” яхши ўйнади, рақибини мағлуб этиб қўйиши ҳам мумкин эди. Бироқ унутмайлик, спортда омад кучлиларга кулиб боқади. Бутун учрашув давомида “Локо” ҳужум қилгани билан, араб жамоаси ортга керакли натижа билан қайтди.

Ярим финалдан умидимни узишни бошлаган онимдан бошлаб ҳеч бўлмаса 1 та гол уришимизга ишониб ўтирдим. Бу шунчаки мухлислар қувончи учун эмас, мағлубиятсиз серияни давом эттириш учун эди. “Темирйўлчилар” мавсум бошидан буён халқаро майдонда 9 та ўйин ўтказиб, уларнинг бирортасида ҳам мағлуб бўлишмаганди. “Ал-Айн” жамоанинг мана шу юришига якун ясаб кетди.

Натижадан жамоа раҳбарларининг кайфияти жуда тушиб кетган деб ўйламайман. Тўғри, мағлубиятни ҳазм қилиш осон эмас. Бироқ клуб ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб турган бўлса-чи? “Локо” мамлакат чемпиони бўлишга улгурган эмас, биринчи бор кўксига олтин медални илиш учун кураш олиб бормоқда. Чемпионлар Лигасида эса гуруҳ босқичидан чиқа олган жамоа эмасди, бугун чорак финал иштирокчиси бўлиб турибди. Буларнинг барчаси жамоа учун ўзига хос PR бўлиб хизмат қилади. “Бунёдкор” ҳам Осиёда ўз номига эга бўлиб олиши учун мана шундай йўлларни босиб ўтган, гарчи бугунга келиб халқаро майдон ишини қойил қила олмаётган бўлса ҳам.

“Локомотив” уй учрашувларини “Бунёдкор”да ўтказди. Тўғри, ўз шаҳридан узоқлаб кетгани йўқ. Лекин клуб йил бўйи стадион муаммоси билан курашади. Иккита стадиони бор камдан-кам клублардан бири бўлса ҳам, ҳар иккисидан ҳам ёлчиган эмас. Буни муаммолардан бири сифатида кўраман. Мана шундай ҳолатда ҳам чорак финалга бориш яхши натижа.

Бундан ташқари мураббий танлаш ҳам раҳбарият учун осон бўлмаган. Вадим Абрамовдан кейин бир неча йиллардан буён ишлаб келаётган ва жамоани яхши билган Мирко бошчи сифатида олиб қолинди. Ўтган мавсумнинг сўнгги 5 та ўйинида 15 очко ишлаган Мирко яхши натижа кўрсатди. Фаолиятининг катта қисмини жисмоний  тайёргарлик бўйича мутахассис сифатида ўтказган Миркодан янада кўпроғини кутиш ҳам мантиқсиз бўларди менимча.

Ўйлаб қарасак, Ўзбекистон клублари чорак финалда 2012 йилдан буён кўриниш бермаганди. Тўрт йил вақт керак бўлди шу босқичда жамоамизни кўриш учун. Нега деган савол кўп бериб кўрилди, фойдаси бўлмагач, ҳамма жимиб қолди. Ортда қолган йилларга назар ташлаганимизда фақатгина “Бунёдкор” ишончли оқлаб келаётганди. Бироқ клуб ўз принципларини ўзгартириши эвазига, халқаро майдонда рақибларига тайёр “гўшт” бўлиб қолди. Ва бу ҳолат жамоа раҳбариятини чўчитаётгани йўқ. “Пахтакор” эса терма жамоалар иши билан кўпроқ банд. Олий Лигада еттинчи бўлиб турганида ҳам етти нафар футболчиси миллийда ўйнайдиган жамоа Чемпионлар Лигасида бир ишнинг эпини қила олмаётганига анча бўлган. Мана шундай натижалар фонида “Локомотив”нинг чорак финали чиройлироқ кўринади.

Бундан ҳам юқорироқ чўққи учун янада кўпроқ ҳаракат, янада кучлироқ футболчилар ва мутахассислар керак. Жамоада кимлар қолади, кимлар кетади, янги мавсумга уни ким тайёрлайди билмайман. Муҳими мамлакат миқёсида тан олиш мумкин бўлган яна бир клубнинг пайдо бўлгани. Тўғри, “Локомотив”нинг мухлислари кўп эмас. Бироқ бу футболни йиғиштириб қўйиш учун асос ҳам эмас. Масалан “Пахтакор”нинг миллионлаб мухлислари бор бўлса-да, миндан бир улуши ҳам стадионга келаётгани йўқ. Ҳамма нарса бирданига бўлиб қолмайди. “Бунёдкор” янги ташкил этилганида умуман мухлиси бўлмаган, “Обод” шундай бошлади ўз юришини. Муҳими қўл силтаб қўймаслик, бошланган йўлни ярим йўлда қолдирмаслик.

Мавзуга оид бўлмаса ҳам мақолани ўзимга тегишли қисм билан якунлайман. “Спорт” каналида ариза ёзган куним “Локомотив”га ишга чақиришди. Икки ой ишлаб, клубдаги ютуқ ва камчиликларни кўрдим. “Локомотив” пулни орқа олдига қарамай ишлатадиган жамоа дегувчиларнинг исталгани билан баҳслашишга тайёрман. Жамоада муаммолар бор, бироқ иш тўхтаб қолмаган. Тўғри, шамолнинг бошқа жойдан эсиши икки ойдан кейин “Локомотив”дан ҳам ариза ёзишимга олиб келди. Бироқ бу менинг ҳаётимда кўп нарсани ўзгартириб юбормади. Журналистика принципларига тўғри келмаса ҳам, “Локомотив”га келгуси ишларида омад тилайман. Мамлакатнинг қолган клубларидаги ишларни билганим ҳолда, “Темирйўлчилар”ни қониқарли фаолият олиб бормоқда деб ҳисоблайман. Буни натижаси ҳам кўрсатиб турибди. “Локомотив”дан келаси мавсум янада кўпроғини кутаман.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

2 Фикрлар "ОРТИҒИГА ДАЪВОЙИМИЗ ЙЎҚ"

  1. LOKOMOTIVni Yarim finalga chiqishiga ishongandim lekin. Ayniqsa safardagi 0-0 uyindan keyin. Jeparovlar qarib qolgani tasir qildi.Trenerni xam umuman bilimi yuq taktika xam yuq Lokoda.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*