ТЎЙГА МУНОСИБ ТЎЁНА

Hasanboy

Бунақаси ҳали бўлмаган!

Бир кунда тўрт Олимпиада медали!

Бир кунда икки олтин!

Бутун дунё ярим соат ичида Ўзбекистон мадҳиясини икки марта тинглади!

Айтинг, бунақаси қачон бўлган? Қаерда бўлган?

Юрт байрамига бундан ҳам яхшироқ тўёна бўладими?

Бу олтинлар сизники, бизники, Она-Ватанимиз Ўзбекистонники!

Олтинлар муборак бўлсин, азиз халқим!

Эътироф

Риода ўтаётган XXXI ёзги Олимпиадаларидаги бокс мусобақаларининг сўнгги икки финал жангини, ҳамюртларимиз Шаҳобиддин Зоиров ва  Фазлиддин Ғойибназаровлар иштирокидаги жангларни Россия телеканали орқали кузатдим. Ҳадеганда ўзбек спортчиларини мақтайвермайдиган рус шарҳловчилари ўзларининг вакили билан жангга чиққан боксчимизга ҳам тан бериб, унинг зўр эканини эътироф этишди. Айниқса, Озарбайжон байроғи остида жангга чиққан, олтин медални олишига ўзи ҳам ишонган, кўплаб мутахассислар ҳам ишонган кубалик Сотамайёрни нокдаунга учратганида рус шарҳловчилари ўзбек боксчисига, Фазлиддинга ишқибозлик қилишди, барча томошабинлар Ўзбекистон фарзандига ишқибозлик қилиб турганини айтишди. Биринчи раундда ғолиблик кубалик боксчи ҳисобига ёзилганда ҳакамларни нохолисликда айблашди. Фазлиддин ғалаба қилиб, Риода Ўзбекистон мадҳияси янграганда рус шарҳловчилари “Ўзбекистонда бокс матаби ўз сўзини айтди, улар кейинги тўрт йил ичида катта сакрашни амалга оширишди, ўзбек спортчилари Олимпиадага жиддий тайёргарлик билан келишганини исботлашди. Улар данёда биринчи ўринни олишди”, дея эътироф этишди.

Бунақаси ҳали бўлмаган

Ўзбекистон спортчилари бир кунда Олимпиаданинг тўрт медалини қўлга киритишди!

Аввалига курашчиларимиз Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимовлар бронза медалларини қўлга киритдилар. Ихтиёрнинг ғалабаси ҳақида ҳали кўп ёзилади. У рақибини енгганида мўғул мураббийлари аламдан кийимларини ечиб ташладилар. Аммо медаль кулгули томоша кўрсатганга эмас, билаги зўрларга берилишини Ихтиёр исботлаб қўйди!

Сўнгра икки боксчимиз, Шаҳобиддин Зоиров ва  Фазлиддин Ғойибназаровлар Олимпиаданинг олтин медалларини муносиб равишда ўзлариники қилишди!

Ҳали бунақа муваффақият Ўзбекистон тарихида бўлмаган эди!

Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллик тўйига энг муносиб тўёнани ўзбек спортчилари, Олимпиадачилар туҳфа қилишди. Терма жамоамиз спортчилари якунда 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза, жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 207 давлат орасида Аргентина, Дания, Швеция, Греция, Украина, Польша, Туркия, Озарбойжон, Арманистон каби давлатларни ортда қолдириб,  21-ўринни эгаллади. Ҳали тарихда бунақаси бўлмаганди. Бу натижа билан биз МДҲ мамлакатлари орасида Россиядан сўнг иккинчи ўринни, мусулмон мамлакатлари ичида биринчи ўринни эгалладик.

Кимнинг бокс мактаби зўр?

Ўн йил аввал Ўзбекистон бокс мактаби АҚШни, Россияни ва, энг қизиғи, улоқни ҳеч қачон қўлдан бермай келаётган Кубани ортда қолдириши мумкинлигига ким ишонганди?

Жимитдеккина бўлса ҳам дунё қадар иродани ўзига сингдириб олган Ҳасанбойдек йигитча олтин олишни бошлаб бериб, ҳамма спортчиларимизга ўрнак бўлганида ким унинг ота онасига раҳмат айтмади?

Шаҳобиддин олимпиаданинг охирги кунида олтин медалга сазовор бўлиб, бутун халқни жипслаб қўйганида ким ғурурланмади? Фазлиддин ҳар бир қўли ўзидек рақибига ўйинни дастлаб бой бера туриб ҳам 32 миллион ватандошининг ори учун жанг қилганида, ғолиб сифатида қўли кўтарилганида дод солиб йиғлаганида бирортамиз кўзёшларимизни тия олдикми?

Хўш, энди ўзимизни кимдандир каммиз дея оламизми? Кўксимизни титратган ғурур ҳисси билан ҳаммадан зўр бўлишимизга шубҳа борми энди?

Сўзсиз дунёда Куба бокс мактаби байроқдорликни узоқ йиллардан бери бировга бермай келаётган эди. Кид Шоколад, Луис Родригес, Кид Гавилан, Хосе Наполес, Шугар Рамослар бокс шон-шуҳрати залидан ўрин олишган. Узоқни кўра билган Фидель Кастро Кубада профессионал боксни таъқиқлаб қўйди. Бу бозор бокси деб ҳисоблади. 1960 йилдан бери Куба боксчилари ҳаваскорлик боксидагина қатнашадилар.

АҚШ бокс мактаби ҳам дунёга ўз сўзини айтиб келаётган эди. Чарльз Майер, Рой Жонс, Микки Уорд, Джо Луис, Майк Тайсонлар дунёга бонг таратдилар. Муҳаммад Али, Фрезер, Форман, Холифилдва  Хопкинслар афсонага айланишди. Аммо Америка бокси тижорат бокси бўлиб қолган эди.

Украина бокс мактаби ҳам тез-тез тилга олинаётган эди. Ака-ука Кличколар бунга сабаб бўла олишган эди.

Россия бокс мактаби ҳам кейинги йилларда пешқадамликка асосий даъвогарлардан эди. Николай Валуев, Фёдор Емеляненко, Денис Бойцов, Денис Лебедев ва бошқа боксчилар Россия шуҳратини кўтардилар.

Аммо Рио Олимпиадасида бутун дунёнинг бокс мутахассислари битта бокс мактабини тилдан қўймаяптилар. Бу бокс мактабига тан бераяптилар. Унинг кейинги йилларда эришаётган муваффақиятларини эътироф этмоқдалар. Бу – Ўзбекистон бокс мактаби, ўзбек бокс мактаби.

15-20 йил муқаддам ҳам Ўзбекистон дейилганда “Бу қаерда? Покистондами, Афғонистондами?” дея ажабланган хорижликлар энди Ўзбекистон дейилганда “О, бокс ватани, Ҳасабой Дўсматовнинг ватани”, дейишади. “Шаҳобиддин Зоировнинг ватани”, “Фазлиддин Ғойибназаровнинг ватани”, дейишади. “Ўзбекистон Шаҳрам Ғиёсовнинг, Бектемир Мелиқўзиев ватани”, “Ўзбекистон Рустам Тўлагановнинг, Муроджон Аҳмадалиевнинг ватани”, дейишади.

Бу мактабнинг тамал тошини Жаҳон чемпиони, афсонавий боксчимиз Руфат Рисқиев қўйган. Ака-ука Анфимовлар, Владимир Шинлар ўзбек боксини машҳур қилишган.

Сидней Олимпиадасида эса, олтин медаль олишни Муҳаммадқодир Абдуллаев бошлаб берган эди.

Бу мактабнинг ёрқин вакиллари 17 марта Жаҳон чемпиони бўлган Артур Григорян ва Жаҳон чемпиони Руслан Чагаевлар, тилларда достон бўлган Ўткирбек Ҳайдаровлар, Карим Тўлагановлар,  Наримон Отаевлар, Дилшод Ёрбековлар, Рустам Саидовлар, Аббос Атоевлар, Элшод Расуловлардир.

Энди чет элда бирор юртдошимиз Ўзбекистонданман, деса, “Боксчимисиз?” дейдиган бўлди!

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Рио Олимпиадасида 3 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Куба, Қозоғистон, Россия, АҚШ каби кучли терма жамоаларни ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси умумий ҳисобда Риода 7 та медални қўлга киритди. Ҳасанбой Дўстматов (49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (52 кг), Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг) олтин медаль, Шаҳрам Ғиёсов (69 кг), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) кумуш медаль, Рустам Тўлаганов (91 кг) ва Муроджон Аҳмадалиев (56 кг) бронза медаллари соҳиби бўлдилар.

Ҳасанбой Дўсматов Рио-2016 олимпиадасининг энг яхши боксчиси, деб эълон қилинди. Унга 1936 йилдан бери Олимпия ўйинларининг энг техникаси юқори боксчисига тақдим этиладиган Вэл Баркер кубоги топширилди.

Риодаги ёрқин, ғолибона иштироклари учун бошқа спортчиларимиз қатори боксчиларимизга ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Уларга чин юракдан шундай деймиз: Биз сиз билан фархланамиз!

Тўёналарни қабул қил, Ўзбекистон!

Боксчиларимиздан ташқари оғир атлетикачимиз Руслан Нуриддинов ҳам 25 йиллик тўйимизга Олимпиаданинг олтин медалини туҳфа этди. У Олимпиада рекордини ўрнатиб, дунёга донг таратди.

Албатта, Ўзбекистон учун медаль олишни бошлаб берган дзюдо кураши бўйича бронза медаллари соҳиблари Диёрбек Ўрозбоев ва Ришод Собировларга, курашчиларимиз Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимовларга, Элмурот Тасмурадовларга ҳам, шунингдек, медаль олмаган бўлсаларда юртимиз номидан Олимпиадада муносиб қатнашган барча спортчиларимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Спортчиларимизнинг Рио Олимпиадасидаги муносиб иштироки Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб тўёна бўлди.

Негизи қаерда?

Бундан 10 йиллар муқаддам муҳтарам Юртбошимиз Оқсаройда Болалар спортини ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилишда юртимизда спортни ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларимизнинг натижаси ҳали давлатимизни дунёга танитишини мардонавор туриб эътироф этганди.

Болалар спорти, ўсмирлар спорти, қизлар спорти… Мана ўша оқилона давлат сиёсатининг, спорт соҳасидаги узлуксиз ғамхўрликнинг улкан натижаси!

Ҳамма эришган ютуқларимизнинг негизида биринчи ўринда оқил ва тўғри юритилган давлат сиёсати турибди! Президентимизнинг катта эътибори турибди.

“Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!” деган даъват турибди!

Ўттиз миллиондан ортиқ ўзбек халқининг орзу-умидлари ва дуолари турибди!

Ҳали бу ҳаммаси эмас! Ҳали бу йилги ютуқларимиздан ўн карра кўп ютуқларни қўлга киритамиз! Биз катта йўлга чиқиб олган катта карвонмиз!

Бу йил спортчиларимизнинг ютуқлари мадҳиямиздагидек, Ўзбекистонни ОЛАМНИ МАҲЛИЁ АЙЛАГАН ДИЁР эканлигини кўрсатди!

Энди ростдан ҳам дунё элларини ўзига маҳлиё айлайди Она-Ўзбекистонимиз!

Барча юртдошларимизга мислсиз ғалабалар муборак бўлсин!

Юртим, байрамларинг муборак бўлсин!

Фахр ва ифтихор билан Тўра Мурод

2 Фикрлар "ТЎЙГА МУНОСИБ ТЎЁНА"

  1. Kuz yosh bilan boks kurgandik, yana kuz yosh keldi…
    Qaniydi futbolchilar xam bokscholarimizdek bulsa

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*