ИСТИҚЛОЛНИНГ «ОЛТИН» ЎҒЛОНЛАРИ!

ruslann

 Ўзбекистонда тонг отмоқда. Саҳоватли қуёш заррин нурларини улашиш учун уйғоняпти. Вужудимда ғурур жўш ура бошлайди. Ҳаяжон уйғонади. Ифтихор туйғулари қамрайди. Қувончлиси, мен ёлғиз эмасман.

Бундай улуғвор туйғулар миллионлаб ҳамюртларимизнинг қалбида куртак ёзяпти. Бу бахтиёрлик ҳиссини олтмиш минг чақирим узоқликда Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимиз баҳш этмоқда!

Энг яхши кўрсаткич

    Олимпиада – спортчилар талпинадиган мусобақа. Улкан орзу. Ўзини профессионал деб ҳисоблаган борки, ич-ичидан спорт оламининг энг йирик турнирида кучини синаб кўришга ошиқади. Демак, тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида шоҳсупага кўтарилиш оламшумул воқеа. Шак-шувҳасиз, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари, совриндорлари қаторида ўзбек спортчиларининг борлиги спортга ошно қалбларни қувончга тўлдиради. Аср аввалида Муҳаммадқодир Абдуллаев томонидан қайд этилган натижани ўн олти йил ўтиб такрорлаган Ҳасанбой Дўстматов дунёда тенгсиз эканини исботлаб, терма жамоамиз ҳисобига илк олтин медални олиб келди. Ҳар қандай турнир олдидан аввал мадҳиямизни куйлаб, кейин курашга киришишни одат тусига айлантирган Руслан Нуриддинов ҳам ишончни оқлаб, чемпионликка эришди. Бундан ташқари, тажрибали боксчи Рустам Тўлаганов, дзюдочилар Ришод Собиров ва Диёрбек Ўразбоев, юнон-рум кураши устаси Элмурот Тасмуродовлар ўз йўналишларида сайёрамизнинг учинчи спортчисига айланди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси Олимпия ўйинларидаги энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.

Hasanboy

“Яхшими?”

Финал. Танаффус. Мураббий кўрсатмалар беряпти. Устозининг сўзларини тинглаган Ҳасанбой секин сўрайди: “Яхшими?”. Қандай ҳаракат қилаётганига қизиқади боксчи. “Зўр, Ҳасанбой!”, дейман телевизор қаршисида овозим борича. “Яшавор!”, дейман баралла. Жангни гувоҳи бўлган юртдошимиз ўша сўзларни такрорлаган, ота-онасига раҳматлар айтган. Ота-она учун эса фарзандининг камолини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Фарзанди аржумандининг ҳар бир ютуғи бу фидойи зотларнинг кўксини тоғдек кўтаради. – 2000 йили Сидней Олимпиадасида Муҳаммадқодир Абдуллаев олтин медални қўлга киритганда чин дилдан қувонган, унга, унинг ота-онасига ҳавас қилган эдим. Қани эди, менинг ўғлим ҳам юртини шундай шарафларга буркаса, деб орзу қилган эдим, – дейди Ҳасанбой Дўстматовнинг отаси Маъруфжон Ҳайитбоев.Ўғлимнинг Олимпия ўйинларидаги ғалабаси уни вояга етказган, тарбиялаган, истеъдодини юзага чиқарган мустақил Ўзбекистон ғалабасидир”. Ҳа, Маъруфжон ака ҳақ гапни айтдилар. Ҳасанбойнинг ғалабасини бутун халқимиз ўз ғалабасидек кутиб олди. Бокс мусобақалари ўтказилаётган ўша спорт мажмуасида туриб олқишлагандек олқишлади!

Олимпиада рекорди ва чемпионлик!

  Инсонга Ватан – дунёга келтирган меҳрибон она қадар, жигарпораси қадар ардоқли. Ватанга хизмат қилиш ҳам, бор онгу шуурни-ю билакдаги кучни ўз эли истиқболи йўлида сарф этиш ҳам – буюк шараф! Оғир атлетикачимиз Руслан Нуриддинов ҳам спорт ихлосмандлари билдирган ишончи  тўла-тўкис оқлади. У бугунги кунда вазни бўйича дунёда етакчи эканини исботалади. Олимпиада чемпионлигини 14 килограмм (!) фарқ эвазига, Олимпия рекордини янгилаган ҳолда қўлга киритди. Ўн тўрт килограмм катта тавофут. Одатда, мусобақаларда биринчи ва иккинчи ўрин ўртасида фарқ узоғи беш килограммгача етади. Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Аяннинг таъбири билан айтганда, “ҳақиқий мўъжиза”. Бу натижа атлетнида ҳаяжонга солгани рост: “Қалбимда кечаётган ҳис-туйғуларни таърифлаб беролмайман. Бу барча юртдошларимизнинг ғалабаси”. Чемпионлик тошини “бўйсундирган” Русланнинг қалбида мавжланган туйғуларни биз ҳам ҳис қилганимиз ҳақиқат. Дув-дув тўкилган қувонч кўз ёшларига шерик бўлганимиз ҳам.

Ruslan2016 (1)

Муносиб жавоб!

Кўзлар ҳеч қачон алдамайди. Спортчиларимизнинг кўзларига боқинг! Кўзлари ёниб турибди! Қалб гавҳарида ишончни, иштиёқни кўрасиз. Шоҳсупага кўтарилган спортчиларимизни фақат ғолиблик бирлаштириб турмайди. Улар – истиқлол фарзандлари! Улар – мустақиллик тенгдошлари! Озод ва обод юртда туғилиб, вояга етган авлод! Соғлом муҳитда улғайган, камол топган жисмонан, ақлан салоҳиятли авлод! Бу – бахт, айнан истиқлол берган бахт! Бу йигирма беш йил олдин қўйилган тамал тошига ёшларнинг муносиб жавоби.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон – буюк сиймоларни вояга етказган замин! Она тупроқ улкан тарихни кўрган, мозийнинг не-не синоатларига гувоҳ бўлган. Ушбу тасаввурлар тарихимиздан куч олиб, нурли келажакка юз очган, очаётган ватанимизнинг бугунги қиёфасидан туғилган чексиз таассуротлар билан уйғунлашиб кетади. Ўзбек спортчиларининг натижаларини ҳайрат оғушида кузатаётган инсонларга қарата “бу менинг ҳамюртим, бу менинг Ватандошим”, дея мақтангинг келаверади!

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

2 Фикрлар "ИСТИҚЛОЛНИНГ «ОЛТИН» ЎҒЛОНЛАРИ!"

  1. Руслан ва Хасанбой ғалабасидан кейин кеча Шахрам хам олтин медал олса зур буларди сал омад кемади.

    Қолган Боксчилардан умид катта. Биз узи футболга эмас БОКСга катта давлат даражасида эътибор беришимиз керак!

  2. RUSLAN NURIDINOV VA XASANBOY BUTUN UZBNI YIGLATDI LEKIN….
    MOLODES YIGITLAR!

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*