КРИМИНАЛ ФУТБОЛ: ҚАТАР ЖЧ МЕЗБОНЛИГИНИ СОТИБ ОЛГАНМИ?

2048x1536-fit_nicolas-sarkozy-compagnie-president-psg-nasser-al-khelaifi-novembre-2014-parc-princes

«Wiki Leaks» номли ташкилот ҳақида эшитган бўлсангиз керак. 2006 йилда ташкил этилган бу ташкилот бутун дунё бўйлаб маҳфий ҳужжатларни чоп этиш ва тарқатиш билан шуғулланади. Унинг асосчиси австралиялик Жулиан Ассанж ҳозирда Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида яшайди. Улар аралашмаган ҳеч бир соҳа қолмади. «Wiki Leaks»нинг футбол бўлими «Ғootball Leaks» деб аталади. Яқинда «Ғootball Leaks» худди «Wiki Leaks» каби машҳурликка эришиш мақсадида Европа футболидаги кўплаб қинғирликлар ҳақида эълон қилди. Албатта, бу маълумотларнинг ҳеч бири исботланмаган ва айбланувчилар барчасини бухтон деб аташмоқда, бироқ эътибор берсангиз, нашр тарқатган маълумотлар ҳақиқатга яқинга ўхшайди.

«ҚАТАР ЖАҲОН ЧEМПИОНАТИ МEЗБОНЛИГИНИ СОТИБ ОЛГАН»
2022 йилги Жаҳон Чемпионати Қатарда ўтказилишидан хабарингиз бор. Араб давлати бу мезбонликни сотиб олгани ҳақида кўп марта эшитгансиз ҳам. Мезбонлик учун курашда Қатарга мағлуб бўлган АҚШ ва Англия бу ҳақда кўп марта бонг урган. «Ғootball Leaks» ҳам энг айнан шу фактга эътибор қаратди. Нашрнинг иддао қилишича, 2007-2012 йилларда Франция президенти бўлган Николья Саркози 2011 йилда Қатар амири билан учрашган ва қатарликларга ўзининг севимли жамоаси «ПСЖ»ни сотиб олишни таклиф қилган. Бунинг эвазига эса Саркози қатарликларга 2022 йилги Жаҳон Чемпионати мезбонлигини қўлга киритиш учун кўмак беришини айтган. 2011 йилда «Qatar Sports Investments» компанияси «ПСЖ» акцияларини сотиб олади. Ўтган 7 йил давомида қатарликлар «ПСЖ» учун 2 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган.
“ИНФАНТИНО «ПСЖ» ВА “МАНЧEСТEР СИТИ”ГА ЁРДАМ БEРГАН”
Нашрнинг навбатдаги айблови ФИФА президенти Жанни Инфантинога қаратилди. Манбанинг ёзишича, Инфантино УЕФА бош котиби лавозимида ишлаганида Франциянинг «ПСЖ» ҳамда Англиянинг «Манчестер Сити» клубларига молиявий фейр-плейдан қочиш учун ёрдам берган. УЕФА жорий этган молиявий фейр-плей шундай нарсаки, клуб бир мавсумни 45 миллион евродан кўпроқ зарар билан якунлаши мумкин эмас. Бироқ «ПСЖ» ва «Манчестер Сити» клублари арабларининг қўлига ўтганидан кейин қандай даҳшатли трансферлар қилганини биласиз. Масалан «ПСЖ» Неймарни 222 миллион еврога, Килиан Мбаппени 180 миллион еврога сотиб олди. Мана шу икки трансфернинг ўзи 400 миллион евродан ошиб кетган ва парижликлар йилни белгиланган миқдордаги зарар билан якунламаслик учун камида 355 миллион евролик футболчи сотишалари керак бўлган (агар даромад фақат трансферлардан деб ҳисобласак). Бироқ Неймар ва Мбаппедан ташқари қолган барча футболчилар ҳам бунча туришмайди.

Айнан шу ерда парижликларга УЕФА ёрдамга келади. «Ғootball Leaks»нинг ёзишича, Париж клуби Қатар туризм вазирлигидан 215 миллион евро ёрдам пули олган. УЕФА эса бу пулни 2,8 миллион евро қилиб қайд этган. 2014 йилда УЕФА ҳар икки клубни жазолади, лекин жарималар икки бой клубга деярли таъсир қилгани йўқ. «ПСЖ» бу айбловларга дарров ўз муносабатини билдирди: “Биз клубга қўйилаётган айбловларнинг барчасини рад этамиз. Клуб доим қонун ва регламент асосида ҳаракат қилган. Биз Қатар туризм вазирлиги билан шартномамизни ҳеч кимдан яширмоқчи эмасмиз, бу ҳақда ҳамма биладиз. Клубнинг охирги йиллардаги ютуқлари бевосита Қатар билан боғлиқ ва бу натижалар мамлакат имиджига ҳам таъсир қилмоқда. Биз барча иқтисодий ҳисоботларимизни вақтида УЕФАга етказиб турганмиз ва ҳеч қандай ғайриқонуний иш қилмаганмиз”,- дейилади «ПСЖ» расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Манбанинг ёзишича, Англиянинг «Манчестер Сити» клуби ҳам «қинғирликлардан» ҳоли эмас. «Шаҳарликлар» 2009-2013 йилларда жамоа бош мураббийи бўлиб ишлаган Роберто Манчининг маошини БААнинг «Ал Жазира» клуби ва офшор корхоналар орқали тўлаган. Шу йўл билан клуб молиявий фейр-плей шартларини бажаришга уринган.

«ЕВРОПА СУПEРЛИГАСИ»
Суперлига фақат бизда бор деб ўйласангиз адашасиз. Нашрнинг маълум қилишича, Европанинг гранд клублари маҳфий учрашган ҳолда янги лига тузишни режалаштиришган. «Реал Мадрид», «Барселона», «Бавария», «Ювентус», «Милан», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал», «Челси», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «ПСЖ» жамоалари бу турнирнинг ташкилотчилари ҳисобланишади. Янги мусобақага «Европа Суперлигаси» деб ном бериш кўзда тутилган ва унда 18 жамоа қатнашади. 17 жамоа «Кучли бешлик»дан бўлади. Яна битта жамоа эса Португалия, Россия ёки Туркиядан танланиши керак бўлган. Юқорида ном келтирилган 11 жамоага 20 йил давомида «Суперлига»дан умуман тушиб кетмаслик кафолатланиши кўзда тутилган. «Ғootball Leaks»нинг ёзишича, Европа грандлари шу тариқа Чемпионлар Лигасига барҳам беришни ва янги лигадан тушадиган даромадни тенг тақсимлашни мақсад қилишган. Футболда клублар ўзлари бўйсунадиган ташкилотсиз ҳеч нима қила олмаслигини инобатга олсак, бу нарсалар шунчаки сафсата эканини тахмин қилиш мумкин. Бироқ маҳфий маълумотлар билан шуғулланадиган норасмий манбаа одамларни шу гавғоларга ишонтирмоқчи бўлмоқда. «Ғootball Leaks» яна янги маълумотларни ошкор қилишни ваъда қилган

Фикрлар "КРИМИНАЛ ФУТБОЛ: ҚАТАР ЖЧ МЕЗБОНЛИГИНИ СОТИБ ОЛГАНМИ?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*