БОКСДА ЯҚҚОЛ ЎСИШ: 16 ЙИЛЛИК НАТИЖА ТАКРОРЛАНДИ!

box tffable

Индонезияда якунланган Осиё Ўйинларида умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан ўрин олган Ўзбекистон терма жамоасининг ютуқларига боксчиларимиз салмоқли ҳисса қўшишди. Чарм қўлқоп усталари 5 та «олтин» билан олтин медаллар сони бўйича 2002 йилги Осиё Ўйинларидаги энг яхши натижамизни такрорлашди. Қуйида боксчиларимизнинг ушбу турнирдаги иштироки ва натижасига назар ташлаймиз.

Мустақиллик йилларида бошқа спорт турлари сингари ўзбек боксига катта эътибор берила бошлади ва бунинг самараси ўлароқ ўзбек бокс мактаби яратилди.

Марс Қўчқоров, Виталий Ким ва бир қатор мутахассислар қўл остида яратилган ушбу мактабдан дастлаб Олег Маскаев, Артур Григорян сингари ажойиб боксчилар етишиб чиққан бўлишса, ундан сўнг Руслан Чагаев, Муҳаммадқодир Абдулаеев, Ўткирбек Ҳайдаров, Рустам Саидов каби Олимпиада ва қитъа чемпионлари порлаб чиқишди. 2000-йиллар бошида ўзбек бокси мактаби шу даражага етдики, ҳар йили янгидан-янги чармқўлқоп усталаримиз етишиб чиқар ва халқаро турнирлардаги шоҳсупада мадҳиямиз садосини янгратишарди.

Сўзимиз исботи сифатида рақамларни келтирадиган бўлсак, биз учун дастлабки Осиё Ўйинлари саналмиш 1994 йилги беллашувларда оғир вазнли боксчиларимиз – Алишер Авазбоев ва Олег Маскаевнинг «олтин»лари эвазига боксчиларимиз фахрли 4-ўринни эгаллаган бўлишса, 4 йил ўтиб Бангкокда ўтган қитъа чемпионатида чармқўлқоп усталаримиз Муҳаммадқодир Абдуллаев, Сергей Михайлов ва Руслан Чагаевнинг олтин медаллари билан Осиёнинг энг яхши икки терма жамоасидан бири эканлигини кўрсата олишганди.

Пусанда ўтган 2002 йилги «Осиё Олимпиадаси» ўзбек боксининг янада ривожланганлигини кўрсатди. Ўшанда ушбу спорт туридаги спортчиларимиздан Дилшод Маҳмудов, Ўткирбек Ҳайдаров, Икром Бердиев, Сергей Михайлов ва Рустам Саидовлар «олтин»лар шодаси эвазига боксчиларимизни Осиёнинг энг кучли терма жамоасига айлантиришганди. Энди уларни нафақат Осиё балки, жаҳонда ҳам тан олишаётганди.

Орадан яна тўрт йил ўтиб, боксчиларимиз Қатар пойтахти Дохада ҳам ўзбек бокси Осиёда ҳали ҳамон биринчи ўринда эканлигини Баҳодир Султонов, Элшод Расулов ва Рустам Саидовларнинг чемпионлиги мисолида кўрсата олишганди.

Афсуски, орадан тўрт йил ўтиб ўзбек бокси мавқеида бироз пасайиш кузатила бошлади. 2010 йилда Гуанчжоудаги қитъа биринчлиги боксимизнинг Осиёдаги 12 йиллик «ҳукмрон»лиги ниҳоясига етаётганлигини кўрсатди. Ўшанда олтин медалга фақатгина Элшод Расулов сазовор бўлиб, бокс термамизнинг умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринда қайд этилишига сабабчи бўлди.

Йиллар давомида ўзбек боксининг юксалишига ва шоҳсупадан жой олишига хизмат қилган бокс мактабимиз «янгиланиш»га муҳтож эканлиги 2010 йилда «кўриниб» қолганди. Афсуски, ўшанда боксимиздаги муаммоларга «ташхис»ни ўз вақтида қўймаганлигимиз орадан 4 йил яна ўз «бўйи»ни кўрсатди. 2014 йилда Инчхон рингларида ўтган жангларда боксчиларимиз илк маротаба олтин медалсиз қолишиб, 8-ўрин билан Осиё Ўйинлари тарихидаги энг ёмон натижамиз содир этилишига сабаб бўлишди.

Ўтган тўрт йил давомида ўзбек боксида авлодлар алмашинуви юз бериб, ажойиб бокс мактабимиз шуҳрати яна кенг оммага ёйилди. Рио-2016да боксчиларимиз жаҳонда тенгсиз эканликларини кўрсатган бўлишса, икки йил ўтиб Осиёда ҳам яққол пешқадам эканлигимизни исботлай олишди. Жасур Латипов (52 кг), Миразиз Мирзахалилов (56 кг), Иқболжон Холдоров (64 кг), Бобо Усмон Батуров (69 кг) ва Исроил Мадримов (75 кг) терма жамоамизга «олтин» тақдим этишган бўлса, Ҳасанбой Дўстматов (49 кг), Шунқор Абдурасулов (60 кг) кумуш медалга эга чиқишди. Жами 7 та медаль эса жамоамизнинг бокс тури бўйича қитъада тенгсиз эканлигини намоён этди. Боксчиларимиз 2002 ва 2006 йилларда ҳам Осиёда байроқдор эдилар. Эндиги вазифа мана шу етакчиликни сақлаб қолишдан иборатдир.

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

box table

box table 1 box table 2

 

Фикрлар "БОКСДА ЯҚҚОЛ ЎСИШ: 16 ЙИЛЛИК НАТИЖА ТАКРОРЛАНДИ!"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*