ИСПАНИЯ ФУТБОЛ ТАХТИГА КЎТАРИЛГАН ЎЙИН

iniesta-vault-inline

Яқинда «Челси» футболчиси Сеск Фабрегасдан ҳаётидаги энг ажойиб лаҳза ҳақида сўрашди. Фабрегас шундай жавоб берди: «Испания футболи тарихидаги энг муҳим голга ассистентлик қилганим». Футболчи 2010 йилги Жаҳон Чемпионати финали тақдирини ҳал қилган Андрес Иньестанинг голини назарда тутган. Бу гол Испанияга ўз тарихидаги биринчи жаҳон чемпионлигини олиб келганди. Фабрегаснинг гапи баҳонасида ўша ажойиб ўйинни эсласак.
УЧИНЧИ ВА БИРИНЧИ ФИНАЛ
Россияда ўтказадиган Жаҳон Чемпионатини ўтказиб юборадиган Голландия тарихда қанчалик кучли футболчиларга эга бўлмасин, бирор марта жаҳон чемпиони бўлолмаган. ЖАРдаги мусобақагача голландлар икки марта Мундиал финалларида ўйнаган ва 1974 йил Германияга, 1978 йил Аргентинага имкониятни бой берганди. Охирги йилларда йирик мусобақаларда яхши натижа кўрсата олмаган Голландия учун финалга йўл олиш яхши натижа эди. Финал йўлида Берт ван Марвейк шогирдлари Бразилия ва Уругвай каби каби кучли жамоаларни мағлуб этишади. Испания эса Висенте дель Боске қўл остида ўз тарихида биринчи марта Жаҳон Чемпионати финалигача етиб борганди. Финалгача бўлган плей-офф баҳсларида испанлар Португалия, Парагвай ва Германияни бир хил 1:0 ҳисобида мағлуб этишади. Нимчорак ва чорак финалда Давид Вильянинг голлари «Қизил фурия»га ғалаба келтиради. Ярим финалда эса ҳужумчиларнинг тиши ўтмаган Германия дарвозасини марказий ҳимоячи Карлес Пуйоль бош билан ишғол қилиб, Испанияни финалга олиб чиқади.
ҲАҚИҚИЙ ФИНАЛ
Англиялик Ҳовард Уэбб бошқарган ўйин финалларга хос тарзда жуда кескин ўтганди. Ҳакам ўйин давомида 13 та сариқ, 1 та қизил карточка кўрсатганди. Ҳар икки жамоа шу биргина ўйиндаги ғалаба уларга мамлакатлари тарихидаги илк жаҳон кубогини тақдим этганини билган ҳолда ҳаракат қилишади. Ўйиндаги илк хавфли вазиятни испанлар вужудга келтиришади. Хавининг жарима зарбасидан узатган тўпини Серхио Рамос 10 метрлар чамасидан бош билан дарвозага йўллайди. Бироқ Мартин Стекеленбург ишончли ҳаракат қилиб, тўпни уриб юборади. Кўп ўтмай ўткир бурчакда турган Давид Вилья Хаби Алонсонинг узатган тўпини кучли зарба билан яқин бурчакка йўллайди, лекин зарба ноаниқ бўлади. 28-дақиқада ўйиндаги энг можароли воқеа юз беради. Голландия терма жамоаси таянч ярим ҳимоячиси Найджел де Йонг тўп учун курашда Хаби Алонсога оёғининг таг қисми билан зарба беради. Испанлар бундай ҳаракати учун футболчи майдондан четлатилиши керак эканини талаб қилишади, бироқ Уэбб де Йонгга сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланади.
LXDBIOICV5HHNN2TJHKRQ6GJGI
Биринчи бўлим ўртасида яна бир эътиборга молик ҳолат юз беради. Голландиялик футболчи фейр-плей қоидасига амал қилиб тўпни Икер Касильясга тепиб юборади. Бироқ зарба кучлилигидан тўп тўғри дарвоза томон учиб кетади. Касильяс эса тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишга мажбур бўлади. Бурчак зарбаси бегилангач Робин ван Перси стандартни амалга ошириш учун бурчакка боради ва тўпни секингина Касильясга тепиб юборади. Ҳужумчининг бу ишини бутун стадион олқиш билан кутиб олади.
1467573178_032052_1467573451_noticia_normal

Иккинчи бўлим ўртасида Голландия ўйиндаги энг қулай имкониятидан фойдалана олмайди. Майдон марказида тўпни Бускетсдан олиб қўйган Снейдер битта узатма билан Арьен Роббенни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга олиб чиқади. Бироқ Роббеннинг зарбасини Касильяс оёқлари билан қайтариб қолади. Кўп ўтмай энди испанлар жуда қулай вазиятни кўкка совуришади. Педронинг қанотдан узатган тўпини қайтармоқчи бўлган ҳимоячи Жон Хейтинга хатога йўл қўяди ва тўп Давид Вильяга келиб тушади. Бироқ ҳужумчининг дарвозадан икки метр узоқликдан берган кучли зарбасини сал олдин хатога йўл қўйган Хейтинга оёқлари билан қайтариб қолади. Асосий вақт тугаши арафасида Роббен ҳимоячилардан ўтиб яна бир қулай имкониятга эга бўлади. Лекин Роббен Касильясни алдаб ўтмоқчи бўлганида дарвозабон тўпни ушлаб олади. Шу тариқа асосий вақтда ҳисоб очилмайди.
www.usnews.com

Қўшимча бўлимлар бошланиши билан Испания қулай имкониятга эга бўлади. Иньеста аниқ тўп узатиши билан захирадан майдонга тушган Сеск Фабрегасни дарвозабон билан деярли бирга-бир вазиятга олиб чиқади. Бироқ Сескнинг зарбасини дарвозабон қайтаради. 109-дақиқа ўтиб бораётганда Жон Хейтинга Иньестага қарши қўполлиги учун иккинчи марта огоҳлантирилади ва майдонни тарк этади. Амалда мана шу четлатиш испанларга катта устунлик беради.
ИСПАНИЯ УЧУН АСР ГОЛИ
Қўшимча бўлимлар тугашига 4 дақиқа қолганида бутун ўйинни ҳужумда ўтказган Испания барибир мақсадига эришади. Икки йил олдин Европа чемпионати қаҳрамони бўлган Фернандо Торрес тўпни ҳаволатиб жарима майдончасига узатади, бироқ ҳимоячи тўпни қайтаради. Қайтган тўпни эгаллаб олган Сеск Фабрегас уни қулай нуқтада турган Андрес Иньестага узатади. Иньеста эса ҳимоячидан ўтиб тўпни кучли зарба билан дарвозага «михлаб қўяди». Ҳа, бу якун эди. Голландия қолганига кучи етмаслигини билиб бўлганди. Испаниялик футболчилар эса кўз ёшларини тийиб тура олишмайди. Ҳакам ўйин якунланиши ҳақида ҳуштакни чалганидан кейин Серхио Бускетс ва Икер Касильяс кўз ёш билан бир-бирини қучоқлагани кўпчиликнинг ёдида. Ўша кеча каталониялик ҳам, мадридлик ҳам, баск ҳам андалусиялик ҳам бутун бир Испания бўлиб бирлашган ва ўз ватанига тарихий ғалабани келтирганди. Рамос ва Пике бир-бирини қутлаганини кўрганлар наҳотки уларнинг бири Мадридда, бири Каталонияда ўйнаса деб иккиланиши турган гап. Буюк ғалабалар эса мана шундай бирлашиб қўлга киритилади…
slide_8458_112621_huge

ЖЧ-2010. Финал.
2010 йил, 11 июль. ЖАР.
ГОЛЛАНДИЯ – ИСПАНИЯ 0:1
Йоханнесбург. «Соккер Сити» стадиони 84 900 томошабин.
Гол: Андрес Иньеста (116).
Бош ҳакам: Ҳовард Уэбб (Англия).
Голландия: Мартин Стекеленбург, Жон Хейтинга, Грегори ван дер Вил, Жованни ван Бронкхорст (Эдсон Брафхейд, 105), Йорис Матейсен, Найджел де Йонг (Рафаэль ван дер Варт, 99), Марк ван Боммел, Уэсли Снейдер, Арьен Роббен, Дирк Кёйт (Элджеро Элиа, 71), Робин ван Перси.
Бош мураббий: Берт ван Марвейк.
Испания: Икер Касильяс, Карлес Пуйоль, Жерар Пике, Серхио Рамос, Хуан Капдевила, Серхио Бускетс, Хабо Алонсо (Сеск Фабрегас, 87), Хави, Андрес Иньеста, Педро (Хесус Навас), Давид Вилья (Фернандо Торрес, 106).
Бош мураббий: Висенте дель Боске.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "ИСПАНИЯ ФУТБОЛ ТАХТИГА КЎТАРИЛГАН ЎЙИН"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*