СУПЕРЛИГА: ЁЗНИНГ ЭНГ МУҲИМ 10 ТРАНСФЕРИ

transferlar 2

Хабарингиз бор, 18 июндан 15 июлгача Суперлига ва Про-Лига клублари учун ёзги трансферлар очиқ эди. Кеча, 15 июль куни соат 23:59да трансферлар расман тўхтатилди. Қуйида «Эрудит Спорт» нашри Суперлига клублари томонидан ушбу “трансфер дарчаси”сида амалга оширилган энг муҳим 10 трансфер рейтингини тузди.

  1. АНЗУР ИСМОИЛОВ

Собиқ клуби: «Чанчунь Ятай» (Хитой)

Янги клуби: «Локомотив»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: ҳимоячи

 

Рейтингимизнинг энг юқори ўрнидан Анзур Исмоилов ўрин олди. Сўнгги 7 йил давомида Хитой Суперлигасида тўп сурган Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси ниҳоят ортга қайтишга қарор қилди. Анзур 33 ёшни қарши олган бўлсада ҳалигача мамлакатимизнинг энг яхши ҳимоячиси бўлиб турибди. Исмоиловнинг қайтиши амалдаги чемпион “Локомотив”ни кучайтириш билан бирга Суперлига ўйинларига қизиқишни оширади.

 

  1. АЗИЗ ҲАЙДАРОВ

Собиқ клуби: «Ажман» (БАА)

Янги клуби: «Бунёдкор»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: яримҳимоячи

 

Хориждаги 7 йиллик фаолиятини якунлаб, уйга қайтган яна бир легионер футболчимиз Азиз Ҳайдаров бўлди. 2011 йил “Бунёдкор”дан БААга йўл олган терма жамоамиз футболчиси яна “Бунёдкор” клубига қайтди. 33 ёшли яримҳимоячи “Бунёдкор”нинг молиявий ҳолатига қарамай, Суперлигадаги сўнгги трансфер кунида расман “Қалдирғочлар” аъзосига айланди. Номдор футболчимиз ҳам Суперлиганинг рамзларидан бирига айланиши шубҳасиз.

 

  1. ИГОРЬ СЕРГЕЕВ

Собиқ клуби: «Ал Дафра» (БАА)

Янги клуби: «Пахтакор»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: ҳужумчи

 

Ярим мавсум давомида легионер сифатида БААнинг “Ал Дафра” клубида тўп сурган Игорь Сергеев ҳам яна Тошкентга қайтди. Афсуски, терма жамоамиз ҳужумчиси саналмиш Сергеев, Исмоилов ва Ҳайдаровдан фарқли равишда айни кучга тўлган даври 25 ёшида ҳам БАА клубига керак бўлмади. Ўзбекистонга қайтган футболчимиз бу сафар ҳам яна “Пахтакор” сафига қўшилди.

 

  1. ДРАГАН ЧЕРАН

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Пахтакор»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: ҳужумчи

 

Қарши – Тошкент йўналиши бўйича “Насаф”дан “Пахтакор”га йўл олган яна бир футболчи Драган Черан бўлди. Воҳанинг бош жамоасидаги оғир молиявий ҳолат сабабли сербиялик голеадор легионер айни дамда энг яхши молиявий имкониятга эга бўлиб турган “Пахтакор” сафига ўтди. 2,5 йил давомида Қарши клубида тўп сурган Черан “Насаф”нинг сўнгги йиллардаги энг яхши “топилмаси” бўлганди.

 

  1. ТЕМУРХЎЖА АБДУХОЛИҚОВ

Собиқ клуби: «Ас-Сайлия» (Қатар)

Янги клуби: «Локомотив»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: яримҳимоячи

 

Хориждан юртимизга қайтган яна бир футболчи Темурхўжа Абдухолиқовдир. Ўзбекистон терма жамоасига номзод ҳужумчининг Қатарнинг “Ас-Сайлия” клуби билан шартномаси 30 июнь куни ўз ниҳоясига етди. Натижада 27 ёшли ҳужумчи яна Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди ва жонажон клуби “Локомотив” сафига келиб қўшилди. Қайд этиш жоиз, “Темирйўлчилар” Анзур Исмоилов ва Темурхўжа Абдухолиқов билан таркибни анча кучайтиришди.

 

  1. ЖАСУР ҲАСАНОВ

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: АГМК

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: яримҳимоячи

 

Молиявий муаммолар сабаб “Насаф” клубини барвақт тарк этган Жасур Ҳасанов Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубига ўтиши кутилганди. Аммо жиззахлик футболчи Сергей Лушан клубини эмас, Бахтиёр Ашурматовга “лаббай” дея жавоб бериб АГМК сафига қўшилди. Олмалиқ клуби 34 ёшли тажрибали яримҳимоячи фаолиятидаги 11-клуб, Ўзбекистондаги эса 8-жамоаси бўлди.

 

  1. ИГОРЬ ГОЛБАН

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Навбаҳор»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: ҳимоячи

Ўзбекистондаги фаолиятини айнан “Навбаҳор”да бошлаган россиялик легионер Игорь Голбан икки мавсумдан буён “Насаф” шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. Аммо Черан сингари Голбан ҳам клубни тарк этди ва яна Наманганга қайтди. Универсал футболчи қаршиликларнинг муҳим футболчиси эди. Водий клубида ҳам Голбан етакчилардан бирига айланиши шубҳасиз.

 

  1. МИЛОШ ТРИФУНОВИЧ

Собиқ клуби: «Младость» (Сербия)

Янги клуби: АГМК

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: ҳужумчи

2011 йилги мавсумда “Бунёдкор”да порлаган сербиялик ҳужумчи Милош Трифунович 7 йил ўтиб яна Ўзбекистонга қайтди. 34 ёшли форвард АГМК клуби билан шартнома имзолади. Ўз вақтида чемпионатимиз тўпурари бўлган Трифунович бу сафар Олмалиқ клубида голеадорлигини кўрсата оладими, буни вақт кўрсатади.

 

  1. СТАНИСЛАВ АНДРЕЕВ

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Металлург»

Ўтиш мақоми: ижара

Амплуаси: ҳимоячи

 

2006 йилда Сариосиёнинг “Тўпаланг” клубида дебют қилиб, 11 йилдан буён Тошкентнинг “Пахтакор” клубида тўп суриб келаётган Станислав Андреев мавсумнинг қолган ярмини Бекободда ўтказади. Битта оталиққа эга клублар саналмиш “Пахтакор” ва “Металлург” бу сафар ҳам ижара асосида футболчи алмашишди. 30 ёшли чап қанот ҳимоячиси “Металлург” етакчиларидан бирига айланиш имкониятига эга.

 

  1. ИВАН НАГАЕВ

Собиқ клуби: «Ордабаси» (Қозоғистон)

Янги клуби: «Қизилқум»

Ўтиш мақоми: Эркин агент

Амплуаси: ҳужумчи

Рейтингимизнинг “Топ-10”лигини фаолиятидаги 10-жамоасига ўтган Иван Нагаев ёпиб берди. Йил бошида “Бухоро”дан Қозоғистоннинг “Ордабаси” клубига йўл олган 29 ёшли ҳужумчи яна Ўзбекистонга қайтадиган бўлди. Таклифлар орасидан Нагаев Навоийнинг “Қизилқум” клуби чорловини қабул қилди. Тезкор ҳужумчи фаолиятида яна легионер бўлишни истаса, мавсумнинг иккинчи ярмида “Қизилқум” сафида ўзини кўрсатиши талаб этилади.

transferlar 2

1 Фикр "СУПЕРЛИГА: ЁЗНИНГ ЭНГ МУҲИМ 10 ТРАНСФЕРИ"

  1. Yaxhi maqola bulibdi. Lekin Sherzod Karimov Navbaxorga utganini xam kiritsa bulardi. Gazetadagi maqolalar kupro qoyinglar

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*