СУАРEС ҚАҲРАМОНГА АЙЛАНГАН ЎЙИН

luiz-saurez-1024x868

Уругвай терма жамоаси Жаҳон Чемпионатига йўл олиш олдидан ўз майдонида Ўзбекистонга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Ўзбекистонлик мухлислар Уругвай айнан бизга қарши ўйиндан кейин Мундиалга йўл олгани сабаб кетма-кет 4 та ўйинда ғалаба қозонганини айтиб ҳазиллашишмоқда. «Сентенарио»да кечган ўйинда Ўзбекистон дарвозасига урилган учта голдан биттасига Луис Суарес муаллифлик қилганди. «Барселона»вакили учрашув давомида ўзини худди расмий ўйинда қатнашаётгандек тутди. Чунки у жангчи. Луис Россиядаги мусобақани яхши ўтказмоқда ва ҳозирча иккита гол урди. Суарес утча Мундиалда гол урган биринчи уругвайлик айланди. Лекин ҳужумчи бундан олдин қатнашган иккита Жаҳон Чемпионатларида ғалати қилиқлари билан ёдда қолган. 2014 йилги Мундиалда у Кьеллинини тишлаб узоқ муддатга футболдан четлатилганини эсласангиз керак. 2010 йил ЖАРда ўтказилган мусобақада ҳам Суарес барчага диққат марказида бўлганди. Ганага қарши ўйиннинг қўшимча дақиқаларида Суарес бўлмаганида балки Уругвай ўша мусобақада ярим финалга чиқа олмаган бўларди…

ТИШЛАШНИ БОШЛАМАГАН ЛУИС
Суарес 2010 йилги Мундиалда унчалик ҳам таниқли футболчи эмасди. Чунки Луис у вақтда Голландиянинг «Аякс» жамоасида ўйнарди. Бутун дунё уни кейинчалик футболчиларни тишлаши билан эслашини ўшанда билмасдик. Суарес тишлашни айнан ЖАРдаги Мундиалдан кейин бошлаб юборганди. «Аякс» етакчиси бўлган Луис Нидерландия чемпионатининг марказий баҳси бўлган «ПСВ»га қарши ўйинда рақиб ҳимоячиси Отман Баккалани тишлаганди. Ҳакам ўйин вақтдида бунга эътибор бермаган, бироқ учрашув тугагач ўша ҳолатнинг видеоси тарқалиб кетганди. Эсингизда бўлса, кейинчалик Бранислав Иванович ва Жоржо Кьеллинилар Луиснинг «ўлжаси»га айланишганди.

ФОРЛАННИНГ УКАЛАРИ
Бугунги Уругвай терма жамоасининг етакчилари Луис Суарес ҳамда Эдинсон Кавани ҳисобланишади. Бироқ 2010 йилги Мундиалда Диего Форлан Уругвай футболи рамзига айланганди. Кейинчалик мусобақанинг энг яхши футболчиси деб тан олинган Форлан Мундиаль бошланишидан бир йил олдин Европа миллий чемпионатларидаги энг кўп гол урган футболчига бериладиган «Олтин бутса» соҳибига айланганди. Месси ва Роналду даврида «Олтин бутса»ни бу икки футболчидан ташқари фақат Диего Форлан ва Луис Суарес қўлга киритганини ҳам таъкидлаш керак. Форлан 2004/05 йилги мавсумда ҳам «Вильярреал» сафида «Олтин бутса»га эга чиққан. Қисқаси Форлан Уругвайнинг етакчиси эди. Суарес ва Каванилар эса унинг қаноти остида кучли футболчига айланишди. Суарес Мундиалдан кейин «Ливерпул»га ўтгани ва инглиз клуби тарихидаги энг қиммат ҳужумчига айлангани ҳам бежизга эмас. Луис Мундиаль баҳсларида учта гол урганди. Шундан иккитасини 1/8 финалда Жанубий Корея дарвозасига. Ўйин 2:1 ҳисобида Уругвай фойдасига якунланган. Гуруҳ босқичидаги Мексикага қарши кечган ҳал қилувчи ўйинда ҳам Суарес ўйиндаги ягона голга муаллифлик қилганди.

ЖИЛОВЛАНГАН АФРИКА
Чорак финалда Уругвайга Африка вакили Гана рақиблик қилади. Кўпчилик африкалик фақат кучга асосланган палапартиш ўйин намойиш қилади деб ўйлашади. Лекин 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида порлаган Гана терма жамоаси ҳақида бундай дейиш қийин эди. Ганаликлар ақлли ва тартибли ўйинлари эвазига Германия, Австралия ва Сербия каби кучли жамоалар қатнашган гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашганди. Шу сабаб ўйин Уругвай учун оғир кечади.

Ўйинда ҳисоб биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ганаликлар томонидан очилади. Ўша вақтда Миланнинг «Интер» клуби сафида ўйнаган Салли Мунтари 35 метрлар чамасидан чап оёқда жуда кучли зарба йўллайди ва Муслера дарвозасини аниқ нишонга олади. Гол урилиши билан биринчи бўлим якунланади. Бу эса Гана иккинчи бўлимда катта руҳий устунликка эга бўлади дегани эди. Бироқ Уругвай иккинчи бўлим аввалидаёқ ўзига келиб олади. 55-дақиқада Уругвай 25 метрлар узоқликдан жарима зарбаси тепиш имконига эга бўлади. Стандарт дарвозадан чап томонда ўткир бурчак остида амалга оширилгани учун кўпчилик тўп жарима майдончасига узатиб берилишини кутади. Лекин Диего Форлан жуда кучли зарба билан узоқ бурчакни аниқ нишонга олади – 1:1. 70-дақиқада Уругвай ҳисобда олдинга чиқиб олиш имконини қўлдан бой беради. Эсингизда бўлса, Мисрда ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида Ўзбекистон дарвозасига гол урган Николас Лодейро ажойиб тўп узатиши билан Суаресни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга олиб чиқади, лекин ҳужумчининг жуда кучли зарбасини дарвозабон қайтаради. Ўйиннинг асосий вақти шу тариқа 1:1 ҳисобида якунланади.

«МАНА БУ ҲАҚИҚИЙ ХУДОНИНГ ҚЎЛИ»
Қўшимча бўлимларни Гана яхшироқ ўтказади ва кўплаб ҳужумлар амалга оширади. Айниқса охирги ҳужум… Қўшимча бўлимларнинг охирги дақиқаси ўтиб бораётганда Гана жарима зарбаси тепиш имконига эга бўлади. Тўп жарима майдончасига узатилганидан кейин ганалик футболчи бош билан зарба йўллайди. Зарбани эса дарвозабон ўрнига пайдо бўлган Луис Суарес оёқлари билан қайтаради, бироқ Доминик Адия яна бир марта бош билан зарба йўллайди. Бу сафар Суарес тўпни қўли билан қайтаради. Агар Суарес бўлмаганида, тўп дарвоза тўридан жой олар ва ўйин тугарди. Чунки ҳакам охирги ҳужум учунгина имкон берганди. Бироқ Луис ўзи майдондан четлаштирилишини билиб ҳам тўпни қўли билан қайтариб, ватани жамоасини қутқариб қолади. Ҳакам ҳеч икиланмай пенальти белгилайди. Пенальтини Гананинг асосий юлдузи Асамоа Гьян амалга оширади. Бироқ Гьян гол ура олмайди. Унинг зарбаси дарвоза тўсинини титратиб, тўп майдонни тарк этади. Операторлар пенальти голга айланмаганидан кейин майдонни тарк этаётган Луис Суаресни излаб топишади ва Суарес худди ўзи гол ургандек хурсанд бўлганини тарихга муҳрлашади.
-62db45aa2225740f
Пенальтилар сериясида Уругвай 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқади. Серияда ўйинда пенальтидан гол ура олмаган Асамоа Гьян Гананининг биринчи зарбасини йўллагани ва совуққонлик билан гол урганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Уругвай дарвозабони Муслера иккита зарбани қайтаради. Ҳал қилувчи зарбани эса уругвайлик Себастьян Абреу Паненко услубида жуда чиройли тарзда амалга ошириб Уругвайга ғалаба келтиради. Ўйиндан кейин Суарес шундай деганди: «Мана бу ҳақиқий Худонинг қўли». Луис бу гапи билан Диего Марадонанинг гапларига ишора қилганди. Марадона ЖЧ-1986 чорак финалида Англия дарвозасига қўл билан гол урган ва ўйиндан кейин «Бу Худонинг қўли эди», деганди.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "СУАРEС ҚАҲРАМОНГА АЙЛАНГАН ЎЙИН"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*