ЖЧ-2018 CЎРОВНОМАСИ: ШАРҲЛОВЧИЛАР КИМГА МУХЛИСЛИК ҚИЛИШАДИ?

tvsharhl

Барчамиз интиқлик билан кутган дамлар етиб келди. Россияда ўтадиган Мундиаль бизга олам-олам ҳаяжонли ва қувончли дамларни ваъда этмоқда. Миллионлаб мухлислар интизорлик билан кутаётган футбол байрами олдидан “Эрудит Спорт” нашри бир қатор шарҳловчилар ўртасида сўровнома ўтказди.

Сўровнома:

  1. Жаҳон Чемпионатига кимга мухлислик қиласиз ёки қайси жамоанинг ўйинларини алоҳида кузатиб борасиз?
  2. Қайси терма жамоаларни чемпионлик учун асосий даъвогар деб биласиз?
  3. Сизнингча, қайси терма жамоа ва футболчи мусобақа кашфиётига айланади?

 

МИРЗАҲАКИМ ТЎХТАМИРЗАЕВ: «МИСР ВА САЛОҲ МУНОСИБ ЎЙИН КЎРСАТСА АДОЛАТДАН БЎЛАДИ»

  1. Очиғини айтсам, барча учрашувларни чиройли ўйин кўриш умидида томоша қиламан. У ёки бу терма жамоага мухлислик қилмайман.
  2. Футбол кутилмаган натижаларга бойлиги билан ўзига ром қилиб келади. Биз Германия, Бразилия ёки бошқа бирор терма жамоани шоҳсупага кўтарилади дермиз, аммо ҳаммаси майдонда ҳал бўлади.
  3. Менимча, Миср ва Муҳаммад Салоҳ чемпионатда муносиб ўйин намойиш этса адолатдан бўларди.

 

МУРОД РИЗАЕВ: «МЕССИ ВА АРГЕНТИНАГА МУХЛИСЛИК ҚИЛАМАН»

  1. ЖЧ-2018ни интиқлик билан кутаяпман. Мундиалда Месси таркибида борлиги учун Аргентинага мухлислик қиламан. Месси “Олтин тўп”га эга бўлишини истардим.
  2. Тўртта яққол даъвогар сифатида Бразилия, Аргентина, Испания ва Германияни кўраяпман. Фикримча, Бразилия ва Германиянинг имконияти кўпроқ.
  3. Терма жамоа сифатида кашфиётни кўрмаяпман, футболчилардан эса Азар ёки Муҳаммад Салоҳ турнирда қаҳрамонлик кўрсатиши мумкин.

 

ЭЛДОР МУСТАФОЕВ: «МЕССИ-РОНАЛДУ КУРАШИ ЭСКИРДИ…»

  1. ЖЧ-2018да Миср ва Муҳаммад Салоҳга мухлислик қиламан. Айнан Салоҳ турнир давомида ўзини кўрсатиб, якунда мусобақанинг энг яхши ўйинчиси бўлса ажабланмайман.
  2. Амалдаги чемпион Германия терма жамоасини ЖЧ-2018нинг асосий даъвогари деб биламан. Қолаверса, Англия ҳам нисбатан номдор бўлмаган таркиб билан узоқ кутилган ғолибликни тортиқ этишини тахмин қилса бўлар. Шу жумладан Испания ва Бразилияни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Аргентинага эса бу сафар негадир унчалик ишонмаяпман.
  3. Кўпчилик яна Роналду ва Месси курашини кўришни истаётгандир, аслида эса энди бу борада янги “қирол”лар саҳнага чиқиши пайти келди. Салоҳ ва унга ўхшаган янги юлдузлар порлашини кутаяпман. Месси-Роналду қарама-қаршилиги эскирди.

 

ДАВРОН ФАЙЗИЕВ: «ФРАНЦИЯ МЕНИ ҚИЗИҚТИРМОҚДА…»

  1. Қайсидир жамоага мухлислик қилиш масаласида ҳали бир қарорга келмаган бўлсамда, мени Франциянинг ўйини қизиқтирмоқда. Сабаби французларда янги авлод шаклланиб бўлди ва энди бу майдонда қай даражада кўриниш олиши қизиқ. Ном жиҳатдан оладиган бўлсак, Франциянинг таркиби жуда қўрқинчли, яхши маънода. Аммо, тарихга назар ташласак, аксарият ҳолларда ўша жуда кучли таркибга эга жамоалар кутилган натижани қайд эта олишмаган. Масалан, Англия. Французлар ҳам инглизларнинг олдинги ҳолатига тушадими ёки Дидье Дешам 20 йил олдингидек энди мураббий сифатида янги авлод билан бош совринга эга чиқадими? Шу мени қизиқтирмоқда.
  2. Бош соврин учун мен қатори кўпчилик 4 та терма – Бразилия, Испания, Германия ва Аргентинани кўрсатмоқда. Мана шу термалар салоҳият борасида бошқалардан устунроқ. Буларга Францияни ҳам яқинлаштириш мумкин. Англия, Бельгия ва битта актёрга эга театр бўлмиш Португалия ҳам курашга қўшилса керак.
  3. Кашфиётлар борасида гапирсам, Франциядан Мбаппе, Англиядан Делле Алли, Испаниядан Асенсио, Бразилиядан Жезуслар турнирда кўпчиликни ҳайрон қолдириши мумкин. Аслида эса кашфиётлар ўртамиёна термалардан ҳам чиқади. Сўнгги ЖЧда Коста-Рикадан Кейлор Навас ярқ этиб чиқиб, “Реал”га йўл олгани сингари. Бу рўйхатга Салоҳни ҳам қўшсам бўларди, аммо унинг ёнида Мане ёки Фирминолар бўлишмайди. Терма жамоа масаласига келсак, Хорватия терма жамоаси ўз ўйини билан барчани лол қолдириши мумкин. Бунинг учун уларда яхши таркиб жамланган. Якуний таркибларни кўриб, бу борада яна фикр билдириш мумкин. Сабаби, испанлар таркибидан Мората, Фабрегас, Алонсоларнинг тушиб қолишини кўпчилик кутмаганидек, бошқа термаларда ҳам бундай сюрпризлар бўлса керак.

 

ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВ: «АНГЛИЯДАН ЯНГИЛИК КУТАМАН»

  1. Бирор жамоага мухлислик қиламан деб айта олмайман. Шунга қарамай, Англия термасининг ўйинларига бефарқ бўлмасам керак. Ҳар сафар инглизлардан нимадир янгилик кутаман. Бу сафар ҳам шундай. Авваллари Англия таркибдаги номлари билан ҳаммани даҳшатга солар, натижаси кўнгилсиз бўларди. Бу сафарги номлар аввалгилардан зўрмас, лекин таркибдаги ҳамма футболчи меҳнат қилишни севадиган. Бу авлод аввалгиларидан бошқачароқ ўйнашини сўнгги 2-3 мавсумда ҳаммамиз кўрдик. Умуман олганда, Бразилия ҳам аввалгиларига ўхшамайди. Ҳатто Франция ҳам. Назаримда Аргентина, Германия, Испания ёки Бельгияга қараганда Англия, Бразилия ва Францияда ўзгаришлар каттароқ.
  1. Юқоридаги саволга жавобдан ҳам билиш мумкин. Фаворитлар ўзгармаган: Англия, Испания, Франция, Германия, Аргентина, Бразилия ва Бельгия.
  2. Аниқ бир нима дейиш қийин. Лекин кутилганидан баландроқ сакраши мумкин бўлган жамоа қайси деб сўралса, Хорватияни айтган бўлардим. Улар ЖЧ-1998 натижасини такрорлашса ҳам ажабланмайман.

У.ИБОДОВ ёзиб олди.

Фикрлар "ЖЧ-2018 CЎРОВНОМАСИ: ШАРҲЛОВЧИЛАР КИМГА МУХЛИСЛИК ҚИЛИШАДИ?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*