«ХОЛОКОСТ» — БРАЗИЛИЯНИНГ ЭНГ ШАРМАНДАЛИ МАҒЛУБИЯТИ

K3KXXCQULRBMLB63ATY6KXREKQ

Жаҳон Чемпионати бошланишига 16 кун қолди. Ҳар диомгидек Россиядаги Мундиалда ҳам Бразилия ва Германия ғолиблик учун асосий даъвогарлардан деб қаралмоқда. Бу жамоаларнинг ўтган ЖЧдаги ўйини кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. 2014 йил Бразилияда ўтказилган Жаҳон Кубогида Германия мезбон Бразилияни 7:1 ҳисобида мағлуб этганди. Мундиалнинг ярим финали доирасида кечган ўша баҳс Бразилиянинг энг шармандали ўйини бўлиб тарихда қолган. Бу расман Бразилия терма жамоасининг тарихдаги энг йирик мағлубияти ҳисобланади.

КУЧСИЗ БРАЗИЛИЯ
Бразилия Жаҳон Чемпионати ўз майдонида ўтказилгани сабаб унинг фаворитларидан деб қаралаётганди. Бироқ мусобақа бошлангач барча кўрдики, Сколари шогирдлари қолган фаворитлардан анчагина кучсиз. Буни очилиш ўйинидаёқ мухлислар пайқашди. Хорватияга қарши кечган ўйин 1:1 ҳисобида давом этаётганда япониялик ҳакам Юичи Нишимура йўқ жойдан пенальти белгилаб, ғалаба Бразилия томонга ўтиб кеишига сабаб бўлганди. Иккинчи турда Мексикани енга олмаган бразилияликлар учинчи турда Камерунни йирик ҳисобда мағлуб этиб, гуруҳдан чиқишди. Нимчорак финалда пентакампеонлар Чилини пенальтилар сериясидагина мағлуб эта олишди. Чорак финалда Бразлия Колумбияни мағлуб этганди. Ўша баҳсда ҳам ҳакамлар мезбонларга кўп ҳолларда ёрдам беришган. Ўша ўйин охирида яна бир воқеа содир бўлганки, бу ярим финал олдидан бразилияликлар учун жиддий йўқотиш бўлганди.
НEЙМАРНИНГ ЖАРОҲАТИ
e42671e4d2e342d2969dc58525975b66
Комлумбияга қарши баҳснинг 88-дақиқасида колумбиялик футболчи Бразилия етакчиси Неймарни орқа томондан тепиб, майдонга қулатади. Бу ҳолатдан бразилияликлар ғазабга тушишади, чунки Неймар одатдаги симуляциясини қилмаган ва чиндан ҳам оғриқ сабаб майдонга қулаганди. Ярим финалда Неймарнинг ўйнамаслиги ўшанаёқ аниқ бўлганди. Неймардан ташқари сариқ карточкалар сабаб Тиаго Сильва ҳам немисларга қарши ярим финал баҳсида қатнаша олмасди.
ДАҲШАТЛИ ЎЙИН
Германия тактик жиҳатдан дунёнинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланади ва очиғини айтиш керак немислар Бразилияни ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этишганди. 11-дақиқага келибоқ Германия ҳисобни очади. Тони Крооснинг бурчакдан узатган тўпини Томас Мюллер ҳеч қандай қаршиликсиз оёқ билан дарвозага йўллайди – 1:0. 23-дақиқага келиб Жаҳон Чемпионатларидаги тарихий голлардан бири урилади. Томас Мюллер ва Тони Кроос Бразилия ҳимоячини икки киши бўлиб сочиб ташлашади ва Мюллер тўпни дарвоза яқинидаги Мираслав Клозега қулай тарзда ташлаб беради. 36 ёшли Клозенинг биринчи зарбасини Сезар қайтаради, лекин иккинчи уринишда дарвозани ишғол қилган Клозе Мундиаллардаги 16-голини уради ва бу борада Роналдони ортда қолдириб, Жаҳон Чемпионатларининг энг яхши тўпурарига айланиб олади.

Кейинг голлар ҳам кўп куттириб қўймайди. 24-дақиқада Филип Ламнинг қанотдан узатган тўпини расман ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Тони Кроос чап оёқда дарвозага жойлайди – 3:0. 26-дақиқада эса Кроос дубль қайд этади. Айнан мана шу голда Бразилия қанчалик кучсиз экани яққол кўриниб қолади. Кроос майдон марказида Фернандиньодан тўпни олиб қўйиб, уни Хедирага етказиб беради. Хедира эса ҳимоячини чалғитиб тўпни яна Кроосга қайтаради. Тони осонлик билан Сезарни доғда қолдиради – 4:0. Бу голдан 3 дақиқа ўтиб, немислар худди шундай ҳужумни яна уюштиришади. Яна марказда тўп эгаллаб олинади, яна Хедира олдинга боради, лекин бу сафар Ўзил тўп узатувчи ролида пайдо бўлиб, Хедирани зарба позициясига олиб чиқади. Хедира эса зарбада адашмайди – 5:0. Немислар дунёнинг 5 карра чемпионлари дарвозасига 6 дақиқа ичида 4 та гол уришади!

Иккинчи бўлимда Германия яна иккита гол уради. 69-дақиқада Филип Ламнинг тўп узатишидан кейин захирадан майдонга тушган Андре Шюрле ҳисобни 6:0 кўринишига олиб келади. 79-дақиқада ўйиндаги энг чиройли гол урилади. Мюллер қанотда тўпни эгаллаб олиб, тўпни ҳимоячининг устидан ошириб, жарима майдончасига кириб бораётган Шюрлега узатади. Андре эса чап оёқда дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олади – 7:0. Бу вақтга келиб бутун Бразилия шок ҳолатига тушиб улгурганди. Германия эса ҳаддан ташқари совуққонлик билан ўйинни назорат қилишда давом этади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқадагина Бразилия биттагина гол билан жавоб беради. Марселонинг тўп узатишидан кейин Оскар Боатенгни алдаб ўтиб, Нойер дарвозасини ишғол қилади – 7:1.

МАРД НEМИСЛАР
Иккинчи бўлимда бир нарса эътиборни тортди. Шюрелининг голларини немислар ортиқча ҳаракатларсиз, оддий нишонлашди. Маълум бўлишича, танафусда Германия бош мураббийи Йоахим Лёв футболчиларига шундоғам тушкунликка тушган мезбонларни ҳурмат қилишни буюрган. Ўйиндан кейин Матс Хуммелс бу ҳақда гапириб берганди. Учрашув тугагандан кейин мураббий ва бир қатор футболчилар 2006 йилги Жаҳон Чемпионатида Германия ўз майдонида ўтган Мундиалнинг ярим финалида мухлислари кўз ўнгида мағлуб бўлганини эслашди ва бу билан маҳаллий мухлисларнинг ҳолатларини тушунишларини билдиришди. Кейинчалик яна баъзи хабарлар пайдо бўлдики, Филип Лам шерикларига иккинчи бўлимда кўп гол урмасликни ҳам айтган. Хуллас немислар қанчалик кучли бўлсалар, шунчалик рақибни ҳурмат қилишларини исботлашди.
«ХОЛОКОСТ»
Бу ўйинни Германияда 33 миллионга яқин одам томоша қилади ва бу ўша вақтдаги телетрансляция рекорди эди. «Твиттер»да Германия – Бразилия ўйинига оид 36 миллионга яқин пост қолдирилади. «Твиттер» фойдаланувчиларидан бири бу ўйинга «Холокост» (Қирғин) деб таъриф беради. Бундан ташқари маҳаллий газеталарнинг муқоваларида шундай сарлавҳаларни кўриш мумкин эди: «Бразилия ўлдирилди», «Тарихдаги энг даҳшатли шармандалик», «Тарихий хўрлаш», «Бразилия зўрланди». Бу кунни бутун Бразилия мотам кунидек ўтказди. Футбол шунчаки ўйин бўлмаган мамлакат бунақа шармандали мағлубиятни кўрмаганди…

ЖЧ-2014. Ярим финал.
2014 йил, 8 июль.
БРАЗИЛИЯ – ГЕРМАНИЯ 1:7
«Минейран» стадиони, 58 141 томошабин.
Голлар: Мюллер (11), Клозе (23), Кроос (24, 26), Хедира (29), Шюррле (69, 79) – Оскар (90).
Бразилия: Жулио Сезар, Майкон, Давид Луиз, Бонфин Данте, Марсело, Луис Густаво, Фернандиньо (Паулиньо, 46), Халк (Рамирес, 46), Оскар, Бернард, Фред (Виллиан, 70).
Германия: Мануэль Нойер, Филипп Лам, Жером Боатенг, Матс Хуммельс (Пьер Мертесакер, 46), Бенедикт Хёведес, Сами Хедира (Юлиан Дракслер, 76), Бастиан Швайнштайгер, Томас Мюллер, Тони Кроос, Месут Ўзил, Мирослав Клозе (Андре Шюррле, 58).

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "«ХОЛОКОСТ» — БРАЗИЛИЯНИНГ ЭНГ ШАРМАНДАЛИ МАҒЛУБИЯТИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*