«ЁВОЙИ» «ЛИВEРПУЛЬ» ВА ХОТИРЖАМ «РEАЛ»

DdycJZKXUAAS5QG

Эртага Киевда Европа Чемпионлар Лигасининг финал баҳси ўтказилади. Мадриднинг «Реал» клуби кетма-кет учинчи марта Европанинг энг нуфузли совринини қўлга киритиш учун Англиянинг «Ливерпуль» клубига қарши баҳслашади. Икки тарихи буюк жамоанинг финалда тўқнаш келишини мавсум аввалида кўпчилик кутмаганди. «Реал»нинг бу ергача келишини тахмин қилиш мумкин эди, лекин «Ливерпуль» кўпчилик кутмаганда финалга чиқди. Кўпчилик бу финал охирги йиллардаги энг қизиқарлиси бўлишини тахмин қилмоқда. Чунки инглиз клуби ниҳоят 6 йилдан кейин Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. Кўпчилик финалда «Реал»нинг яққол фаворит эканини айтмоқда, лекин бундай қарорга келишга шошмаган маъқул.
ЎЗАРО ЎЙИНЛАРДА «ЛИВEРПУЛЬ» УСТУН
Жамоалар ҳозиргача 5 марта тўқнаш келишган. Улардан учтасида инглизлар, икки марта мадридликлар зафар қучишган. Икки клубнинг илк тўқнашуви 1981 йилда кузатилган. Ўшанда «Ливерпуль» ва «Реал» Европа Чемпионлар Кубоги (ҳозирги Чемпионлар Лигаси) финалида тўқнаш келишган. Ўйинда Алан Кеннедининг ўйин якунида киритган голи «Ливерпул»га ғалаба келтирган. У вақтлар «Ливерпул»сафида клуб афсонаси шотландиялик Кенни Далглиш ҳаракат қилган. Эсингизда бўлса, 2012 йилда «Ливерпуль» айнан Далглиш мураббийлигида Англия Лига кубогида ғолиб бўлган ва бу ҳозирча клуб тарихидаги охирги соврин бўлиб турибди. 1981 йилги финалда «Реал» сафида кейинчалик мураббий сифатида ҳам танилган Хосе Антонио Камачо, Ули Штилике ва Висенте Дель Боске каби футболчилар ҳаракат қилишган.

Жамоаларнинг кейинги тўқнашувлари 2009 йилга тўғри келади. «Ливерпуль» ва «Реал» Чемпионлар Лигасининг нимчорак финалида тўқнаш келишади. У вақтлар сафида Роналду бўлмаган «Реал» икки ўйинда умумий 0:5 ҳисобида мағлуб бўлади. 2014/15 йилги мавсумда эса жамоалар Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида тўқнаш келишади. Бу гал энди «Реал» устунликка эришади. Роналду жамодошлари икки ўйинда умумий 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишади.

КЛОПП ВА «РEАЛ»
Клопп ва Зидан мураббий сифатида ҳали умуман тўқнаш келишмаган. Бироқ Клопп «Реал»га қарши ўйнаш нима эканини билади. Мураббий икки мавсумда олти маротаба «Боруссия» Д мураббийи сифатида «Реал»га қарши ўйнаган. Ўйинларнинг 3 тасида Клоппнинг жамоаси ғалаба қозонган, 2 марта «Реал» устун келган, 1 та ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Бу ўйинлар давомида Криштиану Роналду Клопп жамоасига 3 та гол урган.

КИЕВ МАДРИДЛИКЛАР УЧУН ОМАДЛИ
«Реал» Киевда 4 та ўйин ўтказган. Улардан 2 тасида дуранг натижа қайд этилган, 1 марта «Реал», 1 марта «Динамо» Киев ғалаба қозонган. 2006 йилги «Динамо» – «Реал» ўйинида Максим Шацких «Реал» дарвозасига иккита гол урганини ҳам эсласангиз керак. «Ливерпуль» эса Киевда икки марта меҳмон бўлган. 2001 йилда «Динамо» Киевни 2:1 ҳисобида мағлуб этган. 2006/07 йилги мавсумдаги Чемпионлар Лигаси саралаши доирасидаги Исроилнинг «Маккаби» ҳамда «Ливерпуль» жамоалари ўртасидаги ўйин ҳам Киевда ўтказилган ва унда 1:1 ҳисобида қайд этилган. «Реал» сардори Серхио Рамос финал ўйини ўтказиладиган «Олимпийский» стадионида Испания терма жамоаси билан 2012 йилги Европа Чемпионатида чемпион бўлган. Финал айнан шу стадионда Италияга қарши ўтган ва унда испанлар 4:0 ҳисобида зафар қучишган. Жеймс Милнер 2012 йилги Европа Чемпионати гуруҳ босқичида Англия Швецияни 3:2 ҳисобида мағлуб этганида айнан «Олимпийский»да кечган баҳсда ўйнаган. Муҳаммад Салоҳ «Фиорентина» сафида «Динамо»га қарши финал ўтказиладиган аренада ўйнаган. Тони Кросс айнан шу стадионда Украинага қарши ўртоқлик ўйинида гол урган. Деян Ловрен ва Лука Модрич Хорватия терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида Украинани «Олимпийский»да мағлуб этганда майдонда бўлишган.

НEГА «РEАЛ» ФАВОРИТ?
«Реал»нинг финалда фаворит экани ҳақида гапириш учун биргина фактнинг ўзи кифоя: Зидан ва йигитлари Чемпионлар Лигаси тарихидаги бўлмаган ишни қилиб мусобақада икки марта кетма-кет ғалаба қозонишган. Бундан ташқари мадридликлар плей-оффда учта мамлакат чемпионлари: «ПСЖ», «Ювентус» ва «Бавария»ни мағлуб этишди. Криштиану Роналду айни дамда даҳшатли спорт формасида. У худди ўтган мавсумда бўлгани каби мавсумнинг охирига жуда зўр ҳолатда етиб келди. «Реал» жуда совуққон ва хотиржам жамоа. Бу эса ҳар қандай рақиб учун ваҳима туғдира олади. Мадрид суперклуби деярли хато қилмайди. Ҳар бир чизиқда ўта маҳоратли йигитлар ўйнашади. Масалан «Ливерпул»да бўлгани каби ҳимоячи ва дарвозабонларда қўпол хатолар кузатилмайди. Бир сўз билан айтганда Чемпионлар Лигасидаги «Реал» мукамаликка яқин жамоа ва бундай «Реал» ҳар қандай рақиб учун қўрқинчли бўла олади. Бундан ташқари «Реал»нинг захираси ҳавас қилгулик. Ҳар қандай вазиятда ўйинни кучатирдиган йигитлар топилади.

НEГА «ЛИВEРПУЛЬ» ФАВОРИТ?
Финалда «Ливерпул»нинг ғалабасига ишонадиганлар ҳам жуда кўп. Биринчидан «Ливерпуль» сафида ниҳоят Месси ва Роналдудан ташқари «Олтин тўп»ни қўлга киритишга муносиб бўлган футболчи пайдо бўлди. Бу – Муҳаммад Салоҳ. Мисрлик мегаюлдуз мавсум давомида 34 та турли даражадаги шахсий совринларни қўлга киритди. Муҳаммад Англияда гол уриш бўйича энг асосий рекордни янгилади ва бир мавсумда АПЛда энг кўп (32 та) гол урган футболчи бўлди. Бироқ инглизларнинг асосий кучи барибир Юрген Клопп. Мавсум аввалида кимдир Салоҳ мана шундай ўйинлар кўрсатади деса, деярли ҳеч ким ишонмасди, лекин германиялик мураббий бунга ишонди ва уни ўз жамоасига олиб келди. Клопп даврида Роберто Фирмино янги даражага кўтарилди ва мураббийнинг таъбирича «Ливерпул»нинг юрагига айланди. Филипе Коутинонинг жамоадан кетгани умуман билингани йўқ. Мана шу омиллар ва «Ливерпуль» азалдан жуда эҳтиросли ва жанговор жамоа бўлгани инглизларни финал фаворитига айлантиради. Деян Ловрен, Жордан Хендерсон каби жангчи, Милнер, Ван Дейк каби хотиржам, Роберто Фирмино каби стабил, Садио Мане каби меҳнаткаш ва Муҳаммад Салоҳ каби такрорланмас йигитлар «Ливерпул»ни 13 йиллик танаффудан сўнг Европа футболи тахтига қайтаришлари мумкин. Қайси жамоа ғалаба қозонишидан қати назар бу финал жуда-жуда бошқача бўлади. Финалда Салоҳ футболнинг айни дамдаги икки қиролидан тахтни тортиб олиши, Клопп барча бой берилган финаллари учун реванш олиши, Роналду тенгсизлигини яна бир бор исботлаши ва Зидан супер футболчи бўлгани каби супер мураббий ҳам эканини кетма-кет учинчи марта исботлаши мумкин. Хуллас бу финални ўтказиб юбормаслик керак.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "«ЁВОЙИ» «ЛИВEРПУЛЬ» ВА ХОТИРЖАМ «РEАЛ»"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*