«АРСEНАЛ» ЧЎҚҚИГА КЎТАРИЛОЛМАГАН ФИНАЛ

831953818

Арсен Венгер «Арсенал»дан кетди. У билан бирга клубнинг бутун бошли бир даври ортда қолди. Кўпчилик франциялик мураббийнинг Англияда чемпион бўлолмаётганини мазах қилади, лекин унутмаслик керакки, “Арсенал” Венгер билан уч марта Премьер-Лигада зафар қучган. 2006 йилда эса Чемпионлар Лигасининг финалигача етиб борганди. Бироқ ўшанда “Барселона” лондонликларни мағлуб этиб, Венгерга фаолиятининг энг чўққиси бўладиган мукофотни ютиш имконини бермаганди…

ИККИТА ИСПАНДАН ЎТИБ
Бекорга бу ўйинни асосан “Арсенал”га боғлаб эсламаяпмиз, чунки айнан ўша мавсумдан кейин жамоада пасайиш кузатилди. “Барселона” эса ўшанда ҳам Европанинг энг яхшиларидан эди, ҳозир ҳам. Шу сабаб инглизларга урғу беришга уриняпмиз. “Арсенал” гуруҳда деярли муаммога дуч келмаган ва “Спарта” (Чехия), “Тун” (Швейцария), “Аякс” каби жамоаларни ортда қолдириб, плей-оффга чиққанди. Буёғига эса жамоа учун мураккаб йўл бошланди. Аввалига Мадриднинг “Реал” клуби 1/8 финалда дуч келди. Мадридда кечган биринчи ўйинда Тьери Анри томонидан киритилган гол Венгер жамоасига ғалаба келтирганди. Англияда ўтган жавоб ўйинида эса ҳисоб очилмаган ва “Арсенал” кейинги босқичга йўл олганди. Чорак финалда эса лондонликлар Туриннинг “Ювентус” клубидан ўтишади. Биринчи ўйин Лондонда ўтиб, Анри ва Фабрегасларнинг голлари “Тўпчилар”га ғалаба келтиради. Жавоб ўйинида ҳисоб очилмаган. Ярим финалда юқоридаги рақиблардан бир қадар кучсиз кўринган, лекин ўшанда мусобақа кашфиётларидан бўлган “Вильярреал” Венгер шогирдларига рақиб бўлади. Бу гал ҳам “Арсенал” аввалги босқичларда бўлгани каби жавоб ўйинида 0:0 ўйнайди. Биринчи ўйинда эса Ҳабиб Коло Туренинг ягона голи эвазига ғалаба қозониб, финалга чиқади. Шу тариқа “Арсенал” финалгача икки испан жамоаларини мағлуб этади, лекин ҳал қилувчи баҳсда “Барселона”га кучи етмайди.

МEССИ ЗАХИРАДА ҚОЛГАН ФИНАЛ
Кимдир Лионел Месси захирада қолдирилган ўйинда “Барелона” Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган деса, бирдан ишониш қийин. Чунки Мессисиз финал бўлиши мумкин-ми? Лекин 2006 йилда Лео ҳали 19 ёшда эди ва Райкард уни энди-энди таркибга киритишни бошлаганди. Шу сабаб Месси финалда иштирок этмаган. Ҳал қилувчи ўйин Парижда афсонавий “Стад де Франс” стадионида ўтказилганди. Кейинчалик Гвардиола даврида жавлон урган футболчилардан Пуйол, Валдес, Это`Оларгина асосий таркибда тушганди. Иньеста фақат захирадан ўйинга қўшилган. Жамоа етакчиси Роналдиньо эди ва кўпчилик финал айнан унга аталишини кутаётганди. Лекин қаҳрамонлар бошқалар бўлганди.

ЎШАНДА ҲАМ ЭВРEБE БОР ЭДИ…
“Барселона” мухлислари Том Эвребени яхши эслашса керак. 2009 йилги Чемпионлар Лигаси ярим финали доирасидаги “Челси”га қарши ўйинда норвегиялик бу ҳакам жуда кўп “Барселона” фойдасига қарор чиқарган ва испанларнинг ғалабасига ёрдам бериб юборганди. Буни қарангки, 2006 йилги Чемпионлар Лигаси финалида ҳам жаноб Эвребе ишлаган, лекин тўртинчи ҳакам вазифасида. Ўйинни унинг ҳамюрти Тере Хайге бошқариб борган. Ҳакамлар мавзусини бекорга эслатаётганимиз йўқ. Ўша баҳснинг 18-дақиқасида ҳакам Самюэл Это`Ога қарши қўполлик учун “Арсенал” дарвозабони Йенс Леманни майдондан четлаштиради. Қўполлик жарима майдончаси ташқарисида содир бўлган ва ҳакам сариқ карточка билан ҳам чекланиши мумкин эди, лекин Хайге ўйин аввалидаёқ инглизларнинг бир киши кам бўлиб қолишига сабаб бўлади. Венгер 18-дақиқадаёқ Робер Пиреснинг ўрнига иккинчи дарвозабон Альмунияни туширишга мажбур бўлади ва бу посбон иккита қўпол хатога йўл қўяди…

Бир киши кам бўлиб қолганига қарамай “Арсенал” ўйинда ҳисобни очади. Жарима зарбасидан узатилган тўпни марказий ҳимоячи Сол Кэмпбелл бош билан дарвозага йўллайди. Бу голдан руҳланган лондонликлар 10 киши бўлиб қолишларига қарамай, рақиб билан тенгма-тенг ўйин кўрсатишади, лекин барибир майдондаги ўйинчилар сони ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. 76-дақиқада чап қанотдан дарвоза томон яқинлашган Самюэль Это`О Альмуния қўриқлаётган дарвозанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олади – 1:1. Бу гол “Арсенал” футболчиларининг руҳини тушириб юборади. 81-дақиқага келиб каталонияликлар ғалаба тўпини ҳам киритишади. Захирадан майдонга тушган Хенрик Ларссон жарима майдончаси ичида пайдо бўлган ҳимоячи Жулиано Белеттига ажойиб тарзда тўпни етказиб беради. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Белетти ҳам дарвозанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олади. Ёмғирли ҳаво бўлгани сабаб дарвозабон ноқулай ҳолатда қолган бўлиши мумкин, лекин яқин бурчакдан ўтказилган голга дарвозабон айбдор бўлади. Шу сабаб ҳар икки голда Альмуниянинг айби катта эди.

Шу тариқа “Арсенал” Венгер қўл остидаги ўзининг энг юқори чўққисига кўтарила олмади. Шундан кейин “Тўпчилар”да тарқоқлик бошланди. Анри “Барселона”га ўтди, Бергкамп футболдан кетди, яна кўплаб футболчилар жамоани тарк этишди. Қарабсизки, “Арсенал” кубокнигина юта оладиган, асосан тўртинчи ўрин учун курашадиган жамоага айланди. Бироқ нима бўлганда ҳам Венгер ўз жамоасини Европанинг энг кучлиларидан қилганини унутмаслик керак.

Чемпионлар Лигаси. 2005/06 йилги мавсум
Финал
2006 йил, 17-май

БАРСEЛОНА – АРСEНАЛ 2:1
Париж, “Стад де Франс” стадиони, 79 500 томошабин
Голлар: Самюэль Это`О (76), Жулиано Белетти (71) – Сол Кэмпбелл (37).
Барселона: Виктор Вальдес, Рафаэль Маркес, Карлес Пуйол, Олегер (Жилуано Белетти, 71), Жованни ван Бронкхорст, Эдмилсон (Андрес Иньеста, 46), Деку, Марк ван Боммел (Хенрик Ларссон, 71), Людовик Жюли, Роналдиньо, Самюэл Это`О.
Бош мураббий: Франк Райкард.
Арсенал: Йенс Леманн, Сол Кэмпбелл, Ҳабиб Коло Туре, Эмануэль Эбуэ, Эшли Коул, Жильберту Сильва, Сеск Фабрегас (Матьё Фламини, 74), Робер Пирес (Мануэль Альмуния, 18), Александр Глеб (Хосе Антонио Рейес, 85), Фредрик Юнгберк, Тьери Анри.
Бош мураббий: Арсен Венгер.

Фикрлар "«АРСEНАЛ» ЧЎҚҚИГА КЎТАРИЛОЛМАГАН ФИНАЛ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*