Клаудио РАНЬЕРИ: «ЖАМОАНИ ИККИГА БЎЛАДИГАН «ЮЛДУЗ» КЕРАК ЭМАС!»

Ranyeri

Ортда қолган мавсум аввалида Италия В Серияси иштирокчисидан тушган таклифни рад этиб, қалб амри ила Туманли Альбионга ташриф буюрган Клаудио Раньерининг бугун юзи ёруғ.

“Янги мураббийнинг тайинланиши ҳеч қандай яхшилик ваъда қилмайди”, деб айюҳаннос солган айрим маҳаллий футбол шарҳловчилари ҳам бугун хатога йўл қўйганликларини тан олмоқда. “Лестер” бошқарувида Премьер-Лигани остин-устун қилиб ташлаган италиялик мутахассис “La Gazzetta dello Sport” нашрига интерью берди.

– Чемпионлик мавсумидан сўнг роса толиққанга ўхшайсиз!

– Тўғрисини айтсам, агар иложи бўлганида, мазкур интервьюга ҳам бошқа бировни юборардим. Аммо ишсиз тезроқ чарчайман, ўзимни ёмон ҳис қиламан. Эндигина, аслида нималар юз берганини тушунаётгандекман, биз инглиз грандларига “нон қолдирмаган” эканмиз.

– Ўтган ёзда Англияга хизмат сафарига ҳозирлик кўраётганингизда хаёлингизни қандай ўйлар чўлғаб олганди?

– Мен бахтли эдим. Мураббийлик фаолиятига қайтишни жуда-жуда хоҳлаётгандим. Ҳатто В Серия жамоасини бошқаришга ҳам рози эдим. Мен билан Премьер-Лиганинг яна икки клуби боғланди, лекин охир-оқибат, улар бошқа номзодлар танловида тўхтади. “Лестер”нинг таклифи барча томонлама маъқул келди: мураббийлар штаби, истиқболдаги режалар, жамоа базаси ва стадион.

– Назаримизда, “Лестер”нинг чемпионлик руҳи “Италияда ишлаб чиқарилган”.

– Шубҳасиз. Масалан, аксарият ўйинчилар Лестерда истиқомат қилмайди – италияликлар учун бу ақлга сиғмайдиган ҳолат. Аммо улар чемпионликни бирга Жейми Вардининг уйида нишонлашди, айримлари ёнма-ён бўлиш учун меҳмонхонага жойлашишди.

– Ўша бир умр хотирада сақланувчи оқшом ҳақида сўзлаб берсангиз.

– “Челси” – “Тоттенхэм” матчи бошланганида рафиқамга “Барчаси бугун амалга ошмаса керак”, дедим. Ўша бурчак тўпи тепилишидан олдин хаёлимдан “Челси” гол уради-ёв”, деган фикр ўтди. Якунда дарвоза ишғол этилди. Аёлим савол бериб қолди: “Нега Эден Азар ҳимояланмаяпти?”. Мен шундай жавоб қайтардим: “Бу бельгиялик футболчига ҳужумга кўпроқ ҳисса қўшиш имкониятини тақдим этади”. Амалда шундай ҳам бўлди.

– Ҳамкасбингиз Гус Хиддинкка раҳмат айтдингиз. Бироқ “Тулкилар”га мухлислик қилган Роман Абрамович ҳам ташаккур айтишга арзийди.

– У билан ажойиб муносабатдамиз. “Челси” мухлислари ҳам клубнинг келажакдаги муваффақиятига ҳисса қўшганимдан ҳанузгача миннатдор. Ягона афсусланадиганим – Абрамович жамоага келганида “трансфер ойнаси”дан унумли фойдаланишга вақт етмаганлиги.

– Эндиликда, Чемпионлар Лигаси “эшик қоқиб турганида” трансферлар бўйича қарорни Вишай Шривадданапрабха билан қабул қиласиз.

– Мавсум аввалида у менга “Мақсад  Премьер-Лигага мустаҳкам ўрнашиш зарурлиги, шундан сўнггина пул сарфлаши мумкинлигини” айтди. Энди мен унга “жорий мавсум ҳақида унутишни, чунки буни такрорлаш амри маҳол эканлигини” тушунтирдим. Менга жамоани иккига бўлиб қўядиган “юлдузлар” керак эмас. Мен бизнинг руҳиятимизга мос футболчилар билан шартнома имзоласам дейман.

– Миш-мишларга қараганда, “Пескара” ҳужумчиси Жанлуки Лападула билан қизиқаётган экансиз…

– Биз Италиядан ўйинчи қидиряпмиз. Лападула – яхши футболчи. Айтишим мумкинки, уни диққат билан кузатяпмиз.

– Чемпион “Лестер”нинг тактикаси қандай туғилди? Бу қизиқ.

– Ўтган мавсумда “Лестер” уч ҳимоячи билан ўйнаган, мен эса тўрт ҳимоячидан фойдаланишга қарор қилдим. Лекин мавсумга тайёргарлик жараёнида ҳеч нарса ўхшамади. Шунда дарҳол барчасини ўзгартирдим. Леонардо Ульоа асосий ҳужумчига айланиши керак эди. Афсуски, у “форма”га кириб олиши вақт талаб қиларди. Шу сабабли Синдзи Оказаки ва Жейми Варди вариантини синаб кўрдим. Майдон марказида Канте борлигини ҳам унутиб бўлмайди. Мен ҳали майдон бўйлаб бундай югурган футболчини кўрмаганман.

– “Лестер” эртаги ҳақиқатга айланишини, жамоа чемпионликни нишонлашини қачон ҳис қилдингиз?

– “Манчестер Сити”га қарши сафар учрашувидан кейин бу ҳақда ўйлай бошладим. “Арсенал”га қарши ўйин якунлангач эса амин бўлдим. Тўғри, шу куни сўнгги дақиқаларда ўтказган гол туфайли мағлубиятга учрадик. Ёдимда, ўшанда ёрдамчимга “Биз бундай характер билан чемпионликка эришишимиз мумкинлигини” айтгандим.

– Италия чемпионатида “Лестер”нинг муваффақиятини такрорлашнинг имконияти қай даражада, нима деб ўйлайсиз?

– Фақатгина грандлар мавсум давомида ўз ўйинини йўқотиб қўйганида – мумкин. Биз шунинг эвазига чемпионликни қўлга киритдик.

– Сиз бошқараётган клубнинг муваффақияти футбол тарихида “энг кутилмаган натижа”, деб ҳисоблайсизми?

– Йўқ. “Ноттингем Форест” чемпионликдан сўнг Чемпионлар Кубогида зафар қучган. Умид қиламанки, яқин йилларда менга ҳам ушбу натижани такрорлаш имкони туғилади.

– Италияга қайтиш ҳақида ўйлаяпсизми? Италия футбол федерацияси раҳбари бошчилигингиздаги “Скуадра Адзурра”нинг Жаҳон Чемпионати Кубогини боши узра кўтараётганини кўриб қувонарди.

– Ростини айтаман, ўз вақтида терма жамоада ишлаш қизиқарли кўринган. Лекин Греция тажрибаси менга етади. Италия билан умуман бошқача вазият юз берган тақдирда ҳам. Балки ажойиб кунларнинг бирида бу ҳам амалга ошар.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ таржимаси.

1 Фикр "Клаудио РАНЬЕРИ: «ЖАМОАНИ ИККИГА БЎЛАДИГАН «ЮЛДУЗ» КЕРАК ЭМАС!»"

  1. ABDURASHID A A | 21.05.2016 в 15:53 |

    SHU MAQOLA YOQDI

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*