БИРИНЧИ ДАВРАНИНГ 7 КАШФИЁТИ

1

Янгича форматда ўтаётган ва Суперлига номини олган Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давра ўйинлари якунига етди. Олдинги мусобақалардан фарқли бу гал биринчи давра тугагандан кейин жамоаларга таътил берилмайди ва улар ўйинларни давом эттиришади. Бироқ ортда қолган ўйинлар қисқача хулосалар учун етарли бўлди, бизнингча. Суперлига бир қатор янги номларни кўрсатди. Яна баъзи олдин ҳам таниган футболчиларимиз ўзларини кўрсатиб, очилишди. Қуйидаги футболчиларни Суперлига биринчи даврасининг кашфиёти деб атасак хато бўлмайди.

7. Сардор Сулаймонов
photo_2018-05-06_18-40-00
Ўтган мавсум Самарқанднинг «Динамо» клуби сафида Олий Лигада дебют қилган Сулаймонов янги мавсумни «Навбаҳор» сафида бошлади. Ҳаракатчанлиги билан ажралиб турувчи меҳнаткаш футболчи аста-секин Илҳом Мўминжоновнинг ишончини қозонмоқда ва мураббий уни асосий таркибда майдонга тушира бошлади. Мавсум давомида 3 та ўйинни асосий таркибда бошлаган Сардор иккита гол урди. «Навбаҳор» ҳужум чизиғида Рўзимбой Аҳмедов сафга қайтгач яхшигина рақобат пайдо бўлди. Рўзимбойдан ташқари «Металлург» билан ўйинда учта гол урган Азамат Алланиёзов, Ненад Иняц ва Сардор Сулаймоновлар асосий ҳужумчи бўлиш учун курашишади. Улар орасида энг ёши бўлган Сардор ҳозирча жамоадошларидан қолишмаяпти.

6. Ҳусниддин Ғофуров
DcWoBnvWAAYsEPL

Охирги 4 мавсумни Сербияда ўтказган 24 ёшли Ҳусниддиннинг ўйинлари ҳақида ўқиб турардик, лекин унинг майдондаги ҳаракатларини кўрмагандик. Мавсум аввалида «Локомотив» бу футболчини Ўзбекистонга қайтариб қанчалик тўғри иш қилганини Ғофуровнинг ўйинлари орқали кўрдик. Жуда чаққон ва тезлиги юқори бўлган Ҳусниддин «Локомотив»нинг Суперлига доирасидаги барча ўйинларида қатнашди. 7 марта асосий таркибда майдонга тушди ва битта гол урди. Ҳусниддин Ғофуров мисолида ўзбек футболи мухлислари яна бир яхши футболчини кашф қилишди деб ўйлаймиз.

5. Сардор Собирхўжаев
IMG_7580

Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида қатнашган йигитлардан бири бўлган Сардор «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2013 йилдан буён «Қалдирғочлар»нинг бош жамоасида ҳаракат қилади. Бир қатор жамоаларда ижара асосида ўйнашга ҳам улгурди. Яъни Сардорни анчадан буён билардик, лекин бу мавсумда мухлислар унинг янги қирраларини кашф қилишди. Сардор энди шунчаки ҳужумларни бузадиган таянч яримҳимоячи эмас, ажойиб тўп узатувчи плеймейкерга айланганини кўрмоқдамиз. Айниқса 10-турдан ўрин олган «Насаф»га қарши ўйинда Собирхўжаев жуда яхши ўйнади. У жамоасига ғалаба келтирган иккита голга ҳам ассистентлик қилди.

4. Элгужа Григалашвилли
2

«Қизилқум»нинг грузиялик легионери биринчи марта Ўзбекистон чемпионати ўйинларида қатнашмоқда. У мавсум аввалида навоийликлар сафига келиб қўшилди. 28 ёшли ярим ҳимоячи 31 март куни «Сўғдиёна»га қарши кечган 4-тур ўйинида илк марта мухлислар эътиборига тушди. Ўша куни Элгужа жиззахликлар дарвозасига учта гол урди ва Суперлигадаги илк «хет-трик»ни қайд этди. Кейинчалик у АГМК ва «Металлург»га қарши ўйинларда ҳам гол уриб, ҳозирча 5 та гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринда бормоқда.

3. Хуршид Ғиёсов
4-тур_Бун-Бух1

Миржалол Қосимов футболчиларни янги даражага кўтара олишни ўрнига қўядиган мураббий эканини биласиз. Қосимов янги мавсумда ҳам «Бунёдкор»да кўплаб футболчиларни халққа танитди. Улардан энг ёрқини Хуршид Ғиёсов деб ўйлаймиз. Хуршид ўтган мавсумда ҳам «Бунёдкор»да ўйнаган, ундан олдин эса «Обод»нинг асосий таркибида ҳаракат қилган, лекин кўпчилик мухлислар уни айнан мана шу мавсумдаги ўйинлари сабаб танишди. Кўпчилик уни 18-19 ёш футболчилардан бўлса керак деб ҳам ўйлади. Ваҳолангки Хуршид 23 ёшда. «Қалдирғочлар» ярим ҳимоясининг муҳим аъзоларидан бўлиб бораётган Хуршид Эронга қарши ўйинда терма жамоага ҳам чақирилди. Бу эса ўзбек футболига яна бир яхши футболчи кириб келаётганидан дарак беради.

2. Арслонмурод Омонов
3

Бу футболчини ҳам билардик. Туркманистонлик яримҳимоячи икки мавсум «Оламалиқ» сафида ўйнаганди. Бироқ 28 ёшли Арслонмуроднинг «Бухоро»даги ўйинлари бошқача бўлмоқда. Туркманистон терма жамоаси сардори ва етакчиси бўлган Омонов қанотдаги фаоллиги билан «Бухоро»нинг чемпионлик учун курашаётганига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Осиё Кубогида Туркманистон билан бир гуруҳдан ўрин олганимизни инобатга олсак, Арслонмурод бизга жиддий муаммон туғдириши мумкин.

1. Азиз Турғунбоев
1

Суперлиганинг энг ёрқин кашфиёти Азиз Турғунбоев бўлди десак адашмаймиз. Азиз «Навбаҳор»да 4-мавсумини ўтказмоқда ва у ўтган мавсумда 8 та гол урганди. Бироқ айнан 2018 йилги мавсум у учун ажойиб ўтмоқда. Эронга қарши ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси сафида асосий таркибда тушгани ҳам Азизнинг фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказаётганини билдиради. Биргина «Металлург»га қарши ўйинда Азиз жамоадоши Азамат Алланиёзовнинг барча уч голида голли узатмани амалга оширди. Ҳали 23 ёшда бўлган Турғунбев бундан кейин ҳам ўзини кўрсатади деб умид қиламиз.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "БИРИНЧИ ДАВРАНИНГ 7 КАШФИЁТИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*