ЎЗИНИ ЭСЛАТАЁТГАН ЗАХА

Manchester United Training Session

«Кристал Пэлас» мавсум аввалида кетма-кет 6 та мағлубиятдан кейин бош мураббий Франк Де Бурни ишдан бўшатди. Англияга келиб фақат гапиришдан бошқаси қўлидан келмаган Де Бур ўрнига Англия терма жамоасининг собиқ устози Рой Ходжсон бош мураббий бўлди. Унинг қўл остида «бургутлар» нафақат лигада қолиш вазифасини уддалашди, балки 11-поғонагача кўтарилишди. Охирги турдан кейин жамоа кучли ўнталикдан ҳам жой олиши мумкин. «Пэлас»нинг ижобий натижаларида асосий омил Ходжсон бўлгани тушунарли, лекин унинг шогирдларидан Вильфрид Заха ҳам ажойиб ўйин кўрсатди. Клубнинг ўз академияси тарбияланувчиси бўлган Заха апрель ойида АПЛнинг энг яхши футболчиси бўлгани ҳам кўп нарсани англатади.

10 ЁШЛИ «БУРГУТ»
Заха Кот-д`Ивуарда туғилган, лекин унинг оиласи Вильфрид 4 ёш бўлганида Англияга кўчиб келган. Ўшандан буён Вильфрид футбол ўйнайди. Аввалига кўчалар ва боғларда тўп тепиб юрган йигитчани 10 ёшида «Кристал Пэлас» академиясига қабул қилишади. 2010 йилда эса Заха «Пэлас»нинг бош жамоасига ўтказилди. 2011 йилда уни Англия ёшлар терма жамоасига жалб қилишади. 2012 йилда эса чемпионшипнинг энг яхши футболчиси бўлади. 2013 йилда «Кристал Пэлас» чемпионшипдан АПЛга йўл олади. Премьер-Лигага чиқиш учун финал ўйинида жамоа «Уотфорд»га қарши баҳслашади ва айнан Захага қарши қўполлик учун белгиланган пенальти «Пэлас»ни АПЛга олиб чиқади. Ўзининг чаққон ҳаракатлари билан нафақат мухлисларни, балки мутахассисларни ҳам ўзига қарата олган Заха Англиянинг асосий жамоасига чақирилади. Лекин 2016 йилдан у ўзининг асл ватани Кот-д`Ивура терма жамоаси шарфини ҳимоя қилишга қарор қилади. Чунки у Англия терма жамоаси сафида фақат ўртоқлик ўйинларида майдонга тушганди. Хуллас бугун Заха порлаётган «Кристал Пэлас» унинг футболдаги илк қадамларини қўйган жамоаси ҳисобланади. Заха 10 ёшидан тақдирини шу клуб билан боғлаган.

«МЮ»ДАН ҚУВИЛИШ
2013 йилда «Манчестер Юнайтед» Вильфридни сотиб олди. Бу трансфердан «Пэлас» 15 миллион фунт ишлаб олди. Унинг жамоага келишини шахсан сэр Алекс хоҳлаганди. Лекин Заха сотиб олинганидан кейин Фергюсон футболдан кетишини маълум қилди: «Мен Фергюсон фаолиятини якунлашини айтганида жуда хафа бўлдим. Чунки у билан бирга ишлашни сабрсизлик билан кутаётган эдим»,- деб эслайди Заха. Дарвоқе, Вильфрид сотиб олинганидан кейин мавсум охиригача «Пэлас»нинг ўзига ижарага берилганди. Чу сабаб у сэр Алекс билан бирга ишлашга улгурмаган. Кейинги мавсумдан Заха «МЮ»нинг асосий таркиби билан шуғуллана бошлади. Мавсум олди ўйинларда жуда яхши ҳаракат қилган Вильфрид ўйинлардан бирида энг яхши ўйинчи деб топилади. Бироқ мавсум бошланиши олдидан жамоанинг янги бош мураббийи Девид Мойес кутилмаган гапни айтади: «Сен Премьер-Лигага тайёр эмассан!». Шундай қилиб Заха захирада қолиб кетди. Кейин эса инглиз матбуотида ғалати хабар тарқалади. Эмишки, Мойес 19 ёшли қизни Заха билан «ушлаб олган» ва шу сабаб кот-д`Ивуарлик футболчи майдонга тушмаяпти. Бу гапни мураббий ҳам, футболчи ҳам инкоқ қилади, лекин Заха яхши ҳолатда бўлишига қарамай майдонга тушмаганидан кейин мухлислар бу гапларга ишонишди. «МЮ»га не-не орзулар билан келган Заха икки йил умрини ижрама-ижара ўтказади. 2015 йилда эса «Кристал Пэлас» собиқ футболчисини ўз сафига қўшиб олади ва у билан 5,5 йиллик шартнома имзолайди.

NO ZAHA – NO PARTY
Заха «Кристал Пэлас»га қайтганидан кейин жуда яхши мавсум ўтказди. Айниқса Ходжсон қўл остидаги жорий мавсум футболчи учун жуда зўр ўтди. Англия Премьер-Лигасида 28 ўйинда майдонга тушган Заха 8 та гол урди ва 6 та голга ассистентлик қилди. Футболчи жароҳати сабаб бир нечта ўйинларда қатнаша олмади. Эътиборлиси, Заха асосий таркибда ўйнамаган 10 та ўйининг барчасига «Пэлас» мағлуб бўлган. Заха асосий таркибда тушган ўйинларда жамоаси у асосий таркибда тушмаган ўйинларга қараганда деярли 4 баробар кўпроқ гол урган. У «Пэлас» учун ана шундай муҳим футболчига айланди.

ИЛК ЭЪТИРОФ
Футболчи ҳозир фаолиятининг чўққисида дейишимиз мумкин. Ҳозирча, албатта. У апрель ойида «Кристал Пэлас» сафида 4 ўйинда қатнашиб, 4 та гол урди ва 1 та голга ассистентлик қидли. Бу эса Премьер-Лига томонидан эътиборсиз қолдирилмади ва Заха АПЛда апрель ойининг энг яхши футболчиси бўлди. Бу футболчининг фаолияти давомидаги илк шахсий соврини бўлди. Бошқа чемпионатларда ҳам энг яхши футболчилар ҳар ойда аниқлаб борилади, лекин АПЛда ойнинг энг яхши футболчисини танлашга алоҳида эътибор беришади ва бу яхшигина нуфузга эга кичик соврин ҳисобланади. Заханинг ўйинлари Англия грандларини ҳам бефарқ қолдирмади. Ҳозир уни «Челси», «Тоттенхэм», «Ливерпуль», «Манчестер Сити» каби жамоалар ўз сафига қўшиб олиш ниятида. «Кристал Пэлас» эса Заха учун 70 миллион фунт сўрамоқда. Неймарнинг трансферидан кейин футбол оламидаги нархлар кескин ошганини инобатга олсак, бундай нархни тушуниш мумкин. Бунинг устида Англияда футболчиларга ошириб нарх қўйиш ва жуда юқори баҳо беришларини биласиз. Айниқса у Англия футболига бевосита боғлиқ бўлса. Захани сотиб олишни хоҳлаётган жамоаларда у асосий таркибга боргани билан қўшилиб кетолмаслиги аниқ. Шу сабаб футболчининг «Пэлас»да қолишини ҳам кутишимиз мумкин. Рой Ходжсон терма жамода бир ишни қойиллатмагани билан у клубда қандай ишлаш керак эканини билади. 2009 йилда Ходжсоннинг мураббийлигида «Фулхэм» Европа Лигаси финалигача етиб борганди. Шуни инобатга олсак, балки Заха айнан Ходжсоннинг қўл остида ўсишда давом этишни ҳам афзал билиши мумкин. Ахир у суперклубга бир марта бориб «оғзи куйди». Эдни эса қатиқни ҳам пуфлаб ичади…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "ЎЗИНИ ЭСЛАТАЁТГАН ЗАХА"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*