ЗEРИКАРЛИ «ЛИВEРПУЛЬ» КEРАКМИ? МАРҲАМАТ

jamesmilner2212

(Қуйидаги фикрлар «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги биринчи ўйиндан кейин ёзилган).
Англия Премьер Лигаси 19-туридан ўрин олган «Арсенал»га қарши ўйиндан (3:3) кейин «Ливерпуль» футболчиси Жеймс Милнер «Биз бироз зерикарли жамоага айланишимиз керак» деб айтганди. Футболчи бу гапи билан фақат ҳужумга берилиб мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатавермай, ҳимоя ҳақида ҳам бош қотириш, натижа учун ҳам ўйнаш керак демоқчи бўлганди. Чемпионлар Лигаси чорак финалидан ўрин олган «Манчестер Сити»га қарши ўйинда Милнер айтганидек бироз зерикарлироқ кўринди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Одатда жамоа мухлислари «Ливерпуль» учта гол урса ҳам ўйинни хотиржам кузата олишмайди, чунки ҳар қандай вазиятда рақиб гол уриб кетиши мумкин деган ҳадик уларни тарк этмайди. «Сити»га қарши Клопп шогирдлари мавсумдаги энг ақлли ўйинларини кўрсатишди.

ОДАТДАГИ СТАРТ
«Ливерпуль» бу ўйинни ҳам ўз одатига кўра жуда фаол бошлади. 12-дақиқадаёқ Муҳаммад Салоҳ ҳисобни очди. «Ливерпул»нинг одатий жуда тезкор қарши ҳужумини Салоҳ ва Фирмино ривожлантиришади. Салоҳ Фирминони қулай вазиятга олиб чиқади. Фирмино ҳимоячини алдаб ўтиб зарба йўллайди, лекин тўп дарвозагача боришига «Сити» футболчилари йўл қўйишмайди. Шунда Фирмино қулайроқ нуқтада турган Салоҳга тўпни тепиб юборади ва мисрлик ҳужумчи ҳисобни очади. Иккинчи гол ҳам кўп куттирмади. 20-дақиқада Милнердан тўпни қабул қилиб олган Алекс Окслейд-Чемберлен жарима майдончасига кирмай кучли зарба билан Эдерсон дарвозасини ишғол қилади. Худди АПЛдаги ўйинда бўлгани каби. Эсингизда бўлса, ўшанда Чемберлен жуда кучли зарбаси билан ўйинда ҳисобни очган ва «Ливерпул»нинг голлар шоусини бошлаб берганди. Учинчи голга эса Мане муаллифлик қилди. Муҳаммад Салоҳнинг ажойиб узатмасидан кейин сенегаллик ҳужумчи тўпни бош билан дарвозага жойлаб қўйди.

Кўриб турганингизек биз билган Клоппнинг «Ливерпул»и. Бу жамоа «Реал» ёки «Барселона»га ҳам 20 дақиқа ичида учта гол урса ажабланмаслик мумкин. Чунки бундай катта тезликдаги йигитлар ҳар қандай ҳимояни парчалай олади. Лекин бугун биз жамоанинг бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз. Ҳимояга. «Ливерпуль» шу куни ҳимояга «ётиб олди» десак хато бўлади. Бу жамоа дарвоза олдида туриб олишни ўзига эп билмайди. Клопп бунга алсо рухсат бермаслиги турган гап. «Сити»га қарши жамоа ақлли ўйин кўрсатди.

«ЗEРИКАРЛИ» «ЛИВEРПУЛЬ»
Сезган бўлсангиз, учинчи гол урилгандан кейин «Ливерпуль» темпни пасайтирди. Садио Мане бир нечта ҳолатда майдоннинг рақиб ўйнайдиган томонидан туриб тўпни ўз ҳимоячиларига тепиб юборди. Бу ҳолат футболчининг ўз ташаббуси десак, Мане худди шундай ишни бир эмас, бир неча марта қилди. Яъни бу катта эҳтимол билан мураббий кўрсатмаси. «Сити» навбатдаги ҳужумни кутаётганда тўп яна рақиб ҳимояси томон йўл олди ва турган гапки бу ўйин тезлигини тушириб юборди. Бироқ шу кеча «Ливерпуль» тўпни кўп вақт ўзида ушлаб тура олмади. Ахир «Сити» бу борада Европада энг яхшилардан ҳисобланади. Икки йилдан буён Гвардиола қўл остида ўйнаётган «Шаҳарликлар» тўпни эгаллашнинг ҳадисини олишди. Қанот ҳимоячиси сифатида танилган Уокерлар бугун майдон марказида қўрқмай рақиб футболчиларини алдаб юришибди. Хуллас ана шундай жамоага қарши тўпни эгаллаб туриш осон эмасди. Ўйиннинг якуний статисикасига эътибор берсак, «Манчестер Сити» учрашувнинг 66 фоиз вақти давомида тўпни ўзида ушлаб турган. Иккинчи бўлимда фарқ янада катталашди, чунки ўйиннинг иккинчи ярмида «Ливерпуль» деярли ҳужум қилмади. Бироқ яна бир статистика борки, фақат тўпни эгаллаб туриш билан футболда ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини кўрсатади. «Манчестер Сити» бутун ўйин давомида «Ливерпуль» дарвозаси томон бирорта ҳам аниқ зарба йўлламаган! Ҳа, бирорта ҳам! Шунақасини эслай оласизми? Бутун Европада энг кўп гол ураётган жамоалардан бўлган «Сити» ҳимояси кучсиз деб қараладиган, ҳар қандай жамоадан гол ўтказиб юбориши мумкин бўлган «Ливерпуль» дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба йўллай олмаган. Бу эса Гвардиола жамоаси тўпни шунчаки майдон бўйлаб мазмунсиз олиб юранидан нишона.

ЖАН БЎЛМАСА, БОШҚАЛАР БОР
«Манчестер Сити»га қарши ўйиндан олдин «Ливерпуль» иккита йўқотишга дуч келди. Жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бири Эмре Жан жароҳати сабаб ўйинда қатнаша олмади. Асосий таянч ярим ҳимоячиси бўлган Жаннинг йўқлиги «Ливерпуль» ўйинига салбий таъсир кўрсатишини тахмин қилиш мумкин эди. Бироқ майдон марказида германиялик футболчининг йўқ экани деярли билинмади. Жамоа сардори Жордан Хендерсон ўзини аямай ўйнади ва марказда рақибларга деярли имкон бермади. У сариқ карточка олиб, кейинги ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди, лекин биринчи ўйинни жуда юқори савияда ўтказди. Шу куни марказда яна бир футболчининг ўйини «Сити» яримҳимоячиларига кун бермади. Бу Алекс Окслейд-Чемберлен. «Ливерпул»га келганида жамоа кетма-кет ўйинларда очко йўқотгандан кейин омадсиз футболчи деб аталган Чемберлен «Сити»га қарши жуда зўр ўйин кўрсатди. Ҳужумга қўшилишни ёқтирадиган Окс (Англияда уни шундай аташади) таянч зонасида ҳам ажойиб ўйин кўрсатди. Ундан ташқари ўнг қанот ҳимоячиси Трент Александр-Арнольд ҳам шу кеча яхши ўйнади. Жуссаси кичик, лекин чаққон Арнольд «Сити» футболчиси Лерой Санени кўп ҳолларда тўхтатиб қола олди. Чап қанотдаги Эндрю Робертсон ҳам ҳар доимгидек тезкорлиги билан «Сити» футболчиларини қийнаб қўйди. Бекорга «Сити»га қарши ўйин ҳақида гапираётганда «Ливерпул»нинг асосан ҳимояга жавобгар футболчилари ҳақида гапирмаяпмиз, чунки ҳужумдаги йигитларнинг қандай юқори даражада эканини барча билиб бўлган. Ҳимоядаги тартиб эса жамоа учун чинакам янгилик бўлди.

Эсингизда бўлса «Ливерпуль» Премьер-Лига доирасида «Сити»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этган ўйинда 4:1 ҳисобида олдинда бораётиб, учрашув сўнгида иккита гол ўтказиб юборганди. Клопп ўйиндан кейин Агуэронинг зарбаси гол бўлиб, ҳисоб тенглашганда юраги тўхтаб қолган бўлишини айтди. Бироқ бу сафар унинг шогирдлари «Сити»га бундай имконият беришмади. 4:3 ҳисобида тугаган ўйинда Вирджил ван Дейк қатнашмаганди, Чемпионлар Лигаси доирасидаги ўйинда эса у ўйнади. Голландиялик футболчи жамоа ҳимоясида тартиб ўрната олгани мана шу ўйинда айниқса билинди. Кўрамиз Клоппнинг шогирдлари «Этихад»да ўтадиган жавоб ўйинида «Сити»нинг босимига дош бера олишармикин. Ахир Гвардиола шогирдлари ўз майдонларида «Ливерпул»га керак бўлса 5 та гол ура олишларини исботлашган…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "ЗEРИКАРЛИ «ЛИВEРПУЛЬ» КEРАКМИ? МАРҲАМАТ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*