«НАВБАТЧИ» МУРАББИЙ ЁХУД МОЧИНОВГА НЕГА ИШОНИШАДИ?

mochinovvvvv

Ўтган мавсум якунларига кўра, 13-14-ўринларни эгаллаган “Сўғдиёна” ва “Нефтчи” клублари ЎФА президенти Умид Аҳмаджоновнинг қарорига кўра Суперлигага олиб қолинган эди. Аммо 4-турдан кейин ушбу икки жамоанинг элитада сўнгги ўринларни эгаллаб тургани ўтган йилги муваффақиятсизликлар бу жамоаларга дарс бўлмаганлигини англатаётгандек. Айниқса, “Сўғдиёна” жамоаси йил бошида яна Александр Мочиновга ишониб, яна олдинги хатосини такрорлади.

Сўнгги турларда Жиззахда “Қизилқум”га учралган 1:3 ва Бекободда “Металлург”га 2:0 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Александр Мочинов “Одатда бундай вазиятда бош мураббий истеъфо беради…” дея осон йўлни танлай қолди. У ҳали расман жамоани тарк этмаган бўлсада, одатда клубларни мана шундай тарк этади. Унинг клубларимиздаги 5 йиллик фаолиятига назар ташлаб, унга нега ишонишларини тушуниш қийин. Келинг, Мочиновнинг мураббийлик фаолиятига назар ташлайликда, кейин хулоса чиқарайлик.

2011 йил, февраль.

Александр Мочинов — “Бунёдкор” ўринбосарлари мураббийи.

Мочинов Сергей Лушан билан бирга ёш “Қалдирғочлар”га мураббий сифатида иш бошлади. Икки йиллик фаолияти давомида Лушан билан бирга бир қатор ёш футболчилар “Бунёдкор” асосий таркибига жалб этилди. 2014 йил бошида Мочинов “Бунёдкор”ни тарк этди ва Биринчи Лига жамоасида иш бошлади.

Тайинланди: 2011 йил, 1 февраль

Истеъфога чиқди: 2014 йил, 1 февраль.

Фаолияти: 3 йил.

 

2014 йил, февраль.

Александр Мочинов – “Оқтепа” бош мураббийи!

Тошкентнинг “Оқтепа” клуби Мочиновнинг бош мураббий сифатидаги расман дастлабки жамоаси бўлди. Хусусий клуб раҳбари Ғанишер Шоғуломов айнан Мочинов билан жамоасини Олий Лигага олиб чиқмоқчи эди. Аммо Мочинов 13 ўйинда 9 та ғалаба қозониб жамоани тарк 4 ойдаёқ тарк этишга қарор қилди.

Тайинланди: 2014 йил, 6 февраль

Истеъфога чиқди: 2014 йил, 10 июнь

Фаолияти: 4 ой.

 

2014 йил, июнь

Александр Мочинов — Ўзбекистон U-16 ўсмирлар т/ж бош мураббийи!

“Оқтепа” жамоасини тарк этган Мочинов икки ҳафта ўтиб, ЎФФ томонидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. Ёзда терма жамоани Осиё Чемпионати орқали Жаҳон Чемпионатига олиб чиқиши вазифаси юклатилган Мочинов жамоаси турнир 1/8 финалида Сурияга 2:5 ҳисобида мағлуб бўлиб, ўсмирлар ўртасидаги ЖЧдан қуруқ қолди. Мураббий бу сафар ҳам омадсизликка учрагач, вазифа бажарилмагани учун истеъфога чиққан.

Тайинланди: 2014 йил, 24 июнь

Истеъфога чиқди: 2014 йил, 7 октябрь

Фаолияти: 4 ой.

 

2014 йил, 27 ноябрь

Александр Мочинов – “Бухоро” бош мураббийи!

Мураббийлик фаолиятида на Биринчи Лигада, на ўсмирлар терма жамоасида натижа кўрсата олмаган ушбу мураббий 1 ой, 20 кун ўтиб кутилмаганда “Бухоро” жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.

“Олдимда “Бухоро” жамоасини Осиё Чемпионлар Лигасига олиб чиқиш вазифаси қўйилган” — дея гапирган мутахассис декабрь, январь, февраль ойи давомида таркибни шакллантириш, ўзи кўзлаган футболчиларни йиғиш, ҳаттоки тайёргарликни хорижда ўтказишни клубдан сўради, “Бухоро” клуби раҳбарияти жамоа йиғинини Туркияда ташкиллаштириб берди.

Натижа эса бу сафар ҳам мақсадга яраша бўлмади. “Бухоро” 2015 йилги Олий Лиганинг дастлабки 10 ўйинида 8 та мағлубият ва 2 та дуранг қайд этди. “Бухоро” 2 очко билан яққол аутсайдерга айлангач, Мочинов яна тан олди – «Натижа ўта ёмон, одатда бундай пайтда мураббийлар истеъфога чиқишади…». Чорасиз қолган бухороликлар ҳам Мочиновни истеъфосини расман эълон қилишди. Иккинчи даврада жамоани Жамшид Саидов — Тачмурод Агамуродов жуфтлиги қутқариб қолмаганида, клуб 1-лигага равона бўларди.

Тайинланди: 2014 йил, 27 ноябрь

Истеъфога чиқди: 2015 йил, 17 май.

Фаолияти: 6 ой.

 

2015 йил, сентябрь.

Александр Мочинов – “Сўғдиёна”да иш бошлади

Биринчи Лига, ўсмирлар терма жамоасидан кейин “Бухоро” клубида ҳам барча имконият яратилиб берилган бўлсада, ҳеч қандай каромат кўрсата олмаган мураббий Олий Лига-2015 2-даврасида Жиззахда иш бошлади. Мочинов “Сўғдиёна”да бош мураббий Даврон Файзиевга ёрдамчи сифатида тайинланди. Жамоа олдига лигада қолиш вазифаси қўйилганди. Аммо сўнгги турда “Сўғдиёна” Жиззахда Мочиновнинг собиқ клуби “Бухоро”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлгач, лигани деярли тарк этганди. Аммо Самарқанддаги паралель ўйинда “Олмалиқ” 90+4-дақиқада “Динамо”га гол уриб, “Сўғдиёна”ни элитада олиб қолганди. Мочинов 2016 йил апрель ойида Жиззах клубини тарк этди.

Тайинланди: 2015 йил, 2 сентябрь

Истеъфога чиқди: 2016 йил, 10 апрель.

Фаолияти: 7 ой.

 

2016 йил, 18 июнь

Александр Мочинов – “Обод” бош мураббийи

Жиззах клубидан кетгач, яна икки ой футболсиз қолган Мочинов Олий Лига дебютанти “Обод” бош мураббийи этиб тайинланди. Афсуски, мутахассис “Обод” ҳам узоқ ушланиб қолмади. Уч ойлик фаолиятидан кейин раҳбарият унинг ўрнига Жаъфар Ирисметовни бош мураббий сифатида тайинлади ва айнан Жаъфар “Обод”ни Олий Лигада олиб қолишга эришди.

Тайинланди: 2016 йил, 18 июнь

Истеъфога чиқди: 2016 йил, 10 сентябрь.

Фаолияти: 3 ой.

 

2017 йил, февраль

Александр Мочинов – “Пахтакор”да ишлайди

“Обод” клубидан кетган Мочинов 5 ойлик танаффусдан кейин “Пахтакор” ёшлар жамоасида Жасур Абдураимовга ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлади. Аммо бу лавозим мутахассис карьерасидаги энг қисқаси фаолияти бўлди – 18 кун. У ҳали ишга тўлиқ ҳам кириша олмаган бўлса керак.

Тайинланди: 2017 йил, 10 февраль

Истеъфога чиқди: 2017 йил, 28 февраль

Фаолияти: 18 кун

 

2017 йил, март

Александр Мочинов — Ўзбекистон U-19 бош мураббийи

“Пахтакор” ёшлари билан 18 кун ишлаган мутахассис март ойидан Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоасига бош мураббий сифатида иш бошлади. Мочиновга 1999 йил ва ундан кейин туғилган футболчилардан иборат янги жамоа тузилиб, уни бошқариш юклатилди. Шу билан бирга Мочинов Ўзбекистон U-15 ва Ўзбекистон U-18 термасини ҳам мураббий сифатида бошқарди.

Ярим йилдан зиёд вақт давомида Мочинов Ўзбекистон U-19 термаси билан Осиё Чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик кўрган бўлсада, Тожикистонда ўтган ҳал қилувчи саралаш ўйинларида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси мезбонларга мағлуб бўлиб, ўсмирларимиздан кейин ёшларимиз ҳам Осиё Чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолишди. Натижа Александр Мочинов навбатдаги маротиба ЎФФ томонидан истеъфога чиқарилди.

Тайинланди: 2017 йил, 2 март

Истеъфога чиқди: 2017 йил, 10 ноябрь

Фаолияти: 8 ой.

 

2017 йил, декабрь

Александр Мочинов – “Сўғдиёна” бош мураббийи!

Қатор муваффақиятсизликлари кетма-кетлигидан кейин Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан Тожикистонга мағлуб бўлиб, ёшларимизни ҳаттоки саралашдан Осиё Чемпионатига олиб чиқа олмаган мутахассис 40 кун ўтар-ўтмас, яна бош мураббий сифатида энди Олий Лига клубида фаолият бошлади. 2017 йилги мавсум якунида 13-ўринни олган ва қуйи лигага равона бўлиши маълум бўлган “Сўғдиёна”дан Игорь Шквиринни истеъфога чиқарилиб, яна Александр ишонч билдирилди. Бу Мочиновнинг 2 йилда “Сўғдиёна”га иккинчи марта келиши, 4 йил давомидаги 8-иш жойи бўлди. Муваффақиятсизликларига қарамай, ҳар доим яхши иш топадиган бу мураббий таркибни жамлашда давом этди ва кўп ўтмай “Сўғдиёна”нинг ЎФА томонидан Суперлигада олиб қолингани эълон қилинди…

Мавсум олди тайёргарликка етарлича вақти бўлган ва уни ўзи истагандек олиб борган Мочинов Суперлига 5-туридан кейин “Сўғдиёна” билан яна аутсайдер ролида – 12-ўринда бормоқда. Уч йил олдин “Бухоро” билан ҳам шу ҳолга тушган Мочиновга имконият берилавергач, 10-тургача ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Шундай экан, бугунги қаҳрамонимизнинг одатий иборасини келтирамиз: «Одатда бундай вазиятда бош мураббий истеъфо беради…».

Ҳа, дарвоқе, мақоламиз сарлавҳасидаги саволга ўзимизда ҳам жавоб бўлмасада, мақолада ўзингиз хулоса қилишингиз учун етарлича фактлар келтирилган.

Тайинланди: 2017 йил, 20 декабрь

Истеъфога чиқди: 2018 йил, 7 апрель…

Фаолияти: 4 ой.

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "«НАВБАТЧИ» МУРАББИЙ ЁХУД МОЧИНОВГА НЕГА ИШОНИШАДИ?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*