4-ТУР ПРЕВЬЮСИ: ВОДИЙДА ДEРБИ, «БУНЁДКОР» «БУХОРО»НИ ҚАБУЛ ҚИЛАДИ

1

29-31 март кунлари Суперлига жамоалари навбатдаги 4-тур ўйинларини ўтказишади. Турнинг марказий баҳси Қўқонда ўтказилади. «Қўқон-1912» ўз майдонида Наманганнинг «Навбаҳор» клубини қабул қилади. Етакчилар сафида бораётган «Бунёдкор» ҳамда «Бухоро» жамоалари ўртасидаги ўйин ҳам қизиқарли кечиши кутилмоқда.

29 март
«СЎFДИЁНА» – «ҚИЗИЛҚУМ»
Ўйин вақти ва трансляция: «Спорт» ТВ, 18:00.
Бош ҳакам: Аҳрол Рисқуллаев (Тошкент).
Имкониятлар: 30/40/30.
Турнир жадвалининг энг охирги икки поғонасини эгаллаб турган жамоалар тўқнашуви. Суперлигада олиб қолинган «Сўғдиёна» ортда қолган учта ўйинда ҳеч қандай ёрқин ҳаракати билан ажралиб тургани йўқ. Фақат бу жамоа иштирокидаги ўйинларда чироқ ўчиб турди, холос. Бундан ташқари жиззахликлар ҳали бирорта гол уришгани йўқ. Бу кетишда Мочинов тез орада истеъфога чиққарилиши мумкин. «Қизилқум»да ҳам аҳвол яхши эмас. навоийликлар ортда қолган учта ўйиннинг барчасида мағлуб бўлишди. Ўтган турда «Насаф»га қарши бой берилган ўйинда ҳар тугул ҳужумчи Андрей Сидоров клубнинг жорий мавсумдаги голлар ҳисобини очди. Дарвоқе «Насаф»га қарши баҳсдан кейин жамоа бош мураббий Ҳамид Актамов истеъфога чиққани айтилди. Клуб сайтида мураббий ўз вазифасидан кетганини эълон қилинганди. Буни қарангки, бу хабар тўқиб чиқарилган бўлиб чиқди. Эмишки, Ҳамид Актамов кетиш ҳақида ҳеч нима демаган ва клуб матбуот хизмати нотўғри маълумот берган. Бундан ҳам ажойиб воқеалар содир бўлаётган ПФЛда ҳеч бир нарсага бирдан ишониб бўлмай қолди. Ахир бутун бошли мусобақа бошланиши арафасида унга янги жамоалар қўшиб, тақвимнинг оёғи осмондан бўлмоқда-ку! Чалғиб кетдик. Демак кейинги ўйинлар превьюсига ўтамиз.

30 март
«БУНЁДКОР» – «БУХОРО»
Ўйин вақти ва трансляция: «Спорт» ТВ, 18:00.
Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Тошкент).
Имкониятлар: 50/20/30.
бухоро буниккк (2)
«Бунёдкор» мавсумни яхши бошлади. Миржалол Қосимов шогирдлари мавсумни дуранг билан бошлаган бўлишса-да, кейинчалик «Пахтакор» ва «Нефтчи»ни кичик ҳисобда мағлуб этиб, етакчилар сафига қўшилишди. Бу баҳсда жамоага халақит бериши мумкин бўлган омил шуки, Миржалол Қосимов терма жамоа ихтиёридан қайтганидан кейин «Бунёдкор»ни ўйинга тайёрлашда кам вақтга эга бўлади. «Бухоро» ҳам айни дамда яхши спорт формасида. Улуғбек Бақоев шогирдлари ўтган турда «Сўғдиёна» дарвозасига жавобсиз учта гол йўллашганди.

«НАСАФ» – «МEТАЛЛУРГ»
Ўйин вақти ва трансляция: «Спорт» ТВ, 20:00.
Бош ҳакам: Шерзод Қосимов (Тошкент).
Имкониятлар: 60/20/20.
Қаршиликлар айни дамда тўплар нисбатига кўра мусобақа етакчиси бўлиб туришибди. Биринчи турда «Нефтчи»ни мағлуб эта олмаган Бердиев шогирдлари кейинчалик «Бухоро» ва «Қизилқум»ни мағлуб этишди. Бу ўйиндан уч кун ўтиб «Насаф» Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Персеполис»га қарши ўйинда қатнашади ва бу бекободликларга қандайдир қўшимча имконият бериши мумкин. Чунки «Насаф» халқаро ўйин учун куч тежашга интилади. «Металлург» амалдаги чемпиондан очко олгач, «Қўқон-1912»ни мағлуб этди ва бу мавсумда мақсади жиддий экани кўрсатиб қўйди. Ҳозирча мағлубият нималигини билмай келаётган бекободликлар Қаршида ғалаба қозониб, «Насаф»ни ортда қолдириши ҳам мумкин.

31 март
«ҚЎҚОН-1912» – «НАВБАҲОР»
Ўйин вақти ва трансляция: «Спорт» ТВ, 18:00.
Бош ҳакам: Ҳасан Рўзиев (Тошкент).
Имкониятлар: 25/40/35.
photo_2017-10-22_16-47-06
Ниҳоят 4-турга келиб Қўқонда расман янги мавсум очилади. Агар Қўқондаги стадион майсаси ёки прожектори билан боғлиқ муаммо бўлмаса (янги мавсумда бунга ўрганиб қолдик), қўқонлик мухлислар ўз жамоалари иштирокидаг ўйинга гувоҳ бўлишади. Нўмон Ҳасанов шогирдлари чемпионатда ҳозирча 3 очко тўплашган. «Навбаҳор» эса жуда яхши ҳолатда. Ўтган турда «Локомотив»ни енгган Илҳом Мўминжонов шогирдлари бу мавсумда чемпионлик учун курашишса ҳам ажабланмаймиз. Наманган чемпионликни анча соғиниб қолган ва мухлислар бу учун қўлларидан келганча ёрдам беришади. Буни ўтган турда кўрдик. Наманганлик мухлислар Қўқонда ҳам ўз футболчиларини ёлғизлатиб қўймасликларига ишониш мумкин.

«ПАХТАКОР» – «НЕФТЧИ»
Ўйин вақти ва трансляция: «Спорт» ТВ, 20:00.
Бош ҳакам: Азиз Асимов (Тошкент).
Имкониятлар: 80/10/10.
Бир вақтлар бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар мавсумнинг энг муҳим учрашувлари бўларди. Чемпионлик кубогини бу икки жамоа алмашиб ютаверишарди. Бироқ ҳозир бундай эмас. Ўтган мавсумда Олий Лигани тарк этган фарғоналиклар бир амаллаб Суперлигада олиб қолинди, лекин ҳозирча улар бирорта гол ҳам уришгани йўқ. Дастлабки икки ўйинда 0:0 ўйнаган фарғоналиклар учинчи турда «Бунёдкор»га енгилишди. «Пахтакор» етакчилар сафида бормаяпти, лекин ҳали чемпионат боши эканини инобатга олсак, жамоа чемпионлик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади. Стадионни тўлдириш учун ҳар қандай чоралар қўллаётган «Пахтакор» ўтган турда бразилиялик ва португалиялик легионерларининг голлари эвазига «АГМК»ни мағлуб этганди. Арвеладзе шогирдларининг чемпионатни юта олишига ишонмоқда. Бу учун эса аста-секин ёрқин ўйин кўрсатишни бошлаш керак.

«АГМК» – «ЛОКОМОТИВ»
Ўйин вақти ва трансляция: «Спорт» ТВ, 18:00.
Бош ҳакам: Акобирхўжа Шукруллаев (Тошкент).
Имкониятлар: 15/10/75.
Бу ўйин 29 март куни ўтказилиши керак эди, лекин «Локомотив» футболчиларининг терма жамоа ихитиёридан кеч қайтгани сабаб ўйин 31 мартга кўчирилди. Бу ўйинда ҳам мураббийлар «Металлург»га қарши ўйиндаги каби иккинчи таркибни туширишмаса керак. Чунки ўша баҳсда жамоа керак бўлмаган вақтда очко йўқотганди. Бироқ асосий таркиб футболчиларига дам бермаса ҳам бўлмайди. Чунки «Локомотив» 3 апрель куни БААда «Ал Ваҳда»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинида қатнашиши керак. Бу жамоа учун ҳал қилувчи ўйин бўлиши мумкин, шу сабаб мураббийлар аосий эътиборни шу баҳсга қаратишса керак. Бундан эса «АГМК» фойдаланиб қолиши мумкин. Агар «Пахтакор»га қарши баҳсда футболчиларининг «Пахтакор»дан қўрққанини айтган Кумиков уларга катта жамоалардан қўрқмаслик йўлларини ўргатган бўлса…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "4-ТУР ПРЕВЬЮСИ: ВОДИЙДА ДEРБИ, «БУНЁДКОР» «БУХОРО»НИ ҚАБУЛ ҚИЛАДИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*