«ЛEСТEР» ЭРТАГИГА ПОЙДЕВОР БЎЛГАН ЎЙИН

Leicester-MU

«Лестер»нинг 2015/16 йилги мавсумда Англия чампиони бўлгани ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Футбол мухлислари бу такрорланмас чемпионликни ҳали узоқ вақт эслаб юришади. Қизиғи, бир мавсум олдин «Тулкилар» зўрға Премьер-Лигада жон сақлаб қолишганди. Чемпионликдан бир йил олдинги мавсумда «Лестер» шундай ўйин ўтказгандики, натижада бу клуб ҳақида барча гапира бошлаганди. 2014/15 йилги мавсумнинг 5-турида «Тулкилар» ўз майдонларида «МЮ»ни 5:3 ҳисобида мағлуб этишганди…

АВВАЛ «МЮ» БОШЛАЙДИ
Ўша мавсум аввалида «МЮ»ни голландиялик мураббий Луи ван Гаал қабул қилиб олганди. Манчестерликлар бир қатор юлдузлар билан шартнома имзолашганди. Анхель Ди Мария, Радамель Фалькаолар шулар жумласидан. Биз айтаётган ўйин 2014 йилнинг 21 сентябрь куни ўтказилганди. Премьер-Лиганинг 5-туридан ўрин олган баҳсни «МЮ» анча фаол бошлайди. 13-дақиқада чап қанотда пайдо бўлган Радамель Фалькао ҳимоячини алдаб ўтиб, тўпни ҳаволат жарима майдончасига узатади. Ҳимоячилар таъқибидан қочиб кетган Робин ван Перси эса бош билан тўпни дарвозага йўллайди – 0:1. Голдан уч дақиқа ўтиб «МЮ» фарқни иккитага оширади. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган Уэйн Руни тўпни жарима майдончаси яқинидаги Анхель Ди Марияга узатади. Аргентиналик футболчи эса жарима майдончасига кирибоқ тўпни секингина «Лестер» посбони Шмейхелнинг устидан ташлаб қўяди – 0:2. Бироқ у вақтда Найджел Пирсон қўл остида ҳаракат қилган «Тулкилар» Ди Мариянинг чиройли голидан кейин ўзларини йўқотиб қўйишмайди. Ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлган Жейми Варди 17-дақиқада илк самарали ҳаракатини амалга оширади. У ўнг қанотдан Маркус Роходан тўпни олиб қўйиб, жарима майдончасига ҳаволатиб узатади. Бу ерда бўйдор Леонардо Ульоа тўпни кутиб турганди. Аргентиналик ҳужумчи бош билан Де Хеа дарвозасининг юқори бурчагини аниқ нишонга олади. Иккинчи бўлим аввалида эса «МЮ» фарқни яна иккитага оширади. Анхель Ди Мариянинг тўп узатишидан кейин Андер Эррера дарвозага тескари турган бўлса-да, чиройли тарзда гол уради – 1:3. Бироқ қолганига «Лестер» ва хусусан Жейми Вардининг навбати келади.

ВАРДИНИНГ ИЛК ПОРЛАШИ
62-дақиқада Жейми Варди жарима майдончаси яқинида ҳимоячи Рафаэлни елка билан туртиб йиқитади ва ундан тўпни олиб қўяди. Бразилиялик ҳимоячи эса Вардини тўхтатиш учун ҳаракат қилганида ҳужумчи йиқилади. Ҳа, айнан йиқилади. Варди ўз жамоасининг номига мос тарзда тулклик қилиб пенальти ишлаганди. Марк Клаттенбург эса Вардининг найрангига учиб, «МЮ» дарвозаси томон пенальти белгилайди. Пенальтини Дэвид Ньюжент голга айлантиради – 2:3. Айнан шу голдан кейин ўйиннинг ҳарорати максимал даражага етади. Бу голдан икки дақиқа ўтиб «Лестер» ҳисобни тенглаштиради. «МЮ» жарима майдончаси ичида палапартишлик юзага келади. Кучли зарб билан тепилган тўп Жейми Вардига келиб тушади. Варди тўхтатган тўпни эса «Интер» сафида Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган Эстебан Камбьяссо кучли зарба билан дарвозага йўллайди. Де Хеа футболчиларнинг орасидан ўтиб келган тўпни қайтара олмайди – 3:3.

79-дақиқага келиб «Лестер» кейинги мавсумда ўзига чемпионликни олиб келган услуб – қарши ҳужумдан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олади. Матадан тўпни олиб қўйган ўнг қанот ҳимоячиси Ричи де Ларт катта тезликда олдинга бораётган Жейми Вардига аниқ тўп узатишини амалга оширади. Англиялик ҳужумчи эса Де Хеа билан бирга-бир чиқиб, хотиржамлик билан тўпни яқин бурчакка жойлаб қўяди – 4:3. Бу шунчаки даҳшат эди. Тўғри, «Лестер» кейинги мавсумда анчагина янгиликлар қилиб, чемпион бўлди, лекин ўша чемпионликда биз айтаётган ўйинни дисквалификация сабаб мухлислар қаторида ўтказган Найджел Пирсоннинг ҳам ҳиссаси бор эди. Варди ўшандаёқ қарши ҳужумда жуда зўр ўйнарди. 83-дақиқада ўйин қаҳрамони бўлган Варди яна бир пенальти ишлайди. Лекин бу сафар ҳақли тарзда. Катта тезлик билан олдинга ўтиб кетган ҳужумчини Блэккетт қўполлик эвазига тўхтатишга мажбур бўлади. Клаттенбур ҳимоячини майдондан четлатиб, «МЮ» дарвозасига пенальти белгилайди. Иккинчи пенальтини эса «Лестер»нинг биринчи голи муаллифи Леанардо Ульоа голга айлантиради – 5:3.
be11d106cc0f4790bc9dbc93c4249191

99 КУНЛИК ҚОРОНҒУЛИК
«МЮ»га қарши кечган ўша ажойиб ўйиндан кейин «Лестер» нақд 99 кун ғалаба нима эканини билмайди. 100-кунда эса Рийад Маҳрезнинг голи «Лестер»га «Халл» устидан ғалаба келтиради. Кўпчилик «Тулкилар»нинг мавсум охирида яна чемпионшипга қайтишини тахмин қила бошлайди. Букмекерлик идоралари бунга деярли ишонишарди. Бироқ чемпионатнинг охирги 8 ўйинини «Лестер» фантастик тарзда ўтказади. 31-турдан кейин «Лестер» 7 ўйинда ғалаба қозониб, 1 ўйинда дуранг қайд этади. Бу эса «Тулкилар»нинг чемпионатни «хавфли ҳудуд»дан чиқиб, 14-ўринда якунлашига сабаб бўлади. Балки ўша ғолиблик руҳи кейинги мавсум учун пойдевор вазифасини ўтгандир. «Лестер»нинг чемпионлик мавсумига тўғри келмаса ҳам, «МЮ»га қарши ўша ажойиб ўйин мухлислар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.

Премьер-Лига. 2014/15 йилги мавсум
5-тур. 2014 йил 21 сентябрь.
«ЛЕСТЕР» – «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» – 5:3
Лестер.
«Кинг Пауэр» стадиони, 31 784 томошабин
Бош ҳакам: Марк Клаттенбург.
Голлар: Робин ван Перси (13), Анхель Ди Мария (16), Андер Эррера (57) – Леонардо Ульоа (17, 83, пен.), Дэвид Ньюджент (62, пен.), Эстебан Камбьяссо (64), Жейми Варди (79).
«Лестер»: Каспер Шмейхель, Ричи Де Лат, Лиам Мур, Уэс Морган, Пол Кончески, Дэвид Ньюджент (Мэттью Жеймс, 75), Эстебан Камбьяссо (Энди Кинг, 71), Дин Хэммонд, Дэни Дринкуотер, Жейми Варди (Жеффри Шлупп, 85), Леонардо Ульоа.
«Манчестер Юнайтед»: Давид Де Хеа, Рафаэл да Силва, Тайлер Блэкетт, Жони Эванс (Крис Смоллинг, 30), Маркус Рохо, Андер Эррера, Дейли Блинд, Анхель Ди Мария (Хуан Мата, 76), Уэйн Руни, Робин ван Перси, Радамель Фалькао (Аднан Янузай, 72).
Четлатиш: Блэкетт (83).

Фикрлар "«ЛEСТEР» ЭРТАГИГА ПОЙДЕВОР БЎЛГАН ЎЙИН"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*