БУЮК ДЕРБИ: «ҚИЗИЛЛАР» «ҚИП-ҚИЗИЛЛАР»ГА ҚАРШИ. ПРЕВЬЮ

hd-jose-mourinho-manchester-united-jurgen-klopp-liverpool_priv2l5pzuor1h37hu527wow2

Эртага Суперлига доирасида «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади. Ўйин 17:30 да бошланади. Афсуски, бу ўйиннинг «омади келмади». Худди шу вақтда Англияда бир ўйин бўладики, инглиз футболи шайдолари бу учрашувни томоша қилиш учун «Барелона» ва «Реал» жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳам кўрмай қўяқолишади. «Олд Траффорд»да Британиянинг энг буюк икки клуби «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» ўзаро баҳслашишади.
manchester_united_fc_vs__liverpool_fc_by_mrsyria1988-d7a0b0p
200-ЎЙИН

Эртанги ўйин «МЮ» ва «Ливерпуль» ўртасидаги 200-тўқнашув бўлади. Янги форматдаги Премьер-Лига баҳсларида икки клуб 51 марта тўқнаш келишган. Ҳозиргача ўтган ўйинларда 79 марта «МЮ», 65 марта «Ливерпуль» ғалаба қозонган. 55 марта дуранг натижа қайд этилган.
АҚЛ ҚИЗИҚҚОНЛИККА ҚАРШИ
Агар бу икки жамоа мусобақа жадвалининг энг сўнгги поғонасида туриб ўзаро ўйинда майдонга тушишганида ҳам ажойиб ўйин бўлиши аниқ. Бироқ ҳозир бу икки клуб турнир жадвалида иккинчи ва учинчи бўлиб туришибди. Бундан ташқаро ҳар икки жамоа Чемпионлар Лигасида курашни давом эттирмоқда. Охирги йилларда ҳар икки клубда ҳам пасайиш кузатилган ва клуб раҳбарлари мураббийни алмаштиришга қарор қилишганди. «МЮ» ўта ақлли, Европанинг ўртамиёна жамоаси билан Чемпионлар Лигасини ютган, ақл бовар қилмас қийин вазиятлардан чиқиб кета олган Жозе Моуриньони танлади. «Ливерпуль» эса жамоаларининг «безорилар тўдаси»га айлантира олган (Яхши маънода, албатта) Юрген Клоппни танлади. «МЮ» сэр Алекс кетгандан буён, «Ливерпулб» эса эҳе-е, 28 йилдан буён Англия чампиони бўлолмаяпти.

Кўпчилик сэр Алекснинг “Мен «Ливерпул»нинг ҳукмронлигига чек қўяман”, деган гапидан келиб чиқиб «Ливерпуль» Фергюсон вақтида Премьер-Лигани ютмаган деб ўйлайди. Лекин сэр Алекс икки мавсум ашаддий рақиби «Ливерпул»нинг чемпион бўлишига чидаган. Хуллас анчадан буён чемпион бўлолмаётган бу икки жамоага Моуриньо ва Клопп чемпионликни олиб келишгани йўқ, улар бу икки буюк клубни уйғота олишди. «МЮ» Европа Лигасини ютди, «Ливерпуль» эса бу мусобақада финалгача етиб борди. Тарихда Европа титратган бу жамоаларга бундай совринлар учун хурсанд бўлиш ярамайди дейишингиз мумкин, лекин «МЮ» ва «Ливерпуль» мана шундай даражагача тушиб кетишганди. Клопп ва Моуриньо эса уларни уйғотишди.

Қисқача эртанги ўйин ҳақида гапирсак. Биринчи даврада кечган баҳсни эсласангиз керак. Ҳимояни мустаҳкам қилган «МЮ» рақиб майдонида 0:0 ўйнаган ва бу учун инглиз мухлислари Моуриньони танқид қилишганди. Британиянинг энг катта ўйинида ҳимояланиш «МЮ»га ярашмаслигини таъкидлашди. Лекин Жозе футболда ўз принципларини ярата олган инсон. У учун натижа муҳим ва буни доим уддалаб келган. Умуман олганда бу жамоаларнинг охирги 3 та ўйинида дуранг натижа қайд этилган: 1-1, 0-0, 0-0. Бу эса ҳар икки жамоа ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилганини англатади. Лекин эртага бундай бўлишига ишониш қийин. Чунки «МЮ» ўз майдонида нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозонишга интилади. «Ливерпуль» эса очиқ футболни жуда хуш кўради. Бугун Муҳаммад Салоҳ АПЛда февраль ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳужумчига қўшимча куч бериши турган гап. Бунинг устига у айни дамда Премьер-Лиганинг энг яхши тўпурари.
«SPECIAL ONE» VS «NORMAL ONE»
Моуриньо Англияга келгач илк матбуот анжуманини эсласангиз керак. Ўшанда инглиз журналистлари уни назарга илмай Англияда қандай ишлайсиз деб сўрашганда Жозе шундай деганди: «Кечирасиз, мен Чемпионлар Лигасини ютганман. Мен сизлар ўйлаган оддий мураббий эмасман. Мен ўзгачаман (I am a special one)»,- деганди. Шундан уни «Special one» деймиз. Клопп «Ливерпуль»га келгач, ундан Моуриньо ўзини ўзгача деб таништирганди, сиз қандайсиз деб ҳазиллашиб сўрашади. Клопп эса мен оддийман деганди (I am a normal one). Бироқ у оддий мураббий эмаслигини, Англиянинг энг ёқимтой жамоасини шакллантирганин барча кўрди. Бир сўз билан айтганда эртага зўр ўйин бўлади. Чемпионликка жуда яқин қолган «Манчестер Сити» бу ўйинни Англия учун жанг деб атасак, хафа бўлмаса керак…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Фикрлар "БУЮК ДЕРБИ: «ҚИЗИЛЛАР» «ҚИП-ҚИЗИЛЛАР»ГА ҚАРШИ. ПРЕВЬЮ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*