ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «МЮ» — «ЛИВЕРПУЛЬ», «ИНТЕР» — «НАПОЛИ», «БАРСА» «ЧЕЛСИ»ГА ҚАРШИ

barcach

“Эрудит СПОРТ” нашри томошабоп ўтиши кутилаётган қуйидаги 3 тўқнашувни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:

№3-матч: “Интер” – “Наполи”

11 март, якшанба, соат: 00:45

ТВ-трансляция: СПОРТ ТВ

Ўзаро учрашувлар:

64 ҒАЛАБА 36 ДУРАНГ 45 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Интер” – “Наполи” 0:1 ва 0:0

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Интер” – “Наполи”

347,80 миллион евро VS 403,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

“Ювентус”нинг гегемонлигини тўхтатишга енг шимариб киришган “Наполи” А Сериядаги охирги ўн ўйинда ўн ғалабани нишонлади. Ҳатто мутахассис Маурицио Сарри йигирма саккиз мавсумдан буён интиқлик билан кутилаётган учинчи Скудетто илинжида бошқа мусобақаларни “қурбон қилди”. Эндиликда неаполликларнинг бор эътибори Италия чемпионатига қаратилган. Ўз навбатида, ақалли Чемпионлар лигасига қайтишни ўйлаётган “Интер”ни фақат ва фақат уч очко қизиқтиради. Мавсум аввалида “Нерадзуррилар” мухлислари жамоасидан кўп нарса кутганди. Лекин Лучано Спаллетти шогирдлари ярқ этиб ёнди-ю дастлабки даврадаёқ “лип” этиб ўчди. Иккинчи давранинг ўзида ўн бир очко қулоғини ушлаб кетди. Буёғига йўқотилган бир очко ҳам майдон эгаларига қимматга тушади. Бир сўз билан айтганда, меҳмонлар Скудетто ишқида ёнаётган пайтда мезбонлар Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолмасликка интилади.

№2-матч: “Манчестер Юнайтед” – “Ливерпуль”

10 март, шанба, соат: 17:30

ТВ-трансляция: Футбол ТВ

Ўзаро учрашувлар:

65 ҒАЛАБА 47 ДУРАНГ 54 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Манчестер Юнайтед” – “Ливерпуль” 1:1 ва 0:0

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Манчестер Юнайтед” – “Ливерпуль”

741,50 миллион евро VS 548 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, “Қизиллар” тўрт мавсумдир-ки, “Манкунианлар”ни доғда қолдира олмайди. Ўтган тўрт йил ичида томонлар етти марта куч синашган ва “Ливерпул”нинг энг яхши натижаси дуранг бўлган. Ушбу ҳолатни Юрген Клопп ҳазм қила олмаслиги турган гап. Бироқ бу билан матчнинг аҳамиятини белгилаш ноўрин. Биринчи галда ўйинда қайд этилган натижа жамоаларнинг турнир жадвалидаги ўрнига таъсир қилади. Чунки ўртадаги тавофут икки очкодан иборат. Бошқача айтганда, “Мерсисайдликлар” “Олд траффорд”да бир ўқ ёрдамида икки қуённи уриши мумкин: иккинчи ўринга кўтарилади ва бир вақтнинг ўзида нохуш анъанасига чек қўяди. “Ўзгача” эса “кумуш” ҳам қўлдан кетишига асло рози бўлмайди. Бунинг учун мавжуд муаммолар ечими устида бош қотириши зарур. Жумладан, “Юнайтед”нинг оғриқли нуқтаси айланиб бораётган – ҳимоя чизиғини тартибга солиши. Йўқса, рақиблар майдонида энг кўп гол ураётган жамоага қаршилик кўрсатишга қийналади.

№1-матч: “Барселона” – “Челси”

14 март, чоршанба, соат: 00:45

ТВ-трансляция: Футбол ТВ

Ўзаро учрашувлар:

3 ҒАЛАБА 6 ДУРАНГ 4 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Барселона” – “Челси” 2:2 ва 1:1

Имконият: 40/30/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Барселона” – “Челси”

957 миллион евро VS 695,75 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

 Қарама-қаршиликка “мураббийлик пости тикилган ўйин” сифатида баҳо бериш мумкин. “Челси”нинг собиқ футболчиси Руд Гуллитнинг фикрича, Контени кейинги босқич йўлланмасигина қутқаради. Тўғрисини айтиш керак, “Аристократлар” шу кеча-кундузда танг аҳволда: маҳаллий чемпионатда бешинчи ўринга тушиб кетган, мураббийнинг қарорларидан норози ўйинчилар сони ортиб боряпти. Устигак-устак, биринчи баҳсдаги дуранг ҳам “Кўклар”нинг  фойдасига ишламайди. Шунинг учун жавоб учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда камида бир бор тўп киритиши талаб этилади. “Камп Ноу”да “Барса” дарвозасини ишғол этиш ҳамма жамоага ҳам насиб қилавермайди. Мисол учун, жорий мавсумда Ла лиганинг олти, Чемпионлар лигасининг бир иштирокчисигина “Блаугранаслар”ни ранжитган. Эътиборлиси, уч йиллик танаффусдан сўнг яна “Кўҳна қитъа” турниридан баҳраманд бўлаётган Эрнесто Вальверде карьерасида янги саҳифа очиш мумкин. У ҳозиргача уч марта (“Атлетик”, “Валенсия” ҳамда “Олимпиакос” рулида) омадини синаб кўрган ва нимачорак финалдан нарига ўтмаган.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

Фикрлар "ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «МЮ» — «ЛИВЕРПУЛЬ», «ИНТЕР» — «НАПОЛИ», «БАРСА» «ЧЕЛСИ»ГА ҚАРШИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*