ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ДОСТОН ҲАМДАМОВ «БУНЁДКОР»ДАН ҚАРЗДОРМИ?

dostonnn

Достон Ҳамдамов “Бунёдкор”дан қочиб кетгани ўтган ҳафтанинг шов-шувли воқеаси бўлди. Кўпчилик уни ёмонотлиқ қилди. Клуб футболчини 9 йил тарбия қилса-ю, Достоннинг жавоби шу бўлдими, дейдиганлар топилди. Шунингдек, хулосага шошилмай туришни маслаҳат қилганлар ҳам бор эди.

Достон қарздорми?

Келинг, туйғулар, меҳр-оқибат ёки содиқликни бир четга суриб қўямиз. Футболчи пайт пойлаб, Туркияга кетиб қолдими, демак бу унинг танлови. Сочингизни юласизми ёки қуюшқондан чиқасизми, қарорини ҳурмат қилишга мажбурсиз. Биз эса садоқат кўчасини четлаб ўтган йигит йўлини ҳужжатбозлик ила бироз тафтиш қиламиз. Чунки бундай ишларда ўша бир парча бўлган қоғозлар асосий ролни ўйнайди.

Достон Ҳамдамовнинг шартномаси 2018 йилнинг якунига қадар тузилганди. Демак, у “Бунёдкор”ни ҳурмат қиладими ёки нафратланадими, ўз йўлига — тишини тишига қўйиб, яна бир йил чидашга мажбур эди. Қоғозга қўл қўйган ўзи, уни ҳеч ким мажбур қилмаган. Жуда кетишни истаса — йўли бор. Неймарни эсласангиз керак. “ПСЖ” каталонияликларга унинг кўтарма пули бўлган 222 миллионни ўтказиб берди ҳамда бразилияликни эркин қушга айлантирди. “Анжи” эса Достонга бир тийин ҳам ўтказиб улгурмади. Чунки…

Агентлар

Катта эҳтимол билан Достоннинг шартномасида кўтарма пули кўрсатилмаган. Ва мен “Анжи” Ҳамдамов ишқида ёниб турибди, деган фикрга қўшилмаган бўлардим. Чунки клуб раҳбарияти “Бунёдкор” билан бирор марта бўлсин мулоқотга киришмаган. Асосий совчилар — агентлар. Уларнинг ўзи Ҳамдамовни олиб кетмоқчи, “Бунёдкор”га бериладиган пулни ҳам ўша агентлик тўлаётган бўлса, ажабланмайман. “Анжи” эса шунчаки карвонсарой вазифасини ўтаб беради. Айтайлик, агентлар Достон учун “Бунёдкор”га 300 сўм беради. “Анжи” эса миллий терма даражасидаги иқтидорли футболчини текинга қўлга киритади, унга имконият бериб кўради. Ўйнаб кетса, кейинроқ балки ўзи сотиб олади 500 сўмга. Ўйнолмаса, Хитой ёки Қатардан бошқа битта бойни топиб, 700 сўмга сотишади. “Анжи” ўйнатиб тургани учун 200 олади, агентлар эса 500. Буни бизнес дейишади.

Достон “Бунёдкор”га керакми?

Менимча, йўқ. Эрга тейишга аҳд қилган қизни умуман тўхтатиб бўлмаганидек, Достоннинг бўйнига арқон солиб олиб келсангиз ҳам, энди жон куйдириб ўйнамайди. Яхшиси, уни сотиш керак. Шуниси тўғри йўл.

Элдор Шомуродов билан ҳам шундай бўлганди. Фақат иш анча димломатик йўл билан амалга ошган. “Бунёдкор” оёқ тираб туриб олганида, Элдор ярим йилдан кейин деярли текинга кетарди. Буни билиб турган Тошкент клуби футболчини трансфер қилди ва бироз пул ишлаб олди. Достон эса 1 йил қолганида суриб қолди. Бироқ “Бунёдкор” бунда 300 сўмга рози бўлолмайди.

Чунки ФИФА низоми бор. 23 ёшга тўлмаган футболчи шу кўринишда кетяптими, янги клуби уни тарбия қилган клубга машғулотлар компенсациясини тўлаб бериши керак. Футболи ривожланганлигига қараб бу 4 хил бўлади. Кимдадир йилига 2 минг доллар, кимдадир 10, кимдадир 60 ва яна кимдадир 90 минг. Масалан, биздаги футбол ва нарх-наводан келиб чиқиб, академиялар футболчи учун йилига 10 минг доллар сарф этади, деб ҳисобланади. Россия клубларида эса бу 90 мингни ташкил қилади. Демак, “Анжи” Достоннинг ҳар бир йили учун Тошкент гранди ҳисоб рақамига 90 минг ўтказиши керак.

Достон “Бунёдкор” футбол мактабига 13 ёшида келган, яъни, 9 йил олдин. 13, 14 ва 15 ёши учун “Анжи” йилига 10 мингдан, жами — 30 минг тўлаши лозим. Қолган 6 йилининг ҳар бирига эса 90 мингдан, жами — 540 минг. Демак, тарбия қилгани учун ҳам “Бунёдкор” 570 минг санаб олади. Бунга энди юқоридаги 300 сўмни ҳам қўшасиз. Хўш, Россия клуби бу суммага туриб бера оладими? Менимча, “Анжи” бундай вақтда четга чиқиб олади, агентларга эса осон бўлмайди. Чунки…

Низом

…чунки бу ерда қонунбузарлик бор. Бу фақатгина “Бунёдкор”нинг муаммоси эмас, агар шундай ишлар давом этса, футболчи ютади, агентлар ютади, бизнинг клублар, пировардида эса ўзбек футболи ютқазаверади. Нима демоқчиман, садоқат ҳақида балладалар ёзиш шарт эмас. Шунчаки, ҳаммаси тўғри бўлиши керак. Достон “Бунёдкор” учун ўйнагани рост, аммо “Бунёдкор” уни Достон Ҳамдамов қилмагунича, у аслида ҳеч ким бўлмагани ҳам ҳақиқат. Балки 24 ёшгача сабр қилиш керакмиди…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ДОСТОН ҲАМДАМОВ «БУНЁДКОР»ДАН ҚАРЗДОРМИ?"

  1. O’zbek fudbalistlari hammasi xalqdan qarzdor toki JCh ga chiqmasa

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*