АССАЛОМ, ФУТБОЛ БАҲОРИ ЁХУД ШИДДАТ ВАЪДА ҚИЛАЁТГАН ТУР

fannn

Ниҳоят, барчамиз интиқлик билан кутган дамлар етиб келди. Ўлкамизга уйғониш, яшариш фасли бўлмиш баҳорнинг кириб келиши мамлакатимизда янги футбол мавсуми старт олишини англатади. Баҳорнинг илк куни – 1 мартдан юртимизда «футбол атмосфераси» ҳукм сура бошлайди. «Аввалгиларга ўхшамас» деганларидек, бу сафарги мавсумнинг бошланиши ўзига хос тарзда кечиб, барча учрашувлар орзу қилганимиздек ТВ орқали жонли эфирда намойиш этилади. Қуйида Суперлиганинг дастлабки тур олди шарҳи билан танишинг.

Суперлига. 1-тур

1 март (пайшанба)

«Қизилқум» – «Локомотив»

Бош ҳакам: А.Асимов (Тошкент)

Стадион ва ўйин вақти:

Навоий, «Ёшлик», 18:00.

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Шарҳловчи: Фаррух Расулов

Имкониятлар: 30/35/35

Ўйиндан нима кутамиз?

Навоийдаги “Қизилқум” – “Локомотив” ўйини Суперлиганинг илк баҳси сифатида тарихга киради. “Олтин изловчилар” ўзларидан анча тажрибали бўлган “Темирйўлчилар”га қарши баҳсда бир очко қўлга киритишса, буни муваффақият сифатида қабул қилишлари мумкин. Зеро, ОЧЛ иштирокчиси амалдаги чемпион сифатида Навоийга фақат ғалабани кўзлаб келиши тайин. Аммо мавсумнинг бошланишида ҳар қандай сенсацион натижа кутиш мумкинлигини унутмайлик.

 

«Нефтчи» – «Насаф»

Бош ҳакам: Р.Эрматов (Тошкент)

Стадион ва ўйин вақти:

Фарғона, «Истиқлол», 20:00.

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Шарҳловчи: Мурод Ризаев

Имкониятлар: 30/35/35

Ўйиндан нима кутамиз?

Навоийдаги амалдаги чемпионнинг ўйинидан кейин бор эътибор Фарғонадаги “Нефтчи” – “Насаф” “жанги”га қаратилади. Бош мураббий Сергей Ковшов айтганидек, чемпионликни мақсад қилган янгиланган “Нефтчи” “Насаф” билан ҳам фақат уч очко учун кураш олиб боради. Шу куни муҳташам “Истиқлол” стадионидаги мухлислар водий клубининг 12-ўйинчиси бўла олишса, “Нефтчи” 1-тур сенсациясини қайд эта олиши мумкин. Аммо ОЧЛда катта тажриба тўплаган Қарши клуби Фарғонадан “ўлжа”сиз қайтишга рози бўлмаса керак. Демакки, ушбу эътиборли ўйинни ё стадионда, ё “Спорт” телеканали орқали томоша қилишни унутманг.

 

2 март (жума)

«Пахтакор» – «Сўғдиёна»

Бош ҳакам: Т.Тўхтасинов (Андижон)

Стадион ва ўйин вақти:

Тошкент, «Пахтакор», 20:00.

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Шарҳловчи: Хайрулла Ҳамидов

Имкониятлар: 45/30/25

Ўйиндан нима кутамиз?

ОЧЛдаги мағлубиятдан кейин дарғазаб юрган “Пахтакор” аксига олиб ҳали таркиби тўлиқ шаклланиб улгурмаган “Сўғдиёна”га қарши саф тортади. “Оч шер” каби кўринаётган Тошкент клубининг “Яшил бўрилар”га қарши “жанги”да вазнлар тоифаси турлича эканлиги ҳозирданоқ кўринмоқда. Мураббийлар Арвеладзе – Мочинов қарама-қаршилигида ҳам грузин мутахассисининг “тоши анча босмоқда”. Пойтахтдаги баҳсда Суперлигага қайтарилган Жиззах жамоасига осон бўлмаслиги ойдек равшан.

 

3 март (шанба)

«Бухоро» – «Қўқон-1912»

Бош ҳакам: В.Цейтлин (Тошкент)

Стадион ва ўйин вақти:

Бухоро, «Бухоро СМ», 17:30.

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Шарҳловчи: Фаррух Расулов

Имкониятлар: 35/35/30

Ўйиндан нима кутамиз?

Турнинг марказий баҳсларидан бири Бухорода ўтади. Ўтган мавсумда ўзаро принципиал рақибларга айланган “Бухоро” ва “Қўқон-1912” клублари жорий йилда ҳам таркиб ва имконият борасида деярли тенг жамоалардек гавдаланмоқда. Бундай рақиблар ўйинида эса омад фақат кучлиларга боқмайди. Мутахассислар Бақоев – Ҳасанов “дуэли” ҳам кўпчиликнинг эътиборида. Бу “жанг”ни “Бухоро амирлиги” ва “Қўқон хонлиги” даражасиги кўтаришдан йироқ бўлсакда, кўҳна шаҳардаги тўқнашувнинг ҳарорати ҳозирдан сезилаётганидек.

 

«Бунёдкор» – АГМК

Бош ҳакам: З.Қодиров (Навоий)

Стадион ва ўйин вақти:

Тошкент, «Бунёдкор», 20:00.

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Шарҳловчи: Зафар Қосимов

Имкониятлар: 35/35/30

Ўйиндан нима кутамиз?

Миржалол Қосимов жамоаси сингари Виктор Кумиков шогирдлари хам бу баҳсга тайёргарликни хорижда ўтказишди. Таркиб жиҳатдан “Кончилар” “Қалдирғочлар”га нисбатан кўпроқ ўзгаришларга қўл уришди. Ҳар икки томон ҳам асосий мақсади совриндорлар сафига кириш эканлигини эълон қилганлигини инобатга олсак, турнинг сўнгги қарама-қаршилиги ҳам шиддат ваъда қилмоқда. Айнан ушбу баҳс дастлабки саволларга жавоб бериб, илк хулосаларни тақдим этиши кутилмоқда.

 

4 март (якшанба)

«Металлург» – «Навбаҳор»

Бош ҳакам: В.Серазитдинов (Тошкент)

Стадион ва ўйин вақти:

Бекобод, «Металлург», 15:30.

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Шарҳловчи: Дилшодбек Тўхтабеков

Имкониятлар: 30/40/30

Ўйиндан нима кутамиз?

Жума куни ўтиши лозим бўлган Бекободдаги учрашув, ўйингоҳ ёритгичлари талаб даражасида эмаслиги боис, якшанба кунга кўчирилди. Афсуски, чемпионатнинг бошидан бундай муаммолар чиқаётгани ПФЛ фойдасига ишламаслиги аниқ. “Металлург” “ҳомийдоши” “Пахтакор”нинг жуда кўп футболчиларни ўз сафига қўшиб олиб, яхши таркибга эга бўлди. Энди бу олдинги “Металлург” эмас. Шундай экан, “Навбаҳор”га қарши баҳс анча шиддатли кўриниш олиши аниқ. Наманган клубининг олдига ҳам вилоят ҳокими томонидан чемпионлик вазифа қилиб қўйилганлиги эълон қилинди. Бундай мақсадга эга клуб эса бошидан 3 очкони жамғариб бориши шарт. Кўрамиз, мақсадлар имкониятларга қай даража мос келаркин?

Хулоса шуки, футболимизга жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилаётган ушбу мавсумнинг бошланишини сиз ҳам стадионга бориб, севимли жамоангизни қўллаб-қувватлашдан бошланг. Стадионда кўришгунча!

Усмон ИБОДОВ

Фикрлар "АССАЛОМ, ФУТБОЛ БАҲОРИ ЁХУД ШИДДАТ ВАЪДА ҚИЛАЁТГАН ТУР"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*