Диёр Имомхўжаевдан: Кападзе МТЖ учун ёмон вариантми?

kopadzee

Тимур Кападзе миллий терма жамоага вақтинчалик бошчи бўлгач, танқидлар кўпайиб кетди. Мен негадир бунда ёмон бир жиҳат кўрмадим.

Хушимиз ва имкониятимиз

“Кавказ асираси” фильмида яхши жумла бор: “Хушимиз имкониятларимизга тўғри келиши учун ичамиз”. Тушунишимча, имкониятимиз Карлуш Кейруш даражасидаги мутахассисни Ўзбекистонга олиб келиш учун етади. Қолаверса, унга хушимиз ҳам бор. Бироқ вазият шундайки, жимжитлик романидан бир парча ўқиб туришга маҳкуммиз.

ЎФА баёнотини ўқиганимдан кейиноқ буни тушуниб бўлгандим, яъни, ЖЧ-2018 якунига қадар ҳамма кутаётган мураббий Тошкентга келмайди. Бироқ ўртада Сенегал, Марокаш ва Эронга қарши ўртоқлик ўйинлари бор. Демак, яна кимдир вақтинча бош мураббий бўлади. Ва кўрдимки, бундай тушунмаганлар бор. Айтилган муддатда мураббий олиб келинмади, деб жар солинди. Умуман олганда, тўғри ёзилди. Бироқ ҳолатга реал кўз билан қаралса, ўша мураббийни олиб келишнинг имкони ҳозирча йўқ. Чунки у мундиалда иштирок этадиган 32 мураббийдан бири экан. Яхши-ку…

Яна Бердиевми ёки Қосимов?

Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев каби мутахассислар иш билан банд. Уларнинг шундоқ ҳам ташвиши кўп. Ўтган сафар Бердиев термага олиб келинганида ҳам мухлисларга ёқмаганди, “Насаф” машғулотсиз қолиб кетади-ку, деб. Мана, ишлаётганлар безовта қилинмаганди, Кападзе нега керак қабилидаги фикрлар жаранглади. Вақтинча ким тайинланиши мумкин деб ўзимга савол бериб, қуйидаги номзодларни хаёлимга келтиргандим: Рауф Инилеев, Жасур Абдураимов, Тимур Кападзе, Андрей Фёдоров. Тепадаги икки мутахассис банд экани ҳақида айтдим, Абрамовни ЎФАнинг ўзи четлаштирди. Мирсодиқов, Шквирин вариантларини ҳарчанд уринмай, ўзимни кўндира олмадим. Рауф Талгатовичда бироз бўлса-да, бетоблик бор. Демак, қолган уч вариантдан бирини танлаш керак. ЎФА Кападзени танлади. Менимча, қолган иккисидан бири танланганида ҳам ўша-ўша норози фикрларга дуч келардик, шундай эмасми? Аммо тушунинг, Кейрушми, Марвейкми, хуллас, ким бўлса ҳам ёзгача келолмайди. Мажбурмиз борига шукр қилишга.

 Тажриба?

Тажрибали мураббий ҳозир нега керак? Тепада тажрибалилар иш билан экани ҳақида айтдик. Ва албатта биз Кападзедан ЖЧ—2022 чиптасини ёки Осиё Кубоги ғолиблигини талаб қилаётганимиз йўқ. Ўша тажрибали Бердиевга ҳам осон бўлмаганди БАА билан ўйинда. Бордик, ютқаздик, қайтдик.

Копа эса яқиндагина футболни тугатди. Бизга унинг тажрибаси эмас, потенциали керак. Яъни, Кейрушми, Марвейкми келганида, катта эҳтимол билан ёрдамчисига айланади. Ўқишини давом эттиради, тажрибали мураббий қаноти остида кўп нарсаларни ўрганади ва албатта қачонладир фойдаси бизга тегади, тўғрими?

Кападзе яна мураббийлар билмаган нарсаларни билади. Ечиниш хонасида мураббий бўлса футболчилар бошқа, усиз умуман бошқа мавзуда гаплашади. Ҳозир Копа ўша хонадаги барча гапдан, муаммолардан хабардор. Алибоевнинг асл кучи қанча-ю, Ғаниев нимага қодир, Сервер яна қанча югура олади — Кападзе яхши билади. Демак, бу вариант ҳақида ўйлаб кўриш мумкин. Жуда талвасага тушадиган ҳолатни кўрганим йўқ.

Ёрдамчилар

Кападзе истаса ҳам, истамса ҳам Суперлига клубларининг мураббийлари билан келишиб ишлайди. Фақат ўзи қарор қабул қилмайди. Ва катта эҳтимол билан, ўша ЎФА билан келишган сирли мураббий билан алоқа ўрнатади. Режалар борасида фикр алмашади, футболчиларнинг ҳолатидан бохабар қилади, умуман, ўзбек футболидаги жиҳатларни унга етказиб боради. Сирли мураббий Жепаровни ҳам, Ҳайдаровни ҳам, Кападзени ҳам танийди. У айтади, Осиё Кубогида менга Сервер ёки кимдир керак эмас ёки аксинча, деб.

Биз эса унгача сабр қиламиз. Ишонтиришларича, ҳаммаси ҳал бўлган. Мадомики расмий ўйинлар йўқ экан, нима фарқи бор ҳозир келадими ёки Жаҳон Чемпионатидан кейин, тўғрими?

Ваъда

Онам ёқтириб қолган бир буюмни олиб беришга ваъда қилдим, бироқ у бизда йўқ эди, четдаги дўстлар ёрдамида буюртма бердим. Менга боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли, ўша буюмнинг келиши кечикди. Мен айтган вақтимга олиб кела олмадим.

Аммо мен онамни алдамагандим. Буюм кечикиб бўлса-да, етиб келди. Ҳаммаси қўлимда бўлса, кечиктирмасдим албатта. Сизга савол: агар онамни алдамаган бўлсам, шу вазиятда менинг айбим нима? Агар умуман келмаганида ҳеч қандай баҳонам ўтмасди, қўлимдан келмаган бўлиб қоларди. Менимча сиз гап нима ҳақида кетаётганини тушундингиз. Ҳаммаси ҳам ўзимизга боғлиқмас-да, афсуски…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "Диёр Имомхўжаевдан: Кападзе МТЖ учун ёмон вариантми?"

  1. Rost gap bizga murabiyni qachon kelishi muhim emas natija muhim qolgani ikkinchi darajali

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*