ИБРАГИМОВИЧ ВА «ПСЖ»ГА АТАЛГАН ОЙ

ibra

“Эрудит СПОРТ” нашри “Кучли бешлик” чемпионатларининг апрель ойи натижаларини сарҳисоблаб, “Энг яхши футболчи”, “Энг яхши жамоа” ва “Ойнинг рамзий терма жамоаси”ни аниқлади.

“Ойнинг энг яхши футболчиси” – Златан ИБРАГИМОВИЧ (“ПСЖ”)

Жамадонини тахт ҳолатга келтириб, бошқа биринчиликка “кўчиб ўтишга” ҳозирлик кўраётган ҳужумчи охир-оқибат ўз сўзини айтди. Қайд этиш керакки, апрель ойида “Кўҳна қитъа” футболининг “наҳанглари” йўқотган ўйинини топишга муваффақ бўлганди. Бироқ мавсум якунларига кўра Франция чемпионатининг “Энг яхши ўйинчиси”, деб топилган “ПСЖ”нинг “отахон” форварди барчадан ўзиб кетди. “Милан”га қайтишни режалаштираётган футболчи ўзи иштирок этаётган уч матчни ҳам кўтаринки руҳда ўтказгани аҳамиятлидир. Ҳужумчи ой давомида яшил майдонда 270 дақиқа ҳаракатланиб, уларда 9 очкога (7 гол+2 пас) эга бўлди. Бир матчда рақиблар дарвозасига ўртача ҳисобда 4,8 зарба йўллаб, 79,1 фоиз аниқ узатмаларни амалга оширди. Ҳар қандай услубда гол урадиган ўйинчи уч маротаба “Учрашувнинг энг яхши футболчиси”га айланган.

Кучли бешлик

Футболчилар орасидаги “Моуриньо”дан кейинги ўринларда “Сантьяго Бернабеу” ўйингоҳида ўзининг 200-голини киритган “тренажёр зали ўйинчиси” – Роналду (8,5 балл), яна бир мавсум “Ювентус”да қолиш ниятидаги Погба (8,5 балл), Премьер-Лиганинг янги чемпионларини олқишлашга ошиқмаётган Агуэро (8,4 балл), ўзининг “юбилей” – беш юзинчи голини уриб, хурсанд бўлолмаган Месси (8,3 балл), қатор топ-клубларнинг “радари”да турган Мхитарянни (8,3 балл) учратиш мумкин.

Мавсум мобайнида ўн тўрт маротаба “Матчнинг энг яхши футболчиси”, деб топилган “Реал” Мадрид футболчиси 360 дақиқада 5 очко (3 гол+2 пас), дриблинг бобида унча-мунча ҳамкасбига “дарс берадиган” Поль 436 дақиқада 6 очко (2 гол+4 пас), Гвардиоланинг ташрифига тадорик кўраётган Серхио 409 дақиқада 7 очко (7 гол), “Барселона”нинг “ишонган тоғи” Лионель  540 дақиқада 8 очко (3 гол+5 пас), мавсум давомида тўққиз позицияда чурқ этмай тўп тепган Генрих 405 дақиқада 7 очко (2 гол+5 пас) жамғаришнинг уддасидан чиққан. Чарм тўп усталари орасида муваффақиятли узатмаларни амалга оширишда Роналду етакчи – 84,7 фоиз.

“Ойнинг энг яхши клуби” – “ПСЖ”

Эътиборлиси, охирги ойларда “Кўҳна қитъа”нинг энг яхши жамоасига айланиб турган “Реал” Мадрид апрелда “тахт”дан тушди. Тўғри, Чемпионлар Лигасининг финалига йўл олган клубнинг рейтинги 7,24 баллдан 7,25 баллга етди. Бироқ Лоран Блан бошчилигидаги “ПСЖ”нинг рейтинги 7,21 баллдан 7,27 баллга кўтарилди. Яъни “янги бойлар” Зидан устозлигидаги “Қироллик клуби”дан икки ҳисса кўпроқ тер тўккан. Парижликлар ҳар бир матчда рақиблар дарвозасига ўртача 14,9 (ўтган ойда 14,5 зарба) маротаба зарба йўллади. Бундан ташқари жамоанинг 89,5 фоиз узатмаси (ўтган ойда 89,4 фоиз) муваффақиятли чиққан.

“Реал” Мадриднинг кўрсаткичлари бу сафар пасайган: зарба ижроси бир матч-да ўртача 18,8 (ўтган ойда 19,1) тани ташкил этган. Француз мутахассиси Зинедин Зидан шогирдлари томонидан узатилган 86,6 фоиз “пас” (ўтган ойда ҳам 86,9) манзилига аниқ етиб борган. Учликни Испания чемпионлиги остонасида турган “Барселона” клуби якунлайди. Каталониялик футболчилар рақибларга қарши ҳар ўйинда ўртача 16 зарба (ўтган ойда 15,8) ва 86,8 фоизли муваффақиятли “пас” ни (ўтган ойда 86,6) амалга ошириши клубга 7,22 (ўтган ойда 7,20) балл келтирган.

Умуман, топ-10 дан “Бавария” (7,12 балл), “Атлетико” Мадрид (7,08 балл),“Боруссия” Дортмунд (7,08 балл), “Лестер Сити” (7,07 балл), “Арсенал” (7,06 балл), “Ювентус” (7,05 балл), “Тоттенхэм” (7,03 балл) клублари жой олди. Кучли ўнликка киришга интилаётган клублар қаторида “Манчестер Сити”, “Лион”, “Байер-04”, “Наполи” ва “Рома” жамоаларини кўриш мумкин.

Тўп назорати бўйича энг яхши жамоа номи ҳамон ўзгаргани йўқ. Гвардиоланинг собиқ “Бавария”си бир ўйинда ўртача 66,6 фоиз тўпга эгалик қилган.

Ойнинг рамзий терма жамоаси:

Эмилиано Вивиано (“Сампдория”, 7,8 балл) – Майкл Антонио (“Вест Хэм”, 8 балл), Стофира Сунзу (“Лилль”, 8 балл),  Лоран Косьельни (“Арсенал”, 7,8 балл), Филипе Луис (“Атлетико Мадрид”, 8,2 балл) – Лионель Месси (“Барселона”, 8,3 балл), Поль Погба (“Ювентус”, 8,5 балл), Генрих Мхитарян (“Боруссия” Дортмунд, 8,3 балл), Криштиану Роналду (“Реал” Мадрид, 8,5 балл) – Серхио Агуэро (“Манчестер Сити”, 8,4 балл), Златан Ибрагимович (“ПСЖ”, 9,9 балл).

Улуғбек тайёрлади.

Фикрлар "ИБРАГИМОВИЧ ВА «ПСЖ»ГА АТАЛГАН ОЙ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*