ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҚОРБОБОГА ОЧИҚ ХАТ

Эртаклардаги уч тилакни яхши биласиз. Кимдир олтин балиқ ушлаб олади-ю, исталган 3 та тилагини айтиши мумкин бўлади. Баъзида шамчироқнинг ичидан чиққан дев шундай имкон яратади.

Доим ўйлаб юрардим, менга ҳам шунақаси учраб қолса, қайси 3 та тилагимни айтсам экан деб. Бироз каттароқ бўлиб, олтин балиқ ёки девни алдаш фикри туғилди. Тушуниб етдимки, биринчи тилагимда 3 та эмас, истаганимча орзуларимни баён қилишини буюраман, буёғи ВИП. Олтин балиқ яхшиси қовуриб еб қўя қолишимни, жин шамчироқни отиб юборишимни сўрар балки, тўғрими? Майли, ҳазил ўз йўлига. Бугун фантастик жангрининг бошқа қаҳрамони — қорбободан фойдаланмоқчиман. “Эрудит Спорт”да чиқиш қилиб, миллион доллар сўрасам, қорбобо аниқки, бошқа қиладиган ишинг йўқми, деб жавоб беради. Ҳаммаси “в тему” бўиши учун, футболда бир нарсаларни сўрай қоламан.

Қорбобо, шундай қилгингки, орамизда ғирром одамлар камайсин. Улар ўғлининг ёшини кичиклаштириб, жиноят ботқоғига ботмасин, одамларни, ўзини, миллионлаб футбол мухлисларини алдамасин. Ахир шундайлар касрига футболимиз бир жойига кириб кетай деди. Тушларида бу қилмишлари уюшган жиноятчилик экани борасида ҳикоялар кўришсин. Чунки бу бир неча киши томонидан келишиб қилинадиган иш: ўғил, ота, она, мураббий, ўқитувчи ва ҳоказо.

Яна шундай бўлсинки, футбол клублари тезроқ катта бўлсин. Ўзи пул топсин, ўзи оила тебратиш ҳақида ўйласин. Шундай бўлмаса, улар олдинга қадам ташлаш ҳақида ўйламаяпти. Давлатдан тайёр пул келиб турса, мухлислар билан ишлаш, чипталар савдоси, ҳомийлар топиш масаласида бир силжиш бўлмаяпти. Кўряпмиз-ку, ривожланган мамлакатларда клублар давлатдан бир тийин ҳам олаётгани йўқ. Бизнинг шароитда эса давлат қорбоболардан ҳам меҳрибон. Улар ярим куч билан тўп тепадиган кап-катта одамларга миллионлаб совғалар бераверади.

Қорбобо, чолларга ўзинг инсоф бергин. Қариган чоғларида пулларга, амалларга аралашмай, уйларида файзлигина бўлиб, фарзандларини, набираларини дуо қилиб ўтиришсин, у дунёлари ҳақида қайғуришсин. Ўтган футболчиларга ҳайкал қўйишдан ҳам муҳимроқ ишлар борлиги ҳақида унутишмасин. Ахир биздан Пеле ёки Марадона чиққан эмас ҳайкал қўядиган. Улар тушунсинларки, ўлганлар устиларидаги зил-замбил тошга эмас, дуо ва хайрга муҳтожликларини. Кўряпмиз-ку, ўликларни азоблаётган мавзулар устида тириклар қир-пичоқ бўлиб юришибди.

Айтайми яна нима истардим, одамларга инсоф беришини. Кимнидир ҳақорат қилишдан, бир нимада айблаш олдидан ақлларини озгина ишлатиб кўришларини. Танқид, эркин фикр, позиция, принциплар муҳим. Бироқ ҳамма нарсада асос, факт, таҳлил бўлгани маъқул. Сайтнинг ортига бекиниб, турли бўҳтон-у, ҳақоратлардан тийилмайдиган ҳезалаксифат одамлар камайсин. Ҳамма нарса ниятга боғлиқ дейишади. Ниятлари кўринмай туриб азоб бериш бўлса, қайтими ўзларида бўлсин. Ўзини босиб олган, ўткир фикрларини ҳақоратсиз айта оладиган, майна бўладиган ишлардан узоқда турганлар омон бўлсин.

Откад устига ин қурганлар жилла қурса айбини тушуниб етсин. Футболчиларни Туркия ёки Дубайга жўнатиб, у ердаги меҳмонхона-ю майдонлар нархи устига нарх қўйиб, ўз чўнтагини халқнинг пули билан қаппайтириб юрганлар бўлса, инсофга келсин. Кўпники ёмон уришини тушуниб етсин. Четдан келганларни ўзимизнинг отелларга жойлаштиришда ҳам даллоллик қилиб бойиб юрганлар, чиптани атай олиб-сотарлар қўлига бериб, мухлисларни қийнаб, ўзи роҳатда юрганлар айбинини тушуниб етсин.

Иложи бўлса, ўйинларни сотиб, тотализатордан пул кўтариш учун футболни, футбол ортидан минглаб одамларни майна қилиб юрганлар ҳам қандайдир ажойибот билан иллатидан тийилсин. Топилган бу пуллари луқма билан ҳалқумларига қандай кираётганини ўйлаб, кўнгиллари озиб кетсин.

Хаёлимга келгани шулар бўлди, қорбобо. Болалик вақтимда борлигингга зўр ишончим бўлган. Кейин бирдан катта бўлиб қолдим. Мен сендан кимнидир жазолашни сўрамадим, адолат қарор топадиган кунда ҳар ким қилмишига яраша жазо олажагина балки сен ҳам биларсан.

Ҳа, тилагим бор. Нияти пок, яхши йўлни ҳаммасидан афзал биладиган, ҳалол меҳнатим билан барчасига эришамаган деб ўйлайдиган барча-барчанинг ишларига ривож, оилаларига тинчлик, соғлиқ ва қут-барака тилаб қоламан. Эски йилдаги айбларимиз учун кечиринг. Янги йилингиз билан!

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

2 Фикрлар "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: ҚОРБОБОГА ОЧИҚ ХАТ"

  1. Yaxshi maqola bólgan tagida kóp mano bor deb óylayman

  2. Ajoyib maola bulibdi bu qorbobo va qari bobolarga insof bersin Uzb futboli rivojlansin Ramat Diyorbek! Maqolazni har doim kutamaiz

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*