ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «ЛИВЕРПУЛЬ» — «ЧЕЛСИ», «ВАЛЕНСИЯ» — «БАРСА», «МОНАКО» — «ПСЖ»ГА ҚАРШИ

 “Эрудит СПОРТ” нашри қуйида томошабоп ўтиши кутилаётган тўрт тўқнашувни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:

№4-матч: “Бернли” – “Арсенал”

26 ноябр, якшанба, соат: 19:00

ТВ-трансляция: Футбол ТВ

Ўзаро учрашувлар:

27 ҒАЛАБА 18 ДУРАНГ 37 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Барнли” – “Арсенал” 0:1 ва 1:2

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Барнли” – “Арсенал”

91,50 миллион евро VS 508 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Премьер лигада зўрға жон сақлаб қолган Шон Дайч ва унинг “Барнли”си мавсумни сенсацион ғалаба билан бошлади – амалдаги чемпионлар таслим этилди. Тарих ёзишга киришган “Тўқ қизиллар” шу билан кифояланмади. Кейинги турларда “Ливерпуль” ҳамда “Тоттенхэм”дан очко тортиб олди. Олти баҳсда дарвозасига гард юқтирмади. Диққатга сазоворлиси, ўн бир ўйинда ўтган мавсумда тўплаган очколарининг тенг ярмини қўлга киритди. Ўз-ўзидан бу Дайч жаноблари қўл остидаги жамоани “чақилмас ёнғоқ”қа айлантирганини англатади. Тўғри, “Канонирларл” “Тўқ қизиллар”нинг тўплар нисбатидан (10-9) енгил нафас олиши мумкин. Аммо Арсен амакининг кўнглига ғулғула соладиган натижалар ҳам борки, унга кўз юмиш ярамайди: меҳмондаги матчларда атиги 22 фоизлик натижага эришмоқда. Яна “Арсенал” сўнгги уч меҳмондаги баҳсда дарвозасидан камида икки тўп олиб чиққан.

 

№3-матч: “Монако” – “ПСЖ”

26 ноябр, якшанба, соат: 01:00

ТВ-трансляция: Спорт ТВ

Ўзаро учрашувлар:

41 ҒАЛАБА 25 ДУРАНГ 16 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Монако” – “ПСЖ” 3:1 ва 1:1

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Монако” – “ПСЖ”

267,40 миллион евро VS 648,40 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Франция чемпионатининг айни дамдаги икки гиганти орани очиқ қилиши ҳам томошабоп тўқнашувни туҳфа этишига шубҳа йўқ. Неймарнинг “ПСЖ”ни бошига кўтараётгани, клубни елкамни чуқури кўрсин қабилида иш тутаётгани “фони”да яқин таъқибчисига уч очкони “совға” қилиши ҳеч гап эмас. Бошқа томондан, Унай Эмери шакллантирган жамоа икки марта қоқилди. Энг кўп легионер эвазига “ПСЖ”ни тахтдан туширган “Монако” ўзаро учрашувда очколар тавофутини қисқартириш имконини кўкка совурмасликка енг шимариб киришади, албатта. Шуни айтиш керакки, “Князликлар” мезбонлигида ўтган 16 беллашувнинг ўн бештасида майдон эгаларининг қўли баланд келган. Устига-устак, “Луи II” ўйингоҳида ўтган ўша ўйинларда Леонарду Жардим шогирдлари минимум “дубл” қайд этади. Бир вақтнинг ўзида Лига 1да “ПСЖ” ҳам “гол машинаси” номига даъво қилмоқда. Испан мутахассиси қўл остидаги футболчилар жой танламайди. Улар рақибга қақшаткич зарба беришни билади холос. Қизиқ, қайси клуб рақибининг “ноғорасига ўйнайди”?

 

№2-матч: “Валенсия” – “Барселона”

26 ноябр, якшанба, соат: 00:45

ТВ-трансляция: УзРепорт ТВ

Ўзаро учрашувлар:

42 ҒАЛАБА 42 ДУРАНГ 81 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Валенсия” – “Барселона” 2:3 ва 2:4

Имконият: 30/30/40

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Валенсия” – “Барселона”

181,80 миллион евро VS 706,50 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

Мавсумлар оралиғида “Валенсия” таркибини ўн уч нафар футболчи тўлдирди. Ўшанда маҳаллий мухлисларнинг боши қотганди: жамоани кучайтириш йўлидаги бу уринишлар яна омадсизликка юз тутмайдими? Ла лига карвони йўлга тушди, манзилнинг қарийб тўртдан бири босиб ўтилди ва “Кўршапалаклар” еттинчи осмонда учиб юрибди. “Барселона” эса 70-йиллик рекордини такрорлаган рақибини осмондан ерга тушириб қўйишга ҳозирлик кўрмоқда. Эътиборлиси, Марселино мураббийлигидаги “Валенсия” на муваффақиятли узатмалар, на дарвозага зарба йўллаш, на тўп назоратида Примеранинг кучли бешлигида қораси кўринади. Ўз навбатида, мутахассис Эрнесте Вальверде танлови ҳам етарлича эътирозларга сабаб бўлганди. Бироқ “Барса” кўрсатаётган ўйин жамоа ишончли қўлларда эканидан далолат бермоқда. Мураббий мағлубиятсиз ўйинлар серияси ўн олтига етишига ҳисса қўшди. Хўш, Испания чемпионатида энг ёш жамоа бўлиб турган валенсияликлар ғалабани ўз томонига оғдирадими ёки каталон клуби мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олади?

 

№1-матч: “Ливерпуль” – “Челси”

25 ноябр, шанба, соат: 22:30

ТВ-трансляция: Футбол ТВ

Ўзаро учрашувлар:

67 ҒАЛАБА 33 ДУРАНГ 49 ҒАЛАБА

Сўнгги учрашув: “Ливерпуль” – “Челси” 2:1 ва 1:1

Имконият: 30/40/30

Жамоаларнинг трансфер қиймати:

“Ливерпуль” – “Челси”

514,50 миллион евро VS 631,90 миллион евро

Ўйин ҳақида икки оғиз:

  Мавсум стартида “Ливерпул” кутилганидан кўпроқ очко йўқотишга мажбур бўлди. Юрген Клоппни грандларга қарши тўқнашувларда омади чопмаяпти. Эсингизда бўлса, бир йил аввал бу борада пичоғи ёғнинг устида эди. Шу кеча-кундузда эса фақат ўз уйида ишончли ўйин кўрсатяпти: ўн беш очколик имкониятдан ўн бир очко тўплади. Қизиқ томони, жамоа ҳимояси мухлислари кўз ўнгида “ўзини йиғиштириб олади”: беш ўйинда бор-йўғи бир гол ўтказиб юборган. Яна бир факт: худди шу қарама-қаршилик Клопп учун “Қизиллар” постидаги 120-матч бўлади. Албатта, рақиб томон ҳам “юбилей” экан, деб қўл қовуштириб турмайди. Айниқса, “тегирмон навбати билан” қабилида иш тутаётган Конте. Синьор Антонио ўтган мавсумда енголмаган ҳамкасбларини энди “бир ёқлик” қиляпти. Бундан ташқари, “Аристократлар” меҳмонда ўзини сувдаги балиқдек ҳис этмоқда: 7 учрашувнинг 6 тасида рақиб майдонидан “ўлжа” билан қайтган.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ,  «Эрудит СПОРТ» газетасидан.

Фикрлар "ҲАФТА ЎЙИНЛАРИ: «ЛИВЕРПУЛЬ» — «ЧЕЛСИ», «ВАЛЕНСИЯ» — «БАРСА», «МОНАКО» — «ПСЖ»ГА ҚАРШИ"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*