ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: МТЖ ЎЙНАБ ОЛДИ, «НАСАФ» — «ПАХТАКОР» НИМА БЎЛАДИ?

Жиддий эътибор бериш ва куюниш шарт эмас. Биз шунчаки навбатдаги ўртоқлик ўйинида имкониятни бой бердик. Ҳеч нарса топмадик ва ҳеч нима йўқотмадик. Мен Ўзбекистон термасининг Ал-Айндаги мағлубияти ҳақида гапиряпман.

Ўйинга қизиқиш қандай эканини маҳаллий мухлисларнинг ўзи кўрсатиб берди. Яъни, мухлисларнинг унини эмас, ўзбекистонлик футболчиларнинг русча мулоқотини Ўзбекистондан туриб бемалол эшитиб турдик. Кимсан Альберто Дзаккерони ҳам Амирлик термасидаги дебютини деярли шундай бошлаб, 4 кун олдин Гаитига имкониятни бой берганди минимал ҳисобда. Демак, фақатгина Олий Лига футболчиларидан тузилган ва йиғилганига 4 кун бўлган жамоадан оламшумул бир нима кутиб бўлмасди.

Агар ЎФФ хориждан мутахассис топиб, у билан аниқ бир мақсад йўлида келишувга эришиб улгурганида эди, футболчилар бошқача тўп сурарди чамамда. Уларда янги мураббийга ўзларини кўрсатиш стимули ҳар қалай пайдо бўлиши мумкин эди. Рўзиқул Бердиев қанчалик тажрибали бўлмасин, унинг миллий термада вақтинчалик эканини ҳамма билиб турганди. Ҳозир Олий Лигадаги йигитлар асосан келаси 2 та турни қандай якунлаб олишни ўйлаб ётибди. Ахир, чемпионат тугашига 4 та тур қолганида оламшумул ўзгаришлар бўлиб кетди. Мана шундай бир паллада БАА билан ўйин аҳамият жиҳатидан учинчи даражали бўлиб қолганди.

Мен нега ўйнадик, деган фикрни илгари суриб, ЎФФни танқид қилмоқчи эмасман. Аксинча, миллий терма жамоага ва ФИФА кунларига эътиборда бўлиб, оддий бўлса-да халқаро ўйин ташкил этиб берганлари учун уларга раҳмат айтаман. Катта эҳтимол билан, бундай паллада эски раҳбарият ўртоқлик ўйини ҳақида эшитишни ҳам истамаган бўларди. Бироқ мен масаланинг бошқа жиҳатларини ҳам эсдан чиқаришни истамасдим.

Ҳамма нарса фақатгина менга қолиб кетса, Бердиевни овора қилиб ўтирмай, Жаъфар Ирисметовнинг ўзига ишни топшириб қўя қолардим. Ирисметов фикрлари равон, саводи ҳамкасбларидан анча яхши, ўз вақтида миллий терма жамоа учун кўп меҳнат қилган собиқ футболчи. Мураббийлик амалиётида эмаслиги бундай масштабдаги ўйинда мутлақо роль ўйнамасди, чамамда. Эвазига, Рўзиқул Бердиев “Насаф” билан тайёргарлигини давом эттиравериши мумкин бўларди.

Чунки Қарши клуби яхши рельсга тушиб олганди — Олий Лиганинг кетма-кет 10 та ўйинида ғалаба ва 9 та қуруқ серия. Навбатдаги турда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бораётган “Насаф” ва “Пахтакор” тўқнаш келишини инобатга олсак, Бердиев клубига ҳам жуда зарур бўлиб турганди. Мана шундай пайтда терманинг ишониб топширилиши унинг учун шарафмиди ёки ортиқча юк, мен ўзимдан келиб чиқиб бир нарса дейишга ҳақли эмасман, хулосани ўзингиз қилаверинг.

Бердиев “Насаф”дан 6 футболчини таркибга жалб қилди. “Пахтакор”да эса бу кўрсаткич икки баробар кам. Гап мутахассис ўз клубини кўпроқ ўйлагани ҳақида кетаётгани йўқ. “Насаф” айни пайтда чемпионатнинг энг ёрқин жамоаси эканидан келиб чиқсак, бу нормал ҳолат. Бироқ бошқа томони ҳам бор, “Пахтакор” устози Шота Арвеладзе Қаршидаги ўйинга асосий футболчилари билан тайёрланавериш имкониятига эга бўлди: 4 легионернинг барчаси сафда, Сергеевдан тортиб, Лобановгача Тошкентда қолди, яна нима керак?

“Насаф” тайёргарликни Амирликларда олиб борди деган фикрга қўшила олмайман. Ўзини ҳурмат қилган исталган мураббий принципиал учрашув арафасида 6 футболчисини бутунлай бошқа жамоа сафида шуғуллантиришга рози бўлмасди. Мазкур ўйин Бердиев ва “Насаф”га қандай таъсир ўтказишини яқин кунлар ичида билиб оламиз.

Энди эса бошқа жиҳатга қаранг. Бердиевда легионер футболчиларни таркибга жалб қилиш имконияти йўқ эди. Ҳаттоки, БАА ёки Қатар чемпионатида ўйнаётган футболчилар ҳам таклиф қилингани йўқ. Шу куни бир қатор йигитлар миллий термадаги дебютини ўтказди. Биргина позицион хатодан ўтказиб юборилган голни инобатга олмаса, ўйин жуда ёмон ўтгани йўқ. Кураш асосан майдон марказида бўлиб турди.

Келинг, энди фикрларни сарҳисоб қиламиз. ФИФА кунида ўйнаётганимиз яхши, термани ўйлаётганимиз яхши. Бироқ бу иш билан айни бир клуб ишларига бироз ҳалал бердик. Терма жамоада ўйнай олмаётганларга имкон берганимиз яхши, таркибни ёшартираётганимиз яхши. Бироқ мураббий топишда оқсаётганимиз ёмон. Чунки тезроқ 2018 йил учун режа тузиб чиқиш керак. Биз кўрмоқдамизки, мундиалга йўл олган термалар тинимсиз ўсиб ётибди. Улар Португалия, Венесуэла, Колумбия, Болгария, Бразилия, Сербия, Панама кабилар билан бемалол ўйин ташкил этяпти ва аниқ мақсад йўлида интиляпти. Бу нафақат ЖЧ—2018 учун, балки ярим йилдан кейин бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида ҳам ас қотиши мумкин. Биз эса бу борада кеч қолаяпмиз.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

1 Фикр "ДИЁР ИМОМХЎЖАЕВДАН: МТЖ ЎЙНАБ ОЛДИ, «НАСАФ» — «ПАХТАКОР» НИМА БЎЛАДИ?"

  1. Hamma saytlar Gazeta va TV Nasaf — Paxtakor haqida kup gapirdi Manimcha endi Hakamlar Paxtakor emas Nasafga Yordam berishsa kerak… Chunki ularga katta bosim buldi deb uyliyman.

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*