ТАҲЛИЛ: КИМ ЭЛИТАДА ҚОЛАДИ?

PFLa

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 30 октябрь, душанба кунги 2018 йилда Олий Лига клублари сонини 12 тага етказиш борасидаги қарори футбол жамоатчилигимиз қатори, айниқса Олий Лигада қолиш учун кураш олиб бораётган клубларимиз ҳайратига сабаб бўлди. Зеро, Олий Лига-2017 якунига 4 тур қолаётган бир пайтда чемпионатнинг бир йўла тенг ярми – 6 жамоа қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан ҳоли эмас.

2018 йилги мусобақада 2017 йилда 1–11-ўринларни эгаллаган 11 жамоа ва Биринчи Лига мусобақаларида ғолиби бўлган «Цементчи» клуби иштирок этиши эълон қилинди. Ҳозирга келиб ҳаттоки 9-ўриндаги жамоага ҳам мавсум якунида 12-ўринда қолиб кетиш хавфи мавжуд. Ушбу қарор борасида мухлис ва мутахассислар турли фикрлар билдираётган бир пайтда биз лигада қолиш учун кураш олиб бораётган жамоаларнинг имкониятларини чамалаб чиқдик.

  1. «ОЛМАЛИҚ» — 35 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Олмалиқ» — «Шўртан»

28-тур: «Пахтакор» — «Олмалиқ»

29-тур: «Олмалиқ» — «Навбаҳор»

30-тур: «Қўқон-1912» — «Олмалиқ»

Имконияти қандай?

Аслида 35 очкога эга «Олмалиқ» жамоасининг «кучли 11»талик ичида қолиши учун Виктор Кумиков жамоасининг «Шўртан» устидан ғалаба қозониши, умуман қолган 4 ўйиндан биттасида уч очкога эга бўлиши етарли. Шундай экан, амалда бу жамоанинг янги «хавфли зона»дан қочишига ишониш мумкин.

Лигада қолиш имконияти: 90 %

  1. «МЕТАЛЛУРГ» — 34 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Насаф» — «Металлург»

28-тур: «Металлург» — «Обод»

29-тур: «Қизилқум» — «Металлург»

30-тур: «Металлург» — «Нефтчи»

Имконияти қандай?

«Металлург» ушбу турда Қаршида «Насаф» билан баҳсда очкосиз қолган тақдирда ҳам «Обод» билан баҳсда ўз ҳисобига техник ғалабани ёзиб, очкосини 37 тага етказади. Сўнгги турда «Нефтчи» билан дуранг ҳам «Металлург»ни хавфдан халос этади.

Лигада қолиш имконияти: 90 %

  1. «ҚИЗИЛҚУМ» — 30 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Қизилқум» — «Динамо»

28-тур: «Машъал» — «Қизилқум»

29-тур: «Қизилқум» — «Металлург»

30-тур: «Шўртан» — «Қизилқум»

Имконияти қандай?

Молиявий жиҳатдан анча бақувват саналмиш Навоий вилоятининг бош жамоаси «Қизилқум» клуби Олий Лигада қолиш имконини берувчи ўринда турибди. Бироқ 11-поғона учун «Динамо» ҳам умид қилмоқда. Шундай экан, 27-турдаги «Қизилқум» — «Динамо» баҳси ушбу жамоалар учун «йил ўйини»га айланиши мумкин. Мезбонлар ғалабаси «Қизилқум»га асосий таъқибчиси «Динамо»дан 4 очкога «қочиш» имконини беради. Қолган турларда навоийликларни «Машъал», «Металлург» ва «Шўртан» билан ўйин кутиб турибди. Улар орасидан Муборак ва Ғузордаги учрашувлар осон бўлмайди.

Лигада қолиш имконияти: 55 %

  1. «ДИНАМО» — 29 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Қизилқум» — «Динамо»

28-тур: «Динамо» — «Нефтчи»

29-тур: «Динамо» — «Локомотив»

30-тур: «Машъал» — «Динамо»

Имконияти қандай?

Жорий мавсумда Олий Лигага қайтган «Динамо» жамоасининг яна қуйи лигага равона бўлиши самарқандлик мухлислар учун қаттиқ зарба бўлади. Шу боис, «Динамо» сўнгги тўрт учрашувда ҳам финалга тушгандек тўп суриши лозим. Айниқса, Навоийдаги ўйиннинг қадри финалга тенг. «Қизилқум» мағлуб этилса, «Динамо» асосий рақобатчисига айланган жамоадан 2 очкога ўзиши мумкин. Кейинги турларда эса, лига билан амалда хайрлашган «Нефтчи», амалда чемпионликни нақд қилган «Локомотив», лигада қолиши аниқ бўлган «Машъал» билан баҳсларда зарур очколарга эга бўлиши мумкин.

Лигада қолиш имконияти: 50 %

  1. «СЎҒДИЁНА» — 28 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Cўғдиёна» — «Пахтакор»

28-тур: «Навбаҳор» — «Сўғдиёна»

29-тур: «Сўғдиёна» — «Қўқон-1912»

30-тур: «Бухоро» — «Сўғдиёна»

Имконияти қандай?

«Сўғдиёна»нинг тақвимига ҳавас қилиб бўлмайди. Жиззахликлар ҳаммани «қақшатиб» келаётган «Пахтакор» билан ушбу турда рўбарў келишса, қолган учта баҳсда Наманган ва Бухорога сафар, «Қўқон-1912» билан эса Жиззахда ўйин кутиб турибди. Шундай экан, Жиззах клубида лигада қолиш имкони жуда паст.

Лигада қолиш имконияти: 15 %

  1. «ШЎРТАН» — 23 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Олмалиқ» — «Шўртан»

28-тур: «Шўртан» — «Насаф»

29-тур: «Обод» — «Шўртан»

30-тур: «Шўртан» — «Қизилқум»

Имконияти қандай?

Жорий мавсум айрим можароларга аралашиб қолган Ғузор клубининг йил якунида ФИФАнинг буйруғига кўра, лигадан четлатилиши борасидаги гаплар тарқалганди. Шусиз ҳам ЎФФнинг қарори жамоани янада оғир аҳволга қўйди. Ғузорликларни «Олмалиқ», «Насаф», «Қизилқум» билан ўйинлар кутиб турибдики, бу клубнинг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. «Обод» билан ўйиндаги уч очконинг эса бу сафар аҳамияти йўқ.

Лигада қолиш имконияти: 10 %

  1. «НЕФТЧИ» — 23 очко

Қолган ўйинлари:

27-тур: «Нефтчи» — «Локомотив»

28-тур: «Динамо» — «Нефтчи»

29-тур: «Нефтчи» — «Машъал»

30-тур: «Металлург» — «Нефтчи».

Имконияти қандай?

Йил давомида сўнгги ўринларда борган «Нефтчи» ўтиш ўйинида тўп суриб, лигада қолиши кутилганди. Аммо ЎФФ қарори ҳали ўз тарихида Олий Лигадан тушмаган «Нефтчи»дек шонли жамоани қуйи лигага тушиб кетишига сабаб бўлиш арафасида. Фарғона клуби чемпионлик учун курашаётган «Локомотив», лигада қолиш учун «жанг» қилаётган «Динамо» билан баҳсларда очко йўқотса, «Машъал», «Металлург» билан ўйиндаги натижаларининг аҳамияти йўқолади. Шундай экан, «Нефтчи» амалда «оқ байроқ»ни кўтарган илк жамоадек гавдаланмоқда.

Лигада қолиш имконияти: 5 %

ХУЛОСА

Албатта, футболда ҳамма нарса рўй бериши мумкин, шундай экан сўнгги тўрт турда барча жамоаларда лигада қолиш учун имконият сақланиб қолинмоқда. Хулоса ўрнида, ЎФФнинг ўз регламентини бузиш орқали 4 та клубни қуйи лигага «сургун» қилишини адолатли қарор деб бўлмайди. Ҳар ҳолда ушбу жамоалар ЎФФ регламентига мувофиқ чемпионатда иштирок этиш учун йил бошида 180 миллион сўм бадал пулини ПФЛга тўлаб, ўша регламентга амал қилиб 15 жамоа Олий Лигада қолишига ишонишган.

Энг ачинарлиси, мамлакатда футболни ривожлантиришга маъсул бўлган ЎФФнинг бу қарори, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Фарғона сингари катта вилоятларнинг катта футболсиз қолишига, бу ҳудудлар футболининг Андижон, Сурхандарё, Сирдарё, Хоразм ва Қорақалпоғистондагидек ҳолатга тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат Биринчи Лиганинг Олий Лигадан кўпроқ мухлис йиғишига сабаб бўлсада, мамлакатнинг деярли ярим аҳолиси катта футболдан бебаҳра қолишидан ўзбек футболи учун ижобий жиҳат топиш амри маҳол.

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар "ТАҲЛИЛ: КИМ ЭЛИТАДА ҚОЛАДИ?"

Фикр билдириш

Your email address will not be published.


*